Cавол: Жунуб бўлган аёл боласини қандай эмизади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жунуб, яъни ғусл вожиб бўлган аёл, шунингдек ҳайз кўраётган аёл боласини эмизиши жоиз. Бу борада бундай зикр қилинган: “Она жанобат ҳолатида ҳам боласини эмизиши жоиз бўлаверади. Чунки мусулмон одамга жанобат етса, у нопок бўлмайди. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мўмин нопок бўлмайди” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган)” (“Ал-Мавсуа ал-фиқҳийя” китоби).
Шунга кўра, баъзиларнинг “Жунуб аёл боласини эмизиб бўлмайди”, деган гаплари асоссиз ва шаръий далилга таянмаган ҳолда айтилган гап бўлиб, унга эътибор қилинмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Савол: Масжидимизда тут, олма каби мевали дарахтлар бор. Улар пишган пайтда, намозга келганлар улардан олиб ейишади. Шу иш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Масжид ҳовлисидаги мевали дарахтлар вақф қилувчи ёки дарахт эккан шахс томонидан одамларнинг умумий фойдаланиши учун экилган бўлса, одамлар бу дарахтларнинг мевасини ейишлари мумкин. Аммо агар бу дарахтлар масжид даромади учун экилган бўлса, яъни эккан одам “шу дарахтнинг мевалари мана шу масжид учун даромад бўлсин” деган мақсадда эккан бўлса, ёки нима ниятда эккани маълум бўлмаса, бу ҳолатда уларни сотиб, пулини масжид эҳтиёжларига сарфлаш зарур бўлади. Шунинг учун, бу турдаги дарахтларнинг меваларини пулини тўламай ейиш жоиз бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.