Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир йигит айтади: "Кечки вақт отам ишдан келгач, онам дастурхонга таом тортти. Дастурхонга қўйилган нон бир оз куйган эди... Отам таомни ер экан, ноннинг куйганига парво қилмас, аксинча онамга табассум билан боқар эди. Кейин мендан институтимда нималар бўлгани ҳақида сўради. Мен отамга қандай жавоб қайтарганимни эслай олмайман, аммо отамнинг куйган нонни овқатга ботириб ҳузур билан еяётганини эслайман. Овқатланиб бўлгач мен дарсларимни тайёрлаш учун турганимда, онам отамдан нонни куйдириб қўйгани учун узр сўради.
Отам эса онамни юпатиб: "Азизам, ҳечам ҳижолат бўлма, баъзида мени куйган нон егим келиб қолади, бугун шундай бўлди", деди. Ётоғимга киришдан олдин отамга "хайрли тун" тилар эканман, ундан ростдан ҳам куйган нон ейишни ёқтирасизми, деб сўрадим. Отам менга табассум ила шундай жавоб берди: "Ўғлим, онанг бугун қаттиқ чарчаган ва уй юмушларидан толиққан. Билиб қўй, озгина куйган нон еган билан ҳеч нима бўлмайди. Ҳаммамизда ҳам камчилик бор, бу дунёда ҳеч бир одам мукаммал эмас. Биз баъзи нарсаларда камчиликларни қабул қилишни, бошқаларнинг нуқсонларини тан олишни ўрганишимиз керак. Бу муносабатларни мустаҳкам ва узоқ давом этишига олиб борадиган энг муҳим омиллардан биридир.
Бир оз куйган нон туфайли қалбни синдирмаслик керак. Одамлар бир-бирларини кечиришга ва бир-бирларининг камчиликларини кўрмаганга олишга, бундай май-чуйда нарсаларга эътибор бермасликка ўрганишлари лозим. Давомий танқид ҳар қандай яхши нарсани ҳам ёмонга айлантиради! Агар дарахт доимо шамолнинг босимида қолса, у баргларини ҳам, меваларини ҳам тўкиб юборади. Худди шу каби, одам ҳам доимий танқид остида қолса салбий хусусиятга эга бўлиб қолади. Шундай экан, сизлар ҳам бир-бирингизнинг яхши сифатларингизни айтиб мақтанг ва хатоларни кечиринг. Чунки гўзал сўзлар гўё калитдек бўлади, улар оғизларни ёпади ва қалбларни очади".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.
Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.
Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.
Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.
«Миллионер саҳобалар» китобидан