Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сув ичишдан олдин Фотиҳа сураси тўлиқ ўқилади. Сўнгра ўтирган ҳолатда сувни ичилади. Фотиҳа сурасини ўқиб кейин сув ичилганда тиқилиб қолган қон томирлари очилиб кетади, қон айланиш системаси изига тушади, юрак фаолияти яхшиланади, қалб ором олади. Инсонда ички қувват пайдо бўлади, ички аъзолар (ошқозон, жигар, ичаклар) равон ишлайди.
Аслида, Қуръон борича шифо, Раббоний дорихонадир. Бир стакан сувни Фотиҳа сурасини ўқиб ичишга одатланган киши буни ҳис қилади.
Фотиҳа сураси руҳингизга руҳ, кучингизга куч баҳш этади.
Фотиҳа сураси ҳаётингиздаги барча муаммоларни ҳал қилади, ҳаттоки эр-хотин ўртасидаги, фарзандлар ўртасидаги, ишдаги, ўқишдаги муаммолар ҳам бундан мустасно эмас.
Фотиҳа сураси қалбдаги кина кудурат, буғзу адоватга ҳам барҳам беради. Ҳасад, кибр, ужб ва ғурур каби қалб ҳасталикларини даволайди, турли микроблар ва зарарли вирусларни ўлдиради.
Хонангизни Фотиҳа сурасининг хушбўй атри билан муаттар қилинг. Тўшагингизга ётганингизда ҳам такрор ва такрор ўқинг.
Фотиҳа сурасини ўқишлик ишларингизни тартибли бўлишини таъминлайди.
Фотиҳа сурасини маъноларини тушуниб ўқишга ҳаракат қилинг. Аллоҳ таоло “Фотиҳа” сурасини тавсифлар экан:
وَلَقَدْ ءَاتَيْنَٰكَ سَبْعًا مِّنَ ٱلْمَثَانِى وَٱلْقُرْءَانَ ٱلْعَظِيمَ
“Дарҳақиқат, Биз Сизга етти такрорланувчи (етти оятли «Фотиҳа» сураси)ни ва улуғ Қуръонни ато этдик”, деб марҳамат қилган (Ҳижр сураси, 87-оят).
Араб тилида “و” “ва” боғловчиси тенгликни ифодалайди. Яъни, Аллоҳ таоло “Фотиҳа” сурасини Улуғ Қуръонга тенглаштиряпти. Шунинг учун уламолар: Қуръони каримнинг маънолари Фотиҳа сурасига сингдирилган, Фотиҳа сурасининг маънолари “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз” деган оятга сингдирилган, дейдилар.
Фотиҳа сураси бир кунда суннат ва нафл намозлардан ташқари фақат фарз намозларининг ўзида ўн етти марта такрор ўқилади. Такрор-такрор ўқилишида ҳам сир бор. Агар бирор намознинг бирорта ракъатида ўқилмай қолса, намоз мукаммал бўлмай қолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотиҳа сурасини “Шофия” (Шифо берувчи), “Кофия” (Кифоя қилувчи), Қуръондаги энг буюк сура деб номлаганлар. Саҳобалар беморнинг оғриётган ерига қўлларини қўйиб Фотиҳа сурасини етти марта ўқиганларида Аллоҳнинг изни билан касал тузалар эди.
Қачон Қуръон ўқисангиз уни Фотиҳа сураси билан бошланг. Фотиҳа сураси зулматларни нурга айлантиради, кўнгил сиқилишидан халос этади, ғам-ташвишларни аритади.
Шундай экан, бир стакан сувни Фотиҳа сурасини ўқиб ичинг, Аллоҳнинг изни билан фарқини биласиз.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз тик туриб ичмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: "Сувни ўтириб ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бу инсон организмини турли касалликлардан ҳимояланашига сабаб бўлади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун зарарлидир".
“Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД