Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай огоҳ этади:
وَلَا تَقْرَبُوا الزِنَحَ إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلًا
«Зинога асло яқинлашманг. Шубҳасиз, у фаҳш ва энг ёмон йўлдир» (Исро сураси, 32-оят).
Зинода учта – шаръий, ижтимоий ва ақлий қабоҳат жам бўлган. Шунинг учун ҳам унга яқин бориш, унинг сабабларини юзага келтириш қаттиқ ман қилиняпти.
Ҳақиқат шуки, жамиятнинг фасоди ва издан чиқишида зинонинг таъсири жуда катта. Бузуқлик яхши ахлоқ ва маданиятнинг асосига ниш уради. Иффат ва покизалик маҳкам турган вақтдагина жамият мустаҳкам бўлади.
Солиҳ жамиятнинг асоси солиҳ хонадондир. Солиҳ хонадон яхши фитрий ҳислар билан бирга, тоза қон, тоза насаб ва пок қариндошлик асосига қоим бўлади. Агар ундай бўлмаса, хонадон эмас, балки фитрий, маънавий ҳислардан буткул маҳрум ҳайвонларнинг галасига айланади. Қуръони Карим зинонинг зарарлари катталиги туфайли унга кўп аҳамият берган ва шундай лафзлар ила ман қилганки, у лафзлар бузуқликнинг барча йўллари ва сабабларига тўсиқ бўлади.
Аллома Ибн Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: «Зино фасодлар ва жиноятларнинг энг бошида туради. У туфайли оммавий интизом барбод бўлади».
Зино сабабидан насаб, иффат ва покликни сақлаб бўлмайди. Ўзаро адоват ва фасод кучайиб боради. Айни шу сабабдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни катта гуноҳлардан деб санаганлар.
Имоми Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: «Бировни сабабсиз ўлдиришдан кейинги энг катта гуноҳ зинодир».
Зино барча ёмонликларнинг ўчоғидир. У дин, яхшилик, ислоҳ ва тақво – барчасига зарар етказади. Зинокор одам диндор бўлолмайди, тақводор, содиқ, вафодор, рашкли ва омонатдор ҳам бўлолмайди. Зино билан бевафолик, даюслик, ёлғон, хиёнат ва беҳаёлик чамбарчас боғлиқдир. Инсон қалбига, диндорлигига зарар етказишда, Аллохдан ва яхшиликлардан узоқ қилишда ширкдан кейин зино туради. Куръонда зинокорлар «хобис» (нопок) деб ҳукм қилинган. Инсон қалбини барбод қилиш ва тавҳид асосларини қулатишда зинонинг таъсири катта экани очиқ-ойдин баён қилинган. Зино ва ярим яланғочлик одати инсонни иймон ва Аллоҳнинг раҳматидан узоқ қилиб қўяди.
Зино нақадар оғир гуноҳ эканини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳоба ва саҳобиялардан байъат олганларида, зинодан сақланиш аҳдини ҳам олганларидан билиш мумкин. Қуръони Каримда бундай дейилади: «Эй Набий! Агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, фарзандларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга маъруфда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, уларнинг байъатларини қабул қил. Ва Аллоҳдан улар учун мағфират сўра. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Мумтаҳана сураси, 12-оят).
Ҳазрати Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саҳобаларнинг бир жамоасидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам байъат қабул қилдилар ва ширк келтирмаслик, ўғирлик қилмаслик, зино қилмаслик, фарзандларини қатл этмаслик, бўҳтон қилмаслик ва итоатсизлик қилмасликка очиқ-ойдин аҳд олдилар» («Мишкотул масобийҳ»).
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга бундай дедилар: «Мен сизлардан ширк келтирмаслик, Аллоҳ мукаррам қилган бирор жонни ўлдирмаслик, зино қилмаслик, хамр ичмаслик шарти ила байъат қабул қиламан. Ким бу гуноҳлардан бирортасини қилмаса, мен унинг учун жаннат кафолатини бераман» («Саҳиҳи Муслим»).
Ҳазрати Умайма бинти Руқайқа розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сендан ширк келтирмаслик, фарзандларингни ўлдирмаслик, бирор бўҳтон тўқиб келтирмаслик, азада дийдиё қилмаслик, жоҳилиятдаги каби зийнатларингни намоён этмаслик шарти ила байъат қабул қиламан», дедилар («Муснади Аҳмад»).
Бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга энг кўп қўрқадиган нарса зинодир», дедилар. Чунки зино лаънатга мубтало бўлишдир («Ат тарғибу ват тарҳиб»).
«Бадназарлик ва зинодан сақланиш» китоби асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.
Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.
Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.
Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.
«Миллионер саҳобалар» китобидан