Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июн, 2025   |   17 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
13 Июн, 2025, 17 Зулҳижжа, 1446

Зинонинг 3 зарари

13.11.2024   4615   4 min.
Зинонинг 3 зарари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай огоҳ этади:

وَلَا تَقْرَبُوا الزِنَحَ إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلًا 

«Зинога асло яқинлашманг. Шубҳасиз, у фаҳш ва энг ёмон йўлдир» (Исро сураси, 32-оят).

Зинода учта – шаръий, ижтимоий ва ақлий қабоҳат жам бўлган. Шунинг учун ҳам унга яқин бориш, унинг сабабларини юзага келтириш қаттиқ ман қилиняпти.

Ҳақиқат шуки, жамиятнинг фасоди ва издан чиқишида зинонинг таъсири жуда катта. Бузуқлик яхши ахлоқ ва маданиятнинг асосига ниш уради. Иффат ва покизалик маҳкам турган вақтдагина жамият мустаҳкам бўлади.

Солиҳ жамиятнинг асоси солиҳ хонадондир. Солиҳ хонадон яхши фитрий ҳислар билан бирга, тоза қон, тоза насаб ва пок қариндошлик асосига қоим бўлади. Агар ундай бўлмаса, хонадон эмас, балки фитрий, маънавий ҳислардан буткул маҳрум ҳайвонларнинг галасига айланади. Қуръони Карим зинонинг зарарлари катталиги туфайли унга кўп аҳамият берган ва шундай лафзлар ила ман қилганки, у лафзлар бузуқликнинг барча йўллари ва сабабларига тўсиқ бўлади.

Аллома Ибн Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: «Зино фасодлар ва жиноятларнинг энг бошида туради. У туфайли оммавий интизом барбод бўлади».

Зино сабабидан насаб, иффат ва покликни сақлаб бўлмайди. Ўзаро адоват ва фасод кучайиб боради. Айни шу сабабдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни катта гуноҳлардан деб санаганлар.

Имоми Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: «Бировни сабабсиз ўлдиришдан кейинги энг катта гуноҳ зинодир».

Зино барча ёмонликларнинг ўчоғидир. У дин, яхшилик, ислоҳ ва тақво – барчасига зарар етказади. Зинокор одам диндор бўлолмайди, тақводор, содиқ, вафодор, рашкли ва омонатдор ҳам бўлолмайди. Зино билан бевафолик, даюслик, ёлғон, хиёнат ва беҳаёлик чамбарчас боғлиқдир. Инсон қалбига, диндорлигига зарар етказишда, Аллохдан ва яхшиликлардан узоқ қилишда ширкдан кейин зино туради. Куръонда зинокорлар «хобис» (нопок) деб ҳукм қилинган. Инсон қалбини барбод қилиш ва тавҳид асосларини қулатишда зинонинг таъсири катта экани очиқ-ойдин баён қилинган. Зино ва ярим яланғочлик одати инсонни иймон ва Аллоҳнинг раҳматидан узоқ қилиб қўяди.

Зино нақадар оғир гуноҳ эканини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳоба ва саҳобиялардан байъат олганларида, зинодан сақланиш аҳдини ҳам олганларидан билиш мумкин. Қуръони Каримда бундай дейилади: «Эй Набий! Агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, фарзандларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга маъруфда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, уларнинг байъатларини қабул қил. Ва Аллоҳдан улар учун мағфират сўра. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Мумтаҳана сураси, 12-оят).

Ҳазрати Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саҳобаларнинг бир жамоасидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам байъат қабул қилдилар ва ширк келтирмаслик, ўғирлик қилмаслик, зино қилмаслик, фарзандларини қатл этмаслик, бўҳтон қилмаслик ва итоатсизлик қилмасликка очиқ-ойдин аҳд олдилар» («Мишкотул масобийҳ»).

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга бундай дедилар: «Мен сизлардан ширк келтирмаслик, Аллоҳ мукаррам қилган бирор жонни ўлдирмаслик, зино қилмаслик, хамр ичмаслик шарти ила байъат қабул қиламан. Ким бу гуноҳлардан бирортасини қилмаса, мен унинг учун жаннат кафолатини бераман» («Саҳиҳи Муслим»).

Ҳазрати Умайма бинти Руқайқа розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сендан ширк келтирмаслик, фарзандларингни ўлдирмаслик, бирор бўҳтон тўқиб келтирмаслик, азада дийдиё қилмаслик, жоҳилиятдаги каби зийнатларингни намоён этмаслик шарти ила байъат қабул қиламан», дедилар («Муснади Аҳмад»).

Бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга энг кўп қўрқадиган нарса зинодир», дедилар. Чунки зино лаънатга мубтало бўлишдир («Ат тарғибу ват тарҳиб»).

«Бадназарлик ва зинодан сақланиш» китоби асосида тайёрланди

Бошқа мақолалар

Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг!

09.06.2025   5709   4 min.
Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг!

Ҳар янги куннинг тонгини кўрганингизда қалбингизни зикр ила тўлдиринг. Иймон зикрларига қулоқ тутар экансиз, борлиқ Яратган Зот сари талпинаётганини ҳис қиласиз. Аллоҳ таоло айтади: «...Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур...»[1]. Балки уйда, балки кўчада, қаерда бўлсангиз-да, Аллоҳнинг зикрига шошилинг. Зикрларни кўпайтирганингиз сари Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз ортиб боради, осмонлару ернинг Холиқи бўлган Аллоҳ таолодек буюк Зот суянчиғингиз эканини англайсиз...

Ушбу мисраларни доим ёдда тутинг:

Гар эрса қалблар Холиқин зикридин мосуво,
Алар жасад ичидин жой олган тош каби гўё.

Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг.
Тошда на меҳр ва на ҳис бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббини зикр қиладиган билан зикрдан йироқда бўлган киши худди тирик билан ўлик кабидир” [2],  деганлар.

Яна Набий алайҳиссалом: “Сизларга амалларингизнинг энг хайрлиси ва Султонингиз ҳузурида энг покиза, даражангизни юқорилатадиган, сизлар учун тилло-кумушларни эҳсон қилгандан-да, душманингизга йўлиқиб, унинг бошини танасидан жудо қилишингиз, у ҳам сизнинг каллангизни бўйнингиздан узиб ташлашидан-да яхшироқ амал қайси эканини билдириб қўяйми?!” дедилар. Саҳобалар: ”Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот: У Аллоҳнинг зикридир”,3] дедилар.

Убайд ибн Умайр айтадилар: “Мўминнинг амал дафтаридаги ҳамд ила тасбеҳ – у билан дунё тоғларича тилло судралиб юришидан хайрлидир”.

Набий алайҳиссалом яна бошқа бир ҳадисда: «Аллоҳ таолонинг фазилат излаб кезиб юрувчи фаришталари бўлиб, улар зикр айтиб ўтирилган давраларни излаб юришади. Шу аснода зикр бўлаётган даврани топишса, фаришталар зикр ҳалқасидагилар билан биргаликда ўтиришади ва бир-бирларини қанотлари билан ўраб олишади, шу тарзда зикрдаги кишилар билан дунё осмонининг ораси фаришталар билан тўлиб кетади. Зикр ҳалқасидаги кишилар тарқалиб кетишса, фаришталар осмонга кўтарилиб кетишади.

Кейин Аллоҳ таоло ҳаммасини билиб тургани ҳолда, улардан: “Қаердан келдинглар? – деб сўрайди. Улар: “Биз ердаги бандаларинг олдидан келдик. Улар Сенга тасбеҳ айтяптилар, такбир, таҳлил айтиб, Сенга мақтов йўллаяптилар ва Ўзингдан сўрашяпти”, деб жавоб қайтаришади.

Аллоҳ таоло: “Улар Мендан нимани сўраяпти?” – дей­ди. Фаришталар жавобан: “Сендан жаннатингни сўрашяпти”, дейишади.  Аллоҳ таоло: “Улар жаннатимни кўришганми?” – дея фаришталардан яна савол сўрайди. Фаришталар жавоб бериб: “Йўқ! Эй Яратган Зот!” – дейишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна: “Мабодо улар жаннатимни кўрадиган бўлсалар, ҳолат қандай бўлади-я?” – дейди. Фаришталар: “Улар яна Сендан паноҳ тилашяпти”, дейишади. Аллоҳ таоло савол тариқасида: “Нимадан паноҳ беришимни сўрашяпти?” – дейди.

Улар: “Жаҳаннамингдан, эй Яратган Зот!” – деб жавоб қайтаришади. “Улар дўзахимни кўрганми?” – деб сўрайди Аллоҳ таоло. Жавоб қайтариб: “Йўқ!” – дейишади улар.

Аллоҳ таоло: “Улар дўзахимни кўришса қандай бўларкин?” – дейди.

Фаришталар: “Улар яна Сендан мағфират қилишингни сўрашяпти”, дейишади.

Аллоҳ таоло: “Сўзсиз уларнинг гуноҳларини кечирдим, уларга сўровларини ато этдим ва паноҳ тилаган нарсаларидан уларни Ўз паноҳимга олдим”, дейди.

Фаришталар: “Эй Яратган Зот! Улар орасида фалончи, ўта хатокор қул ҳам бор. У ўтиб кета туриб уларнинг олдига ўтириб олди”, дейишади. Аллоҳ таоло шундай дея марҳамат қилади: “Уни ҳам кечирдим! Улар ҳаммажлислари бадбахт бўлмайдиган кишилардир”, дейди»[4]дедилар. 

 


[1]  Исро сураси, 44-оят.
[2]  Имом Муслим ривояти.
[3]  Имом Термизий ривояти.
[4]  Имом Муслим ривояти.