Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи – фахру ғуруримиз, жонажон Ватанимизнинг азиз тимсолларидан бири.
Миллий байроғимиз қабул қилинган сана бу йил ўзгача шукуҳ ва тантана билан нишонланмоқда. Таълим масканлари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар, ташкилот ва идораларда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган тадбирлар, маърифий анжуманлар, мусобақалар бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, пойтахтимиздаги Aмир Темур хиёбони бўйлаб Тошкент шаҳрида жойлашган куч тузилмалари кавалерия бўлинмалари иштирокида “Отлиқ кавалерия паради“ бўлиб ўтди.
Минглаб юртдошларимиз, пойтахтимиз меҳмонлари, оловқалб ёшлар ана шу бетакрор тадбирнинг гувоҳи бўлди.
Айтиш керакки, эзгу акция мамлакатимизда кейинги йилларда маънавий-маърифий жабҳаларда кечаётган янгиланиш жараёнларини акс эттириши билан бирга ёшларни ватанпарварлик, юртга содиқлик, миллатпарварлик, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган шахс этиб камолга етказиш борасидаги эзгу ишларнинг яна бир ўзига хос намойиши бўлди, дейиш мумкин.
...Ҳарбий оркестр садолари янграйди. Тилларанг тусга кирган куз маърифий тадбирга ўзгача кўриниш, файз, шукуҳ бағишлайди. Юрт байроғини тутган минглаб алпкелбат ҳарбий суворийлар жонажон Ўзбекистонимизнинг куч-қудрати, тенгсиз шижоати тимсолига айланган.
Бундай қизиқарли, ҳаяжонли, бетакрор лаҳзаларга гувоҳ бўлиш мақсадида кўплаб юртдошларимиз Соҳибқирон Амир Темур номи билан юритилувчи кўчаларнинг йўл ёқасида жамулжам бўлди. Юртдошларимиз бетакрор воқеликни суратга олишга ошиқадилар. Ушбу тадбир ватандошларимизга унутилмас лаҳзалар, ўз юртидан, давлат рамзларидан, мўътабар Ўзбекистонимиздан фахрланиш туйғуларини бағишлагани аниқ. Чиндан ҳам байроғимиз таърифига сўз ожиз. Ғоят чиройли, умидбахш.
Дарҳақиқат, миллат байроғи – она Ватан тимсоли. У – ота юрт рамзи. Кўкда мағрур ҳилпираган байроғимизга боқиб, мустақиллик, фаровонлик тушунчаларининг моҳиятини янада чуқурроқ англаймиз!
Байроғимиз бизни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиради. Юксак ва улуғ ишларга руҳлантиради! Шонли, асрлар қаърига сингиб кетган тарихимиздан, боболаримизнинг покиза орзу-ниятлари, истиқлолимиз, ҳурриятимиз, эрк ва озодлигимиз, мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнларидан, улкан марралар сари интилган Ўзбекистоннинг нурли истиқболидан сўзлайди.
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан бутун юртимиз бўйлаб маданий тадбирлар, акция ва флешмоблар ўтказиляпти. Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ҳамкорлигида ўзига хос лойиҳа амалга ошириляпти. Рекорд даражадаги 100 метрлик байроғимиз юртимиз бўйлаб кезиб, барчага ғурур-ифтихор бағишламоқда. Хоразмдан Тошкент томон йўлга чиққан байроғимиз жасур ҳарбийлар, шижоатли ёшлар, ватанпарвар юртдошларимиз томонидан дастлаб Ичан-қалъадан, кейин Бухоронинг Арк-қалъасидан, қадим ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг тарихий кўчаларидан, улуғвор Жиззахдан, воҳаю водийлардан олиб ўтилиб, ҳадемай азим пойтахтимизга етиб келади.
Байрам куни эса энг катта байроқни пойтахтимизда кўришингиз мумкин бўлади.
Дарҳақиқат, байроғимиз нурли келажагимиз, мўътабар диёримиз, шаънимиз, ор-номусимиз, тенгсиз ифтихоримиз рамзидир.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири
Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.
Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.
Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.
Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.
Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.
Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.
Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни, яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.
Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.
Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.
Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.
Холмурод МАМАЖОНОВ,
Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби