Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Май, 2025   |   28 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:16
Қуёш
04:56
Пешин
12:25
Аср
17:30
Шом
19:48
Хуфтон
21:21
Bismillah
26 Май, 2025, 28 Зулқаъда, 1446

Мазҳаб имомлари сўзини Пайғамбаримиз ﷺнинг сўзларидан устун қўйиш мумкинми?

15.11.2024   9643   2 min.
Мазҳаб имомлари сўзини Пайғамбаримиз ﷺнинг сўзларидан устун қўйиш мумкинми?

Соҳта салафийларга ўхшаган мазҳабни инкор қилувчи тоифалар орасида шундай савол юради: "Тўрт мазҳаб имомларининг сўзларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан устун қўйиш мумкинми?".

Аслида, бу жуда ҳам чалғитувчи савол ҳисобланади. Аслида биз тўрт мазҳаб имомларининг сўзларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан устун қўймаймиз, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тушунишда уларнинг тушунчаларини ўзимизникидан афзал деб биламиз.

Фиқҳий ҳукмларда гоҳида Имоми Абу Ҳанифа, Имоми Молик, Имоми Шофеъий ёки Имоми Аҳмад ҳадиснинг зоҳирий маъносига зид бўлган фикр билдиришган ҳолатлар бор. Бунинг сабаби ҳадиснинг заифлиги ёки унинг саҳобий ёки тобеинда тўхтагани, бошқа ҳадис билан бекор қилингани ёки унинг санад ва матн жиҳатдан бошқалардан пастлигини кўрганликлари сабабли бўлади.

Ёш ва илмда тажрибасиз йигитлар эса, баъзи имомларнинг "Агар ҳадис тўғри бўлса, у менинг мазҳабимдир" ёки "агар менинг мазҳабим ҳадисга зид келса, менинг мазҳабимни деворга уринг", "ҳамманинг гапи қабул қилиниши ҳам, рад этилиши ҳам мумкин, фақат ушбу қабр соҳиби бундан мустаснодир" деган сўзларини қўллаб, жамоатнинг фикрини чалғитмоқчи бўладилар.

Ҳақиқат шуки, имомлар — Аллоҳ улардан рози бўлсин — бу гаплари билан фақат уларга етиб келмаган ҳадисларга ишора қилганлар, аммо бу жуда камдан-кам учрайди. Уларга етиб келган ҳадисларни тушунишда ижтиҳод қилганлар ва ўз қоидалари асосида улардан ҳукм чиқарганлар.

Бир ҳадиснинг имомларга етиб келмаганини исботлаш жуда қийин, чунки улар барчаси ҳам ҳадис билимдонлари саналадилар. Масалан, Имоми Моликнинг "Ал-Муватто", Имоми Абу Ҳанифанинг "Муснад", Имоми Шофеъий ва Имоми Аҳмаднинг ҳам "Муснад" асарлари бор. Улар ва мазҳаб издошлари ҳам ҳадис билимдонлари бўлиб, улардан ҳеч нарса махфий қолмаган. Аслида суннат бизларга улар орқали, уларнинг мазҳабдаги издошлари орқали етиб келган.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Жаҳолатга қарши маърифат
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Динда ғулув кетишнинг салбий оқибатлари

23.05.2025   3855   1 min.
Динда ғулув кетишнинг салбий оқибатлари

Исломда "ғулув" дин илмини англашда ҳаддан ошишдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "Айтинг: "Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!" (Моида сураси, 77-оят).

Расулуллоҳ алайҳиссалом "Аллоҳ таоло шариатда зиёда чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар", деб уч марта айтишларида, динда ҳаддан ташқари зиёдалик қилиш инсонни ҳалок қилиш билан тенг эканлигидан огоҳлантирмоқдалар. 

Динда ғулувга кетиш мусулмон жамиятларида ихтилоф ва гуруҳбозликка, фитнага ва охир-оқибат ақиданинг бузилишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж, мўътазила ва бошқа оқим ва тоифаларнинг вужудга келиши ҳам, асосан, динда ғулувга кетиш натижасида содир бўлган. 

Айни вақтда, ғулувга берилганлар динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганлари боис одамлар тўғри йўлдан адашиб, ундан безиб қоладилар. Динда ғулувга кетиш ҳақида сўз юритилганда ақидапараст оқимларнинг ақидавий масалаларда ғулувга кетганлари ва уларнинг хатолари ҳамда бу эътиқодлари соф исломий таълимотларга нақадар зид эканини эсламасдан иложи йўқ. 

Ғулувга кетиш, саркашлик, итоатсизлик, манмансираш каби иллатлардан холи бўлган ўтмиш аждодларимиз динимизни асраб-авайлаб, бизгача етказдилар. Шундай экан, диннинг мусаффолигини асраш ва уни келажак авлодга асл холича етказиш бизнинг вазифамиздир.

Абдуғоффор Ҳакимов, Мингбулоқ тумани

"Қўш қишлоқ" жоме масжиди имом-хатиби