Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафар қилинглар, саломат бўласиз», деб марҳамат қилганлар. Аждодларимиз ҳам азалдан сафар қилишга тарғиб этиш билан бир қаторда, қадимдан сафар одобларига катта эътибор берилган. Уламолар сафарнинг турларини, фойда-зарарини, сафарда нима муҳиму, нима мумкин эмаслигини батафсил баён қилиб беришган.
Луғавий ва истилоҳий маъноси
«Сафар» сўзи луғатда зоҳир бўлиш, кўзга кўриниш деган маънони англатади, чунки сафарда инсондаги мавжуд ахлоқ юзага чиқади.
Шаръий истилоҳда эса сафар деб, пиёда ёки туяда уч кеча-кундузлик масофани қасд қилиб йўлга чиқишга айтилади. Ўртача юришда уч кеча-кундузлик масофани босиб ўтишни ният қилиб, ўзи истиқомат қилаётган шаҳар-қишлоқ уйларини ортида қолдириб йўлга чиққан киши мусофир дейилади.
Сафарнинг жоизлиги
Сафарнинг жоизлигига Аллоҳ таолонинг каломида ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида далиллар бисёр.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: «Ер юзида кезиб юрганингизда намозни қаср қилишингизда сизларга гуноҳ йўқ...» (Нисо сураси, 101-оят).
Бу мавзуга оид ҳадиси шарифлар ҳам жуда кўп бўлиб, қуйида сафарда намозни қаср қилиш, сафар одоблари, сафарда ўқиладиган дуолар ва шу каби масалалар билан бу борада келган ривоятлар орқали танишиб чиқамиз.
Сафарнинг фойдалари
Сафарнинг бир қанча фойдалари бор:
1. Илм олиш;
2. Одоб-ахлоқ ўрганиш;
3. Улуғ инсонлар билан суҳбатлашиш;
4. Олий мақсадларга эришиш;
5. Ризқ топиш;
6. Тан сиҳатлик;
7. Мусофирнинг дуоси қабул бўлиши.
Сафарнинг ҳукмлари
1. Вожиб сафар. Масалан, барча шартлари бажарилиб, ҳаж фарз бўлган кишига ҳажни ният қилиб сафарга чиқиш вожибдир.
2. Мустаҳаб сафар. Масалан, умра амалини бажариш мақсадида сафар қилиш мустаҳабдир.
3. Ҳаром сафар. Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром қилган ҳар қандай ишни қилиш мақсадида сафар қилиш ҳаромдир.
4. Мубоҳ сафар. Масалан, ҳалол нарсаларнинг тижорати учун сафар қилиш мубоҳдир.
5. Макруҳ сафар. Кишининг ёлғиз ўзи, ҳамроҳсиз сафар қилиши макруҳдир, лекин ҳамроҳ билан сафар қилишга имкон бўлмаса зарари йўқ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ёлғизликда нималар борлигини мен билганчалик билганларида, бирорта отлиқ кечаси ёлғиз юрмас эди», деганлар» (Имом Бухорий ривояти).
Сафарнинг турлари
1. Ибрат сафари. Аллоҳ таолонинг чексиз қудратини ва биздан олдин яшаб ўтиб, Аллоҳнинг раҳматига эришган ёки Аллоҳнинг қаҳрига дучор бўлиб, қирилиб кетган қавмларни, тарихий жойларни кўриб, ибрат ҳосил қилиш учун қилинган сафар – ибрат учун қилинган сафардир. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида бундай сафарга тарғиб этиб, шундай марҳамат қилади:
«Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига қарамайдиларми?! Уларнинг қуввати булардан кўпроқ эди, булар ерга ишлов бериб, уни обод қилгандан кўра кўпроқ обод қилган эдилар. Сўнг уларга пайғамбарлари очиқ-ойдин оятлар билан келдилар. Аллоҳ уларга зулм қилмас эди, лекин улар ўзларига зулм қилардилар» (Рум сураси, 9-оят).
Искандар Зулқарнайннинг дунё бўйлаб қилган сафари шулар жумласидандир.
2. Ҳаж сафари. Қудрати етган киши учун бир неча шартларни ўз ичига олган, инсон умрида бир маротаба қилиши фарз бўлган ушбу сафарнинг ҳукмлари фиқҳий китобларда батафсил баён этилган.
3. Ватан ҳимояси учун сафар. Ҳолат ва замон тақозоси билан бундай сафар гоҳида фарз, гоҳида вожиб, гоҳида мустаҳаб бўлади. Бу ҳақда ҳам фиқҳ китобларида зикр этилган.
4. Ризқ талабидаги сафар.
5. Тижорат сафари. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тижорат сафари ҳақида шундай марҳамат қилади:
«Роббингиздан фазл исташингизда сизларга гуноҳ йўқ. Арафотдан қайтиб тушгач, Машъарул-ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг. Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун У Зотни зикр қилинг» (Бақара сураси, 198-оят).
6. Илм талабидаги сафар. Дунё ва охиратда нажот топиш учун маълум бир илмни ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарзи айндир, яъни бу ҳар бир кишининг зиммасига фарз бўлиб, бошқалар бажариши билан ундан соқит бўлмайдиган амалдир. Баъзи илмларни ўрганиш эса фарзи кифоядир, яъни маълум бир қавмдан бир киши адо қилса, қолганлардан соқит бўладиган амалдир.
Биринчи турдаги илмни ўрганиш учун сафар қилиш фарзи айндир.
Иккинчи турдаги илмни ўрганиш учун сафар қилиш фарзи кифоядир. Бу нарса фақат диний илмлар эмас, дунёвий илмларга ҳам тааллуқлидир. Масалан, соғлиқни сақлаш ҳар бир кишига фарздир. Бир жамият учун тиббиёт илмини ўрганиш фарзи кифоядир, аммо жамият эҳтиёжига етарли даражадаги кишилар бу илмни эгалласа, бошқалардан бу фарз соқит бўлади.
7. Қабр зиёрати учун сафар қилиш. Баъзи инсонларни тириклигида зиёрат қилиш баракотга сабаб бўлганидек, вафотларидан кейин уларнинг қабрларини зиёрат қилиш ҳам улкан баракотларга сабаб бўлади.
Сулаймон ибн Бурайда розияллоҳу анҳумо отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларни қабр зиёратидан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилаверинглар, лекин ёмон сўз айтманглар», деганлар» (Аҳмад ривояти).
Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳадис умуман ҳар қандай қабрни назарда тутган бўлиб, яқиндаги ва узоқ масофадаги қабрларни ўз ичига олади».
8. Таъзия билдириш мақсадидаги сафар. Ҳадисларда мусибатга учраган кишининг ғамига шерик бўлиш, унга тасалли бериб, сабрга ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савоб ва ажрдан умидворликка чақириш учун сафарга чиқиш тарғиб қилинган.
Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳум отасидан, у бобосидан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир мўмин банда мусибат етган биродарига таъзия изҳор этса, Қиёмат куни Аллоҳ таоло унга каромат либосини кийдиради», деганлар» (Ибн Можа ривояти).
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусибат етган инсонга таъзия изҳор қилган кишига унинг (мусибат етган кишининг) ажри мислича савоб берилади», деганлар» (Термизий ривояти).
9. Яқин дўст ва ёр-биродарларни зиёрат қилиш ниятида сафар. Бу ҳақда қуйидагича ривоятлар келган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир киши ўз қишлоғидан бошқа қишлоқдаги биродарининг зиёрати учун йўлга чиқди. Аллоҳ таоло унинг йўлига бир фариштани қўйди. Фаришта унинг (келишини пойлаб) йўлида ўтирди. Келгач, «Қаерга кетаяпсан?» деди. У киши: «Аллоҳ йўлида мана бу қишлоқдаги биродаримни зиёрат қилмоқчиман», деди. Фаришта: «Унга берадиган қарзинг борми?» деди. Банда: «Йўқ, мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўраман холос», деди. Фаришта: «Мен Аллоҳнинг сенга юборган элчисиман, сен уни яхши кўрганинг каби. Аллоҳ ҳам сени яхши кўради. У Зот мени сенга мана шуни билдириш учун юборди», деди» (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким беморни ёки Аллоҳ йўлида дўстлашган дўстини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: «Яхши бўлдинг, қадаминг қутлуғ бўлди, жаннатдан ўзингга жой ҳозирладинг», дейди», деб марҳамат қилганлар» (Имом Термизий ривояти).
Абдуманнон Абдуллоҳ
«Ҳилол» журнали 5(61) сон
Аллоҳ таолонинг инсон зотига кўрсатган чексиз марҳаматларидан бири шубҳасиз сув неъматидир. Заминдаги бирор тирик жон сувдан беҳожат бўлолмайди. Ушбу ҳаётдаги барча нарса сув билан тирикдир. Лекин Яратувчи бу улуғ неъматини махсус бир сув билан хослади. Унга фазл ва баракот ато этди. Мусулмонлар курраи заминнинг турли нуқталаридан ушбу хос неъматдан баҳраманд бўлиш учун келадилар. У ҳам бўлса замзам сувидир. Хўш, замзам суви ўзи нима ва унинг қандай мўъжизакор хусусиятлари бор?
Замзам суви
Замзам суви бу - замзам қудуғидан чиқадиган сувдир. Бу қудуқ Маккаи мукаррамадаги Ҳарам ҳудудида жойлашган. Бу сув барча мусулмонлар наздида муқаддас сув ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло уни ўзига хос мў'жизавий хусусиятлар билан бошқа сувлардан афзал қилган. Дини Ислом таълимотларига кўра, замзам булоғини Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссалом ва унинг онаси учун чиқариб берган.
Замзам қудуғи Маккий Ҳарам ҳудуди ўз ичига олган муҳим тарихий унсурлардан бири ҳисобланади. У ер сатҳидаги энг машҳур булоқ бўлиб, мусулмонлар қалбида ўзига хос руҳий ўрни бор. Айниқса, ҳожилар ва умра зиёратчилари учун бу сувнинг аҳамияти катта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ер юзидаги энг яхши сув замзам сувидир. У тўйимли таом ва касалликдан шифодир" (Табароний ривояти, ал-Мўъжам ал-Кабир, саҳиҳ ҳадис).
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса бундай марҳамат қилинади: "Замзам суви нима ниятда ичилган бўлса, ўша ниятнинг рўёбга чиқишига сабаб бўлади" (Имом Аҳмад, ибн Можа ва бошқалар ривояти).
Замзам сувининг номлари
Замзам сувининг кўп номлари бўлиб, қуйида уларнинг баъзиларини зикр қиламиз:
1. "Замзам" ва "Зумазим". Бу сўз "замма-язимму-зумуман" феълидан олинган бўлиб, бирор идишга сув лим-лим тўлиб ёнларидан оқиб тушганда ишлатилади. Замзам булоғининг суви кўп ва баракали бўлганлиги учун шундай номланган. Бошқа бир ривоятда келишича, замзам булоғи отилиб чиққан пайтда Ҳожар онамиз унга қараб "зам-зам!" яъни "кўпай ва зиёда бўл!", деган эканлар. Яна бир қавлга кўра эса замзамнинг бундай номланиши Жаброил алайиссаломнинг замзамасидан яъни, фариштанинг мазкур булоқ устида чиқарган товуши ва каломи туфайлидир. Бошқа бир фикрга кўра, мазкур булоқ илк маротаба отилиб чиққан вақтда ўзидан махсус товуш чиқариб шарқираб турган, шу сабабли замзам деб номланган. Зеро, замзама сўзи шовқин бермоқ, муттасил товуш чиқармоқ маъносини англатади. Замзама сўзининг яна бир маъноси бирор нарсанинг ёйилиб кетган четларини тўплаш, тарқалиб кетмаслиги учун жамлаш маъносини англатади.
2. "Барака" ва "Муборака". Барака сўзи ўсиш, зиёда бўлиш, кўп яхшилик ва саодат маъноларини англатади. Зеро, уларнинг бари замзамда мавжуддир.
3. "Барра". Бу сўз яхшилик, эзгулик ва вафо маъноларини англатувчи "биррун" сўзидан олинган. Чунки Аллоҳ таоло бу сув билан Исмоил алайҳиссаломга яхшилик қилган. Яна бир қавлда эса айтиладики, чунки у аброрлар, яъни яхшилар учун оқиб чиққан, фожирлардан эса тийилган.
4. "Бушро". Бушро сўзи луғатда яхшилик ва хурсандчилик хабари, мужда маъносини англатади. Замзамнинг бундай ном билан аталишига сабаб ўзи ва ўғлининг ҳаётини сақлаб қолиш учун жон ҳолатда сув қидираётган пайтда Ҳожар онамиз учун хушхабар бўлганлигидандир. Зеро, Ҳожар онамиз Сафо ва Марво орасида сув излаб умидлари узилай деган пайтда Аллоҳ таоло томонидан инъом қилинган замзамни кўриб қолгач, бениҳоя хурсанд бўлиб кетадилар ва "менга хушхабар бўлсин, ахир бу сув-ку!", деб юборадилар.
5. "Мактума" (яширилган). Журҳум қабиласидан сўнг замзам булоғи ерга кўмилиб, беркилиб кетганлиги учун шундай аталган эди. Сўнгра Абдул Муттолиб уни қайта очган.
6. "Ҳарамийя". Замзам қудуғи Аллоҳ таолонинг Ҳарами ичкарисида бўлганлиги туфайли унга "Ҳарамийя", яъни Ҳарам булоғи деган ном берилди.
7. "Ракзату Жибрийл" (Жаброилнинг қанот қоқиши), "ҳазмату Жибрийл" (Жаброил пайдо қилган қуйилик, чуқирча), "ватъату Жибрийл" (Жаброилнинг оёқ босиши). Замзам сувининг бундай номлар билан номланишига сабаб унинг Жаброил фаришта ўз қаноти билан ерга уриши ёхуд оёғи билан ерга тепиши натижасида пайдо бўлиб, ердан отилиб чиққанлигидир.
8. "Солима" (соғлом ва саломатли сув). Замзамнинг бу исм билан номланишига сабаб унда саломатлик ва офият борлигидандир.
9. "Сиқоятул ҳож" (Ҳожиларга сув бериш). Замзам суви ҳожиларни сув билан таъминлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожиларни замзам суви билан таъминлаш ишини Аббос розияллоҳу анҳу ва оиласига топширдилар.
10. "Саййида". Чунки замзам суви бошқа барча сувларнинг саййиди, энг афзали, энг шарафлиси ва энг қадри баланди ҳисобланади.
11. "Шаббўатул 'иёл" (камбағалларни тўйдирувчи) шунингдек, "шабъа" (тўқлик, тўйимлилик). Жоҳилият даврида замзам булоғи шу ном билан ҳам номланарди. Сабаби, у чанқаганни чанқоғини қондирарди, камбағалларнинг қорнини тўйдирарди.
12. "Шаробул аброр" (яхшиларнинг шароби). Сабаби ҳамма яхшилар ва солиҳ кишилар замзам сувидан ичишга ҳарис бўладилар.
13. "Шифау суқмин" (касалликлар шифоси). Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар: "Замзам ер юзидаги энг яхши сувдир. Унда очиққанлар учун таом, касалликлар учун шифо бордир" (Табароний {11167, 11/98}, Ҳайсамий {3/286}, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деганлар). Унда Аллоҳ таолонинг изни билан барча касалликларга даво бордир. Ким шифо ниятида ичса, Аллоҳнинг иродаси билан, албатта, тузалиб кетади.
14. "София" (соф). Замзам барча зарарли нарсалардан пок ва соф бўлган сувдир.
15. "Тоҳира" (пок). Замзам барча айбу нуқсонлардан пок, ичувчи киши учун фойдали сувдир. Бундан ташқари, замзам ҳурмати баландлиги учун ифлос нарсаларга истеъмол қилинмайди.
16. "Тоййиба" (хуш, ширин, мазали). Замзам сувининг бу ном билан номланиши сабаб, ичган киши лаззатланади, уни ҳамма яхши кўради.
17. "Зоҳира" (зоҳир, очиқ-ойдин). Замзам сувининг манфаати доим зоҳир бўлиб, кўриниб туради.
18. "Офият". Замзам суви уни ичган инсон учун офият ва шифодир. Аллоҳ таоло мутахассис табиблар ҳам даволай олмаган қанча-қанча касалликлардан замзам туфайли шифо берган.
19. "Ғиёс" (ёрдам, қутулиш). Чунки у Ҳожар онамиз ва у кишининг фарзанди Исмоил алайҳиссалом учун ёрдам, қаттиқ қийинчиликдан сўнг қутулиш манбаи эди.
20. "Кофия" (кифоя қилувчи). Замзам суви уни ичаётган кишининг барча ҳожатларига кифоя қилувчидир.
21. "Ла тунзофу вала тузамму" (йўқ бўлмайди ва камаймайди). Замзам сувидан қанча кўп ичилмасин камаймайди ҳам, тугаб ҳам қолмайди.
22. "Маъсарату Аббос" (Аббоснинг улуғ мероси). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожиларга замзам сувини ичиришдек шарафли вазифани Аббос розияллоҳу анҳу ва унинг оиласи учун ажратиб берадилар. Бу эса Аббос розияллоҳу анҳу ва унинг оиласи учун улуғликда тенгсиз бўлган мерос эди.
23. "Муъниса" (дўст, дилдош). Замзам сувидан ичган мўмин унга ўрганиб, ўзида унга нисбатан доимий майл ҳис қилади ва уни яхши кўриб қолади. Мудом замзам сувидан ичгиси келаверади.
24. "Маймуна" (баракали). Замзам суви ҳар тамонлама баракалидир.
25. "Нофиъа" (фойдали). Замзам суви санаб тугатиб бўлмайдиган манфаатларга эга эканлиги туфайли шундай номланган.
Замзам сувининг фойдалари
Замзам суви ўзининг маънавий фойдаларидан ташқари саломатлик учун кўплаб фойдали хусусиятларга эгадир. Уларнинг баъзиларини қуйида зикр қиламиз:
1. Эрта қаришнинг олдини олади.
2. Жисмнинг ҳимоя тизимини (иммунитет) кучайтиради.
3. Овқат ҳазм қилишга ёрдам беради.
4. Саратонга қарши самарали воситалардан бири ҳисобланади.
5. Жисм учун фойдали бўлган озуқа моддаларини қонга сўрилиш жараёнини кучайтиради.
6. Жисмга куч-қувват бахш этади. Айниқса, ҳожилар ҳаж мавсимида бундай куч-қувват ва энергия манбаига муҳтож бўладилар.
7. Кўплаб касалликлардан тузалишга ёрдам беради. Жумладан, кўриш қобилиятининг пасайиши, қизамиқ, юрак-қон томир касалликлари, қон босими, қон айланиши касалликлари ва бошқа бир қатор хасталиклардан тузалишда самарали ёрдам беради.
8. Шунингдек, замзам суви қандли диабет касалига чалинганлар, буйрак хасталари учун ҳам шифодир. Шу билан бирга суяк ва бўғин касалликлари, ошқозон-ичак касалликлари, ҳазмдаги муаммолар, йўғон ичак муаммолари, қабзият ва яна бир қанча касалликларни даволашда самарали восита ҳисобланади.
Замзам сувини бошқа сувларга аралаштириш ҳақида
Агар замзам сувидан бошқа оддий сувларга аралаштирилса мазкур оддий сув унга қўшилган аралашма миқдорича баракот ва фазилат касб этади. Қанча кўп аралаштирилса, шунчалик баракоти ортади. Камроқ аралаштирилган бўлса ҳам мазкур сув замзам қўшилмаган сувдан афзалроқ ва баракотлироқ бўлади. Зеро, замзам аралаштирилган сувдан ичган кимса замзам сувининг маълум миқдорини ичган ҳисобланади. Шу туфайли, унинг файзидан бонасиб бўлади.
Имом Косоний (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: "Агар бир кимса замзам сувидан иборат бўлган бирор сувни ичмайман деб қасам ичган бўлса ва ўша (замзамдан иборат бўлган) сувга бошқа сувлардан жуда кўп миқдорда қуйилиб, натижада замзам суви ўзига қуйилган кўп миқдордаги сувга аралашиб, бошқа сув унинг устидан ғолиб келса ва шундан сўнг, мазкур сувдан ичса, қасамини бузган ҳисобланади" ("Бадоиъу-с-санои'": 3/63;).
Юқоридаги матнда айтилмоқчи бўлаётган нарса шуки, замзам сувини ичмайман деб қасам ичган киши ўзига жуда кўп оддий сув аралаштирилиши натижасида оддий сувга аралашиб кетган замзам сувидан ичса, қасамига риоя қилмаган ва замзамдан ичиб қўйган ҳисобланар экан. Бу эса оддий сувга аралаштирилган замзам буткул йўқолиб кетмаслигини англатади. Балки, у аралашган сувига баракот киргазади.
Шу маънода, замзам аралаштирилган сувга "замзам" дейилса ҳам у ҳукман замзам мақомида бўлади. Унда замзамнинг баракоти ва фазилати мавжуд бўлади. Оддий сувлардан ортиқ бўлади. Унга ҳар қанча кўп сув қуйилса ҳам барибир, ичида замзам мавжуд бўлади. Аммо фазилатда мусаффо замзамчалик бўлмайди.
Саҳобаи киромлар нафақат замзам, балки Набий алайҳиссалом таҳорат қилган сувлардан ҳам табаррукланганлар. Узоқдан келган кишилар уйларига қайтишда У зотнинг (алайҳиссалом) таҳоратдан қолган сувларини ўзлари билан олиб кетиб, уни кўп миқдордаги сувларга қўшиб кўпайтирганликлари ривоят қилинади.
Бу ҳам бўлса, табаррук нарса бошқа оддий (тоҳир ва пок) нарсага аралаштирилганда, аралаштирилган оддий нарса ҳам баракот ва фазилат касб этишига далолат қилади.
Ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом Макканинг ҳокимига одам юбориб, ундан Мадинага замзам сувидан жўнатишни талаб қилар эканлар. Бундан мақсад, Мадиналиклар ҳам замзамдан юқорида айтилганидек, оддий сувларга аралаштириб, кўпайтириш орқали баҳраманд бўлишлари учун экан.
Абдуллоҳ Камолов