Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Соҳта салафийларга ўхшаган мазҳабни инкор қилувчи тоифалар орасида шундай савол юради: "Тўрт мазҳаб имомларининг сўзларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан устун қўйиш мумкинми?".
Аслида, бу жуда ҳам чалғитувчи савол ҳисобланади. Аслида биз тўрт мазҳаб имомларининг сўзларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан устун қўймаймиз, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тушунишда уларнинг тушунчаларини ўзимизникидан афзал деб биламиз.
Фиқҳий ҳукмларда гоҳида Имоми Абу Ҳанифа, Имоми Молик, Имоми Шофеъий ёки Имоми Аҳмад ҳадиснинг зоҳирий маъносига зид бўлган фикр билдиришган ҳолатлар бор. Бунинг сабаби ҳадиснинг заифлиги ёки унинг саҳобий ёки тобеинда тўхтагани, бошқа ҳадис билан бекор қилингани ёки унинг санад ва матн жиҳатдан бошқалардан пастлигини кўрганликлари сабабли бўлади.
Ёш ва илмда тажрибасиз йигитлар эса, баъзи имомларнинг "Агар ҳадис тўғри бўлса, у менинг мазҳабимдир" ёки "агар менинг мазҳабим ҳадисга зид келса, менинг мазҳабимни деворга уринг", "ҳамманинг гапи қабул қилиниши ҳам, рад этилиши ҳам мумкин, фақат ушбу қабр соҳиби бундан мустаснодир" деган сўзларини қўллаб, жамоатнинг фикрини чалғитмоқчи бўладилар.
Ҳақиқат шуки, имомлар — Аллоҳ улардан рози бўлсин — бу гаплари билан фақат уларга етиб келмаган ҳадисларга ишора қилганлар, аммо бу жуда камдан-кам учрайди. Уларга етиб келган ҳадисларни тушунишда ижтиҳод қилганлар ва ўз қоидалари асосида улардан ҳукм чиқарганлар.
Бир ҳадиснинг имомларга етиб келмаганини исботлаш жуда қийин, чунки улар барчаси ҳам ҳадис билимдонлари саналадилар. Масалан, Имоми Моликнинг "Ал-Муватто", Имоми Абу Ҳанифанинг "Муснад", Имоми Шофеъий ва Имоми Аҳмаднинг ҳам "Муснад" асарлари бор. Улар ва мазҳаб издошлари ҳам ҳадис билимдонлари бўлиб, улардан ҳеч нарса махфий қолмаган. Аслида суннат бизларга улар орқали, уларнинг мазҳабдаги издошлари орқали етиб келган.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Ривоят қилинишича, бир куни саҳрода бир отлиқ киши кетиб борарди. Чўлда сарсон бўлиб, адашиб чанқоқдан тинкаси қуриган бир кишини учратди. Бу одам отлиқдан сув сўради, отлиқ унга сув берди. Йўловчи бироз ўзига келгач отлиқдан уни ўзи билан олиб кетишини илтимос қилди. Отлиқ рози бўлди ва йўловчини отига минишига изн берди.
Аммо, йўловчи кўп толиққани учун отга ўзи мингаша олмади ва: "Мен чавандоз эмасман, оддий деҳқонман, шунинг учун отга минишга ўрганмаганман. Иложи бўлса менга отга минишимга ёрдамлашиб юборсангиз", деб илтимос қилди.
Отлиқ отдан тушиб, унга ёрдам берди. Бироқ, йўловчи отга мингач, моҳир чавандоз каби отни чоптириб қочиб қолди.
Шунда отлиқ ўзини алданганини англади ва қочаётган ўғрининг ортидан қичқириб: "Менга қилган бу ишингни ҳеч кимга айтма, илтимос! Йўқса, одамлар бир-бирларига мурувват қилмай қўядилар", деди.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ