Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Биз яшаётган дунё ҳаёти битмас-туганмас имтиҳонлардан иборат. Ундаги синовларнинг ниҳояси йўқ, бирининг ортидан тўхтамай иккинчиси, учинчиси..... етиб келади. Зеро, бу дунё – Аллоҳ таолонинг вақтинчалик, жуда оз муддатга берган синов майдонидир, холос.
Аллоҳ таоло ҳар бир бандани абадий дунё учун синайди. Мўмин банда абадий дунёси – жаннатдаги маскани обод бўлишлиги учун яшайди. Роббисининг ҳузурига борганида пушаймон бўлиб қолишдан, азобига дучор бўлишдан қўрқади.
Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай огоҳлантиради: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз” (Бақара сураси, 155-оят).
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига имон келтирган банда ҳаётда дуч келадиган ҳар бир ҳолатда фақат Роббисига юзланади, ёлғиз Ундангина умидвор бўлиб, Унинг розилигини топишга уринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, унга мусибат беради", деганлар.
Шу боис, Аллоҳ таолонинг энг маҳбуб бандалари Пайғамбарлар алайҳимуссалом ҳаммадан кўра кўпроқ азият, озор чекишган. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида мусибати энг оғири пайғамбарлардир. Сўнгра уларга эргашган солиҳлар, ундан сўнг ўшаларга эргашган солиҳларга бўлади”, деганлар.
Юнус алайҳиссалом мусибатга учраганларида: «Лаа илааҳа иллаа анта субҳаанака инний кунту миназ золимийн» (Анбиё сураси, 87-оят) деб Аллоҳ таолога илтижо қилдилар. Аллоҳ таоло дуоларини қабул этди: «Биз унинг дуосини ижобат қилдик ва ғам-ғуссадан нажот бердик» (Анбиё сураси, 88-оят).
Айюб алайҳиссаломга мусибат етганда: «(Эй, Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан» (Анбиё сураси, 83-оят), деб Роббул аъламийнга юзландилар. Аллоҳ таоло илтижоларини қабул этди: «Биз унинг дуосини ижобат қилдик ва унга етган зарарни кетказдик» (Анбиё сураси, 84-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қийинчилик вақтида «Ҳасбуналлоҳ ва ниъмал-вакил!» (Оли Имрон сураси, 173-оят) деб Аллоҳга суяндилар. Аллоҳ таоло: «Улар Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила қайтдилар, уларга асло зарар етмади» деб марҳамат қилди (Оли Имрон сураси, 174-оят).
Демак, ҳар бир банда синовга дучор бўлар экан. Банданинг синовга мубтало бўлиши унга Аллоҳ ғазаб қилганини англатмайди. Акс ҳолда, пайғамбарлар мусибатга учрамаган бўлишарди.
Шундай экан, мўмин банда Аллоҳ таолонинг синовига учраганида ёлғиз Роббисига юзланиб, Унгагина илтижо қилиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўмин худди навниҳол ўсимликка ўхшайди. Барги шамол эсган томонга қайрилаверади, (шамол) тинса, тикланиб қолади. Худди шунингдек, мўмин ҳам бало-мусибатга қайишади. Кофир эса худди қарағайга ўхшайди, то Аллоҳ уни Ўзи хоҳлаган пайтда синдиргунича ғўдайиб, типпа тик тураверади", дедилар (“Олтин силсила” китобидан. Саҳиҳул Бухорий).
Аллоҳ таоло Ўз фазли ва раҳмати ила барча мўмин-мусулмонларга офият ато этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўлим ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги охирги нафаси, шу билан ҳар бир инсоннинг абадияти ҳал этиладиган энг сўнги лаҳза, яхшилик ва ёмонликларимизнинг заррачасини ҳам қолдирмай кўз ўнгимизга олиб келадиган, ҳисоб қилинадиган вақт, қабрда жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқур бўлишини исботлайдиган ҳолдир.
Ўлимнинг ҳақиқий маъносини тушуниб, унинг улкан маҳобатини ҳис этган олимлар бўлар бўлмасга ўлим сўзини тилларига чиқараверишдан ҳам истиҳола қилганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз талаффузида вафот этган кишига нисбатан тўғридан-тўғри ўлим сўзи ишлатилмайди. Балки фалон киши дунёдан ўтибдилар, йўқ бўлиб қолибдилар, омонатни топширибдилар каби сўзларни ишлатиш урфга айланган.
Бугун эса, бу сўзга нисбатан енгил муносабатда бўлиб қолганимиз ўз жонига қасд қилиш иллати авж олишига сабаб эмасмикан? Эътибор бериб қарасангиз, айримларда тушунчанинг етарли эмаслиги сабабидан кўпчилик ўзаро ҳазиллашиб ҳам ўлим сўзини ишлатмоқда, ҳатто айрим оналаримиз фарзандларини қўрқмасдан “ўлим” сўзини ишлатиб қарғамоқдалар.
Ўз жонига қасд қилиш иллатининг бундан ҳам даҳшатли сабабларидан бири кўпчилик ёши катталаримиз ҳам, ўлим хабарини эшитган пайтда мусулмон кишига хос бўлган одобни ҳам билмаслигидир. Кўпчилик узоқ вақт касал бўлиб ёки қийналиб дунёдан ўтган кишини эшитса, унга муносабат билдириб “ташвишдан, қийинчиликдан қутулибди” деган сўзларни ҳам ишлатмоқдалар. Бу каби гап сўзлар билан нафақат ўзимиз ғафлатда юрибмиз, балки ёшларимизнинг ҳам онгини чалғитишга, ўлим билан осонгина ўйнашишга сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда бундай дейилади:
فعَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ : قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَاتَتْ فُلَانَةُ ، وَاسْتَرَاحَتْ , فَغَضِبَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ : إِنَّمَا يَسْتَرِيحُ مَنْ غُفِرَ لَهُ (رواه أحمد 24192)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, фалон аёл вафот этиб, хотиржам бўлди, дунёнинг машаққатларидан қутилди дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб: “Аллоҳ таоло томонидан мағфират этилган кишигина нажот топади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ўз жонига қасд қилишнинг тарқалишига яна бир жиддий сабаблардан бири меҳр-шафқатнинг етишмаслигидир. Доимо бир-бирлари билан чиқиша олмайдиган, арзимас сабаб билан бақир-чақирлар бўлаверадиган оилаларда ўсаётган фарзандларнинг жажжигина қалби дунёни ушбу ёвуз оила тимсолида тасаввур этиб улғаяди. Дунёни меҳрсиз деб тушуниб улғайган фарзанднинг қулоғига иккинчи томондан ўлим сўзи оддий нарса, ҳаёт қийинчиликларидан қутулиш йўли бўлиб эшитилиб тургандан кейин у нима қилсин?
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик, фарзандларимизга берган меҳримиз сабабидан ҳам биз икки дунёда Роббимиз томонидан раҳм қилинамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз халқимизни бу каби иллатларнинг домига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин.
Ш.Исроилов
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Учқўрғон тумани Муҳаммад Зариф жоме масжиди имом-хатиби