Савол: Айримлар намозга қулоқ қоққандан кейин қўлларини боғласа, яна кимлардир қўлларини пастга тушириб кейин боғлайди. Қай бири тўғри?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намозхон такбир айтиб қулоқ қоққандан кейин қўлларини пастга туширмайди, балки такбирни айтгандан кейин дарҳол боғлайди. Фуқаҳоларимизнинг жавоблари мана шундай бўлган. “Камолуд дироя” китобида бундай дейилган:
وفي ((الظّهيريّة)): ولا يرسل يديه بعد الفراغ من التَّحريمة، بل يضع كما فرغ منها عند أبي حنيفة وأبي يوسف رحمهما الله
“Заҳирия”да такбири таҳримадан кейин қўлларини туширмайди, балки такбирдан бўшаши биланоқ қўлларини боғлайди. Бу имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳлар наздидадир”.
إذا كبر للافتتاح لا يُفَرِّجُ أصابعه كل التفريج بخلاف حالة الركوع، ولا يُرسل يديه بعد التكبير، بل يأخذهما ويضع يمينه على شماله تحت السُّرَّة
“Намозга кириш учун такбир айтганда бармоқларини рукудаги каби бутунлай очмайди. Такбирдан кейин қўлларини пастга туширмайди, балки ўнг қўлини чап қўли устига, киндик остига қўяди” (“Фатовои Сирожия” китоби).
Шуни билиш керакки, бу қайси ҳолат афзаллигини ўргатувчи масаладир. Кимдир қўлларини тушириб, кейин боғлаган бўлса, намози бузилган дейилмайди, балки афзал ишни тарк қилган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД