Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида одамлар маҳрнинг нархини кўтариб юборишди. Ҳазратимиз Умар розияллоҳу анҳу уни бир қолипга солиб қўймоқчи бўлдилар. Минбарга чиқиб, маҳрга бир чегара қўймоқчи эканликларини гапирдилар. Шунда Шифо бинти Абдуллоҳ исмли аёл туриб деди: Эй мўминлар амири! Бу ишингиз тўғри бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ва агар хотин ўрнига бошқа хотин олмоқчи бўлсангиз ва уларнинг бирига ҳаддан зиёда маҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг» (Нисо сураси, 20-оят), деб айтган-ку! Сиз энди уни қандай қилиб чеклаб қўясиз?!
Шунда Умар розияллоҳу анҳу:
– Аёл тўғри гапирди, Умар хато қилди, дедилар.
Ушбу воқеадан маҳр қанча кўтарилса-да, ҳаром эмаслигига гувоҳ бўляпмиз. Аммо маҳрнинг кўтарилиши суннатга хилоф – ана шу нарса Умар розияллоҳу анҳуни уни чеклашга ундади. Чунки у зот ўзининг сиёсий заковати, ижтимоий тажрибаси билан маҳрнинг кўтарилиши ёшларнинг турмуш қуришига салбий таъсир кўрсатишини билардилар. Бунинг натижасида ёшлар уйланишни ортга суришлари аниқ эди.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Фотима розияллоҳу анҳога совчи қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга розилик билдириб дедилар:
– Унга беришга бирор нарсанг борми?
– Менда ҳеч нарса йўқ.
– Совутинг қаерда?
– Ўзимда.
– Уни Фотимага маҳр қилиб бер.
Жаннат аёлларининг саййидаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари бўлмиш Фотима розияллоҳу анҳонинг маҳри биргина совут. Бугунги инсонларнинг маҳрни, тўй харажатларини ҳаддан ортиқ катталаштириб юбориши ҳақиқатда суннатга хилофдир. Кишилар маҳрнинг баландлигини қизининг қадри баландлиги деб билишса керак.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳони Али розияллоҳу анҳуга узатаётиб, битта кийим, битта ичига хурмо пўстлоғи тўлдирилган ёстиқ, битта қўлтегирмон, битта меш, сув билан сирка солиб қўйиш учун иккита кўза берган эдилар.
Эътибор қаратилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуни қийнамаяптилар. У кишининг фақирликларини билиб, рўзғорни жиҳозлашга ёрдам беряптилар. Қолаверса, Али розияллоҳу анҳуни ўзлари тарбиялаб катта қилганлар. Шунинг учун келин томон ҳам сеп тайёрлашдан ҳаддан ошмасдан, насибадор бўлиши суннатда бор. Бу нарса инсонлар орасида ўзаро ёрдам, шафқат каби нарсаларнинг ёйилишига сабаб ҳам бўлади. Бу нарса агар куёв аслзода бўлса яхши натижа беради. Қанча-қанча куёвлар хотинининг оиласи қилган ёрдам учун, уларнинг гўзал хулқи учун хотинларининг азиятига сабр қилиб юришибди. Уйланадиган йигитлар кўпинча ёш бўлишади. Янги иш топган, тажрибасиз бўлишади. Уларнинг ташвиши фақатгина оиласига ёрдам бериш, аёлини таъминлаш бўлади, холос. Агар келиннинг оиласи бой бўлса, суннат шуки, куёвларига ёрдамлашишсин. Агар ёрдам беришмаса, ҳеч бўлмаганда, куёвларидан кўп нарсани талаб қилишмасин!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
Ҳар бир мусулмон учун ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида Ислом ахлоқига амал қилиш фарз саналади. Бунинг ичига йўлда ҳаракатланиш, пиёда ва ҳайдовчи сифатида қоидаларга риоя қилиш ҳам киради. Ислом дини фақат ибодатлар билан чекланиб қолмайди, балки жамиятда тинч-тотув яшаш ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ҳам талаб қилади.
1. Жавобгарлик ҳисси — ҳайдовчининг одоби.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши бошқаларга зарар етказмайди ва зарар ҳам кўрмайди” (Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадисга кўра, ҳайдовчи йўлда бошқаларнинг ҳаётига, саломатлигига таҳдид солувчи ҳаракатлардан эҳтиёт бўлиши лозим. Йўлдаги ҳар бир ҳаракатимиз бошқаларга таъсир қилиши мумкин.
2. Қоидаларга риоя қилиш — итоат ва омонат.
Қуръони каримда бундай дейилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” (Нисо сураси, 59-оят).
Ҳукумат томонидан белгиланган йўл қоидалари кишиларнинг хавфсизлиги учун жорий қилинган. Уларга итоат қилиш – Ислом таълимотига мувофиқ ҳаракат қилишдир.
3. Шошилмаслик ва сабр - ҳаётни сақлаб қолиш воситасидир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Хотиржамлик Аллоҳдан ва шошилиш шайтондандир” (Имом Термизий ривояти).
Йўлда шошиш, қонунни бузиш, ортиқча тезлик билан ҳаракатланиш –ҳайдовчининг нафақат ўз ҳаётига, балки бошқалар ҳаётига ҳам хавф туғдиради.
4. Қўполликдан эҳтиёт бўлиш ва йўлдаги одоб.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўл одоблари ҳақида: “Йўлларда ўтиришдан сақланинглар!” деганлар.
Шунда “Бизнинг йўлда ўтиришдан бошқа иложимиз йўқ, чунки гаплашадиган мажлисларимиз йўлларда бўлади”, дейишди.
У зот алайҳиссалом: “Агар йўлда ўтиришдан бошқага кўнмасангиз, у ҳолда йўлнинг ҳақини адо этинглар”, дедилар. Улар: “Йўлнинг ҳақи нима?” деб сўрашди.
У зот алайҳиссалом: “Йўлнинг ҳаққи кўзни тийиш, озор етказишдан тийилиш, саломга алик олиш, маъруф ишларга буюриш ва мункар ишлардан қайтариш”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бугунги кунда бу одоблар ҳайдовчилар ва пиёдалар учун ҳам долзарбдир. Йўлда ҳурмат ва одобни сақлаш, йўл бериш, ўзгаларни ҳақорат қилмаслик – мусулмоннинг одобидир.
5. Ҳуқуққа риоя қилиш — бошқаларга ёрдам
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким дунёда бир мўминни дунё ғамларидан бирини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг дунё ва охират ғамларини енгиллатади. Ким бир мўминнинг қийинчилигини осонлаштирса, Аллоҳ таоло ўша инсонни дунё ва охиратда мушкулини осон қилади” (Имом Муслим ривояти).
Йўлда бошқаларга ёрдам бериш — масалан, ҳайдовчи бўлсангиз, қария ёки ногиронни олиб ўтиш, машинангизда ёрдамга муҳтож кишини олиб бориш – савобли амалдир.
Хулоса:
Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш фақат давлат талабига амал қилиш эмас, балки Ислом ахлоқи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаракатда ҳам, ниятда ҳам одобли, масъулиятли ва салбий оқибатларни олдиндан ўйлайдиган инсон бўлиши лозим.
Манбалар асосида
Илёс Аҳмедов тайёрлади.