Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Учинчи дуо:
«Менга катта зарар етди, раҳмлиларнинг раҳмлиси Ўзингсан!»
Айюб алайҳиссалом аҳли оиласидан, мол-дунёсидан айрилиб, оғир бемор бўлиб қолганларида шундай деб дуо қилдилар. Аллоҳ у зотдан мусибатни кетказиб, дардларига шифо берди, яна фарзандлар ато этди.
Аллоҳ таоло айтади:
«Ўшанда Айюб Роббига: «Менга катта зарар етди, раҳмлиларнинг раҳмлиси Ўзингсан!» деб нидо қилди. Биз бу дуони ижобат қилиб, унга етган зарарни кетказдик. Биз Ўз ҳузуримиздан раҳмат, обидларга эслатма ўлароқ унга аҳли оиласини қайтариб, яна шунча ато этдик» (Анбиё сураси, 83-84-оятлар).
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
#Хатмона_2025 #Битирувчилар
Шу йил 11 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2021-2025 ўқув йилида таълим олган талабаларининг “Хатмона – 2025” битирув тадбири бўлиб ўтди.
Давлат мадҳияси янграгач, битирувчи курс талабаси Саидбурхон қори Фазлиддиновнинг Қуръон тиловати ва хайрли дуолари билан тадбир бошланди.
Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб битирувчиларни табриклади. Сўнг Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг битирувчиларга йўллаган табрикларини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов битирувчиларни табриклаб сўзга чиқди.
Шунингдек, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуровнинг битирувчиларга табрик сўзлари ҳам етказилди.
Маълумот ўрнида, Тошкент ислом институтини 2024-2025 ўқув йилида 78 нафар талаба тамомламоқда. Шундан 8 нафари аёл-қизлар саналади.
Oliymahad.uz