Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Июн, 2025   |   22 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:02
Хуфтон
21:41
Bismillah
18 Июн, 2025, 22 Зулҳижжа, 1446

Отасининг исми билан машҳур бўлган қори

13.11.2024   3778   2 min.
Отасининг исми билан машҳур бўлган қори

Мисрда Халил деган бир бўйрачи инсон бўлган экан. Биламизки, ҳозир бўйра каби нарсалар ишлатилмайди. Олдинги вақтларда бўйрадан жойнамоз сифатида фойдаланишган. Ўша вақтларда куннинг иссиғида ерга солиб намоз ўқишган.

Бўйрачи Халил бўйрадан жойнамоз тўқиб ўтириб, ҳар куни масжидга келаётган намозхонларни кузатар экан. Жойнамоз тополмаган, қийналиб қолган бир намозхонни кўрса, тўқиб қўйган бўйрасидан биттасини оларкан-да, ўша намозхонга совға қилиб юбораркан. Одамлар хурсанд бўлиб, бўйрани олиб кетаркан. Халил савобли ишида бардавом бўлибди. У бир куни туш кўрибди. Тушида умуртқасидан ток-узум дарахти ўсиб чиққанмиш. Мевасидан  одамлар ермиш, узум асло тугамасмиш. Халил бу тушни бир неча марта кўрибди. Бундан ажабланиб, улуғ бир  шайхнинг ёнига борибди. Бўлган воқеани айтиб, тушининг таъбирини сўрабди. Шайх:

- Ўғлинг борми? деб сўрабди.

- Ҳа, 2 ёшли ўғлим бор.

- Шу ўғлингни  Азҳарга бер, ўша ерда ўқисин, дебди шайх.

- Халил хўп, деб шайхнинг айтганини қилибди. 8 ёшида ўғли қори бўлибди.

Дунёда биринчи бўлиб қироатини тасмага, яъни ёзувга туширган қори шу инсон бўлган. Бу инсон имом Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятини бошдан оёқ чиройли бир ҳолатда ўқиб берган, 55 йил Қуръони Каримга  хизмат қилган, дунёнинг кўп қисмида қироатлари билан машҳур бўлган Маҳмуд Халил Хусорий эди. Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, отанинг қилган бир яхшилигини фарзанди орқали билдириб қўйди.

Аллоҳ карим Зот. Ҳар қандай ишни қиладиган бўлсак, оз бўлса-да, оз  демайди.

Аслида исми Маҳмуд бўлган бу инсон ҳозир бутун дунёга отасининг исми Халил билан машҳур. Кичик бўлса ҳам, Аллоҳ розилиги йўлида қилган эҳсоннинг мукофотини Буюк зот бериб қўйди. Кимки холис яхшилик қилса, меҳрибон ва раҳмли Зот албатта, уни мукофотлайди.

Хоҳ улуғ олим бўлсин, хоҳ саркарда бўлсин, қўйингки барча буюк зотлар сиз-у бизга ўхшаган оддий инсонларнинг фарзандлари бўлган!

 

ТИИ 4-курс талабаси Сирожиддинов Муҳаммадали

Бошқа мақолалар

Фотиҳа сурасининг шифо эканини қаердан билдинг?

13.06.2025   7793   2 min.
Фотиҳа сурасининг шифо эканини қаердан билдинг?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир нечтаси сафарга чиқишди. Улар араб маҳаллаларидан бирига тушиб, меҳмон қилишини сўрашди. Маҳалладагилар эса уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Ногаҳон, ана шу маҳалла оқсоқолини бир нарса чақиб олди. Унга ҳамма нарсани қилиб кўришди, аммо фойда бермади. Баъзилар: «Ана у меҳмонларга боринглар-чи, шояд, уларда бирор нарса бўлса?» дейишди. Улар бориб: «Эй меҳмонлар жамоаси, бизнинг бошлиғимизни бир нарса чақиб олди. Ҳамма ҳаракатни қилиб кўрдик, аммо фойда бермади. Сизларда бирор нарса борми?» деб сўрашди.

Меҳмонлардан биттаси: «Аллоҳга қасамки, мен дам солинадиган бир дуони биламан. Лекин сизлардан бизни меҳмон қилишингизни сўраганимизда, рад этдинглар. Бизга бу дуонинг эвазига бирор нарса бермасанглар, уни айтмайман», деди. Улар бир тўда қўй беришга келишиб олишди. Шунда у саҳоба «Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн»ни (яъни, Фотиҳа сурасини) ўқиб суфлади. Оқсоқол гўё арқон ечилганидек ҳаракатга келди. Унда бирор оғриқ қолмай юриб кетди. Кейин улар келишилган нарсани беришди. Саҳобалар: «Уни тақсимланглар», дейишган эди, дам солган киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу тўғрида сўраб, бизга бирор нарсани буюрмагунларича тақсимламанглар», деди. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бу воқеани айтиб беришди. Шунда у зот: «Сен унинг (Фотиҳа сурасининг) шифо эканини қаердан билдинг? - дедилар, сўнгра тўғри қилибсизлар, уларни тақсимланглар. Менга ҳам улуш ажратинглар», деб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб қўйдилар».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Мана шу имом Бухорийнинг ривоятлари мукаммалроқдир.

Бошқа ривоятда эса: «Фотиҳани ўқиб, туфугини тўплаб суфлаб қўйди. Сўнг ҳалиги киши тузалиб кетди», дейилади.

Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан