Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июн, 2025   |   17 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
13 Июн, 2025, 17 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Сиз – нусрат берилган, ҳақни топган, фатҳ берилган умматсиз

12.11.2024   4460   4 min.
Сиз – нусрат берилган, ҳақни топган, фатҳ берилган умматсиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ ثَوْبَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي عَلَى الْحَقِّ، ظَاهِرِينَ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ يَخْذُلُهُمْ، حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَمُسْلِمٌ.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимдан бир тоифа ҳақда устун бўлган ҳолларида бардавом бўладилар. Уларни хорламоқчи бўлганлар Аллоҳнинг амри келгунча уларга зарар етказа олмаслар», дедилар». Термизий, Абу Довуд ва Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: Дунё қанча ўзгарса ҳам, одамлар қанча бузилса ҳам, барибир мусулмон умматидан бир тоифа Қиёмат қойим бўлгунича ҳақда собит туради. Уларга бошқаларнинг душманлик қилиши, уларни хорлаши ёки бошқа чора-тадбирлари зарар етказа олмайди. Ўшалардан бири Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.

زَادَ مُسْلِمٌ: «فَيَنْزِلُ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَيَقُولُ أَمِيرُهُمْ: تَعَالَ صَلِّ لَنَا، فَيَقُولُ: لَا، إِنَّ بَعْضَكُمْ عَلَى بَعْضٍ أُمَرَاءُ، تَكْرِمَةَ اللهِ هَذِهِ الْأُمَّةَ».

Имом Муслим:

«Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи васаллам тушганида уларнинг амири: «Келинг, бизга намоз ўқиб беринг», дейди. Шунда у зот: «Йўқ. Сизлар бир-бирингизга амирсизлар. Бу – Аллоҳнинг ушбу умматга қилган икромидир», дейди», деб зиёда қилган.

Шарҳ: Мусулмонларнинг ўша пайтдаги амири Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар. Охирзамонда Ийсо алайҳиссалом тушсалар ҳам, ўзларига топширилган ишларни қилсалар ҳам, мусулмонларга намоз ўқиб бериш учун имом бўлмас эканлар, чунки ўша вақтда ҳам мусулмонларнинг орасидан бу ишга салоҳиятлилар бўлар экан.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّكُمْ مَنْصُورُونَ وَمُصِيبُونَ، وَمَفْتُوحٌ لَكُمْ، فَمَنْ أَدْرَكَ ذَلِكَ مِنْكُمْ فَلْيَتَّقِ اللهَ وَلْيَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَلْيَنْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ».

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизлар – нусрат берилган, ҳақни топган, фатҳ берилган умматсиз. Сизлардан ким ўша кунга етишса, амри маъруф, наҳйи мункар қилсин. Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги жойига тайёрланаверсин».

Шарҳ: Мусулмон уммати ичида ҳақда бардавом бўлган тоифага Аллоҳ таоло доимий равишда нусрат беради, уларнинг ишлари тўғри бўлади, ҳидоятдаги имомлар билан бирга бўлганлари учун Аллоҳ таоло уларга фатҳу нусрат ҳам беради. Охирзамонда ўша ҳолга етишган банда амри маъруф ва наҳйи мункар билан машғул бўлиши керак, аммо зинҳор-базинҳор Пайғамбар алайҳиссаломнинг номларидан ёлғон тўқиб гапирмаслиги керак.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا كَانَ أُمَرَاؤُكُمْ خِيَارَكُمْ وَأَغْنِيَاؤُكُمْ سُمَحَاءَكُمْ، وَأُمُورُكُمْ شُورَى بَيْنَكُمْ، فَظَهْرُ الْأَرْضِ خَيْرٌ لَكُمْ مِنْ بَطْنِهَا، وَإِذَا كَانَ أُمَرَاؤُكُمْ شِرَارَكُمْ، وَأَغْنِيَاؤُكُمْ بُخَلَاءَكُمْ، وَأُمُورُكُمْ إِلَى نِسَائِكُمْ، فَبَطْنُ الْأَرْضِ خَيْرٌ لَكُمْ مِنْ ظَهْرِهَا». رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Яхшиларингиз амир бўлса, бойларингиз сахий бўлса, ишларингиз ўзаро машварат бўлса, сизлар учун ернинг усти унинг остидан яхшидир. Ёмонларингиз амир бўлса, бойларингиз бахил бўлса, ишларингиз хотинларингиз қўлига ўтса, сизлар учун ернинг ости унинг устидан яхшидир».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бундан мусулмон умматида яхши сифатларга эга бўлган кишиларнинг ишбоши бўлишига, бойларнинг сахий бўлишига, ишни машварат асосида олиб боришга аҳамият бериш зарурлиги келиб чиқади.

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ҳажингиз мабрур бўлсин!

13.07.2022   6948   2 min.
Ҳажингиз мабрур бўлсин!

Аллоҳ таоло ҳар бир амални ихлосу муҳаббат билан ўЗининг қоидасига мувофиқ бажарган бандаларига улкан мукофотларни ато қилади. Ҳаж амалларини гўзал ҳолатда адо қилган кишилар учун дунёда гуноҳлари кечирилиши, охиратда эса жаннат мукофот қилиб берилади.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умрадан умрагача бўлган (сағира) гуноҳлар кечирилади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

“Мабрур” сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган маъноларини англатади. Уламолар ҳадисни шарҳлар эканлар, ҳажнинг мабрур бўлиши учун қуйидаги сифатлар топилиши лозим деганлар. Ихлос: зуҳди зиёда бўлиши; охиратга рағбат қилиш; барча ҳукмларини тўлиқ бажариш; сафарда фисқ ва маъсиятлардан, фаҳш сўзлардан тийилиш; риё, сумъа ва ужбдан сақланиш.

Аллоҳ таоло ҳожиларга берган энг катта имкониятлардан яна бири гуноҳларни мағфират қилишидир. Нафақат ҳожининг, балки ҳожи гуноҳларини мағфират қилишни сўраган инсонларнинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиради. Шунинг учун зиёратга кирган кишилар ҳожидан ҳақларига дуо қилишни сўрайдилар.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, худди онаси туққан кундагидек ортга қайтади”, деяётганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояи).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар».

Бу ерда кичик гуноҳлар назарда туттилган. Чунки катта гуноҳларнинг кечирилиши учун тавба шарт. Сўзимизни қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қувватлайди.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз (ўртасида), жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар кабирасидан четланилса, кечирилади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло юртимиз ҳожиларининг қилган ибодатлари, дуо ва зикрларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин! Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.

 

Мақолалар