Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446
Янгиликлар

Жонажон Ватанимизнинг азиз тимсоли

18.11.2024   1227   3 min.
Жонажон Ватанимизнинг азиз тимсоли

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи – фахру ғуруримиз, жонажон Ватанимизнинг азиз тимсолларидан бири.

Миллий байроғимиз қабул қилинган сана бу йил ўзгача шукуҳ ва тантана билан нишонланмоқда. Таълим масканлари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар, ташкилот ва идораларда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган тадбирлар, маърифий анжуманлар, мусобақалар бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, пойтахтимиздаги Aмир Темур хиёбони бўйлаб Тошкент шаҳрида жойлашган куч тузилмалари кавалерия бўлинмалари иштирокида “Отлиқ кавалерия паради“ бўлиб ўтди.

Минглаб юртдошларимиз, пойтахтимиз меҳмонлари, оловқалб ёшлар ана шу бетакрор тадбирнинг гувоҳи бўлди.

Айтиш керакки, эзгу акция мамлакатимизда кейинги йилларда маънавий-маърифий жабҳаларда кечаётган янгиланиш жараёнларини акс эттириши билан бирга ёшларни ватанпарварлик, юртга содиқлик, миллатпарварлик, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган шахс этиб камолга етказиш борасидаги эзгу ишларнинг яна бир ўзига хос намойиши бўлди, дейиш мумкин.

...Ҳарбий оркестр садолари янграйди. Тилларанг тусга кирган куз маърифий тадбирга ўзгача кўриниш, файз, шукуҳ бағишлайди. Юрт байроғини тутган минглаб алпкелбат ҳарбий суворийлар жонажон Ўзбекистонимизнинг куч-қудрати, тенгсиз шижоати тимсолига айланган.

Бундай қизиқарли, ҳаяжонли, бетакрор лаҳзаларга гувоҳ бўлиш мақсадида кўплаб юртдошларимиз Соҳибқирон Амир Темур номи билан юритилувчи кўчаларнинг йўл ёқасида жамулжам бўлди. Юртдошларимиз бетакрор воқеликни суратга олишга ошиқадилар. Ушбу тадбир ватандошларимизга унутилмас лаҳзалар, ўз юртидан, давлат рамзларидан, мўътабар Ўзбекистонимиздан фахрланиш туйғуларини бағишлагани аниқ. Чиндан ҳам байроғимиз таърифига сўз ожиз. Ғоят чиройли, умидбахш.

Дарҳақиқат, миллат байроғи – она Ватан тимсоли. У – ота юрт рамзи. Кўкда мағрур ҳилпираган байроғимизга боқиб, мустақиллик, фаровонлик тушунчаларининг моҳиятини янада чуқурроқ англаймиз!

Байроғимиз бизни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиради. Юксак ва улуғ ишларга руҳлантиради! Шонли, асрлар қаърига сингиб кетган тарихимиздан, боболаримизнинг покиза орзу-ниятлари, истиқлолимиз, ҳурриятимиз, эрк ва озодлигимиз, мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнларидан, улкан марралар сари интилган Ўзбекистоннинг нурли истиқболидан сўзлайди.

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан бутун юртимиз бўйлаб маданий тадбирлар, акция ва флешмоблар ўтказиляпти. Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ҳамкорлигида ўзига хос лойиҳа амалга ошириляпти. Рекорд даражадаги 100 метрлик байроғимиз юртимиз бўйлаб кезиб, барчага ғурур-ифтихор бағишламоқда. Хоразмдан Тошкент томон йўлга чиққан байроғимиз жасур ҳарбийлар, шижоатли ёшлар, ватанпарвар юртдошларимиз томонидан дастлаб Ичан-қалъадан, кейин Бухоронинг Арк-қалъасидан, қадим ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг тарихий кўчаларидан, улуғвор Жиззахдан, воҳаю водийлардан олиб ўтилиб, ҳадемай азим пойтахтимизга етиб келади.

Байрам куни эса энг катта байроқни пойтахтимизда кўришингиз мумкин бўлади.

Дарҳақиқат, байроғимиз нурли келажагимиз, мўътабар диёримиз, шаънимиз, ор-номусимиз, тенгсиз ифтихоримиз рамзидир.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири

Жонажон Ватанимизнинг азиз тимсоли
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ризқ излашда таваккул қилиш

27.11.2024   819   8 min.
Ризқ излашда таваккул қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга Етарлидир. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига Етувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир” (Талоқ, 3).

Ушбу оятда, агар бандалар Аллоҳга таваккул қилсалар, У Зот уларнинг ишлари мукаммал бўлиши учун кафил бўлиши, таваккул қилганлар учун Аллоҳ кифоя экани, У Зот хоҳлаган ишини бажара олиши ва ҳар бир нарсани ўта аниқ қилиб белгилаб қўйгани айтилмоқда.

Таваккулнинг асл маъноси “ўзини Аллоҳга топшириш”дир. Ғаззолий таваккулни: “Қалбнинг Ёлғиз Вакил – Аллоҳга суянишидан иборатдир”, деб тушунтирган.
Аллома Муновий эса: “Таваккул банданинг ожиз эканини изҳор қилиб, таваккул қилинадиган Зотга ишонишидир”, деган.

Тасаввуф аҳлининг наздида таваккул “одамлар қўлидаги нарсага суянмасдан, фақат Аллоҳ даргоҳидаги нарсага ишониш”дир. Мулла Али Қори Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилишни қуйидагича тушунтиради: “Таваккул борлиқда Аллоҳдан бошқа амалга оширувчи зот йўқ экани, яратиш ва ризқ бериш, ато қилиш ва ман этиш, зарар ва фойда, камбағаллик ва бойлик, касаллик ва саломатлик, ўлим ва ҳаёт ҳамда бошқа барча нарсалар Аллоҳ таолодан эканига ҳеч шубҳасиз аниқ ишонишдир” (“Мирқотул мафотийҳ”).

Таваккул қалб ишидир. Унда қалб бутунлай Аллоҳга топширилади. Ишларнинг оқибати У Зотга ҳавола қилинади. Айниқса, ризқ топишда таваккулнинг аҳамияти беқиёсдир. Ризқ талабидаги таваккул “ризқни фақат Аллоҳ беришига аниқ ишонган ҳолда ўша ризқ келадиган сабабларни ҳаракатга келтириш”дир.

– Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганларингизда эди, худди қорни оч ҳолда кетиб, тўйган ҳолда қайтиб келадиган қуш каби ризқлантирилган бўлар эдингиз!” (Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда ризқ топишдаги таваккулнинг асл моҳияти очиқ-ойдин ифодаланмоқда.

Яъни: агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганларингизда, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига имон келтириб, У Зот ризқ бериши, хоҳлаган махлуқотига бериб, хоҳлаганидан ман қилишига ишонган ҳолда чиройли суратда ва ҳалол йўл билан ризқ талабида бўлганларингизда, худди эрталаб қорни оч ҳолда чиқиб, кечаси тўқ бўлиб қайтадиган қуш каби ризқлантирилган бўлар эдингиз.

Бу ерда бандалар ризқ топишда доим ҳам Аллоҳга таваккул қилишни ўрнига қўя олмасликлари айтилиб, таваккулнинг фойдасини тушунтириш учун қушни мисол қилиб келтирилмоқда.

Ҳақиқатан, қушларнинг ҳолатига ибрат назари билан қарасак, бунинг асл ҳақиқатини англаб етамиз. Эрта тонгда ризқ талабида йўлга чиққан қушларнинг қорни оч бўлади. Шу билан бирга уларнинг олдиндан тайёрлаб қўйган ризқ манбалари ҳам, кўз остига олиб қўйган ўлжалари ҳам, захиралари ҳам бўлмайди. Лекин уларда ҳаракат ва ризқ топишга ишонч бўлади. Демак, бандалар ҳам Аллоҳга таваккул қилишни ўрнига қўя билсалар, ўзлари ўйламаган ва хаёлларига келмаган томондан ризқланар эканлар.

Одатда, инсон эртанги ва ундан кейинги кунларда истеъмол қиладиган нарсаларини олдиндан тайёрлаб қўяди. Бу ҳаолатни яна чумоли ва сичқонларда ҳам кўриш мумкин. Лекин инсон Аллоҳга ҳақиқий таваккул қила олганида, эрталаб турганида ейишга ҳеч нарсаси бўлмаган тақдирда ҳам, Аллоҳ уни муносиб тарзда ризқлантирган бўлар эди.

Ушбу ҳадиснинг яна бир диққатга молик жиҳати бор. Бу ҳам бўлса, таваккул ва ҳаракат масаласидир. Аслида касб инсонни ризқлантирмайди, Аллоҳ ризқлантиради. Аммо таваккул ва ҳаракат бирлашсагина кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Зеро, ҳадисда бизлар учун мисол қилиб келтирилаётган қуш ҳам ҳаракат ва интилиш билан қорин тўйғазади. Шу маънода Аҳмад айтади: “Ушбу ҳадис касбни тарк қилишга эмас, балки ризқ талабида ҳаракат қилишга тарғиб қилади. Агар бандалар ҳар бир ҳолатда – юрганда, турганда ва бошқа тасарруфларида Аллоҳга таваккул қилиб, барча яхшилик фақат У Зотнинг қўлида эканини билганларида эди, худди қушлар каби саломат ҳолда ризқлантирилган ҳолда қайтган бўлар эдилар. Аммо инсоннинг ўз заҳираси ва касбига суяниши таваккулга зид эмас”. Абу Бакр Варроқ айтади: “Аллоҳ бандалари ризқини таъминлаб қўйган. Энди бандалари ҳам Аллоҳга таваккулни таъмин этишлари лозим”.

Шайх Абу Ҳомид бундай деган: “Кишилар таваккулни бадан билан касбни ва қалб билан тадбир қилишни тарк қилиб, худди отиб юборилган эски латтага ўхшаб ерга ётиб олиш, деб ўйлашлари мумкин. Бу жоҳилларнинг фикридир! Бу шариатга хилофдир. Шариатда таваккул қилувчилар мақталади. Энди Шариат қайтарган нарсадан қайтмай туриб, қандай қилиб юксак мақомга эришиш мумкин? Балки ҳақиқат шуки, банданинг қалби билан қилган таваккулининг таъсири унинг мақсадга эришишдаги ҳаракати, интилиши ва амалларида кўринади”.

Имом Абулқосим Қушайрий айтади: “Билгинки, таваккулнинг ўрни қалбдир. Бас, банда ризқ Аллоҳдан эканини билганидан сўнг қалби билан таваккул қилгач, бадани билан ҳаракат қилиши бир-бирига қарши эмас. Агар бирон нарса қийинлашса, бас, Аллоҳнинг тақдири биландир. Агар бирон нарса енгиллашса, У Зотнинг енгиллатиши биландир”.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Туямни боғлаб таваккул қилайми ёки қўйиб юбориб сўнг таваккул қилайми?” деб сўраганида, у зот: “Уни боғлагин-да, сўнг таваккул қилгин!” деб айтганлар (Шу маънодаги ҳадисни Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Қузоъийлар ривоят қилишган).

– Муовия ибн Қурра  айтади: “Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу бир қавм олдидан ўта туриб: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради. Улар: “Таваккул қилгувчилармиз”, дейишди. Шунда (Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу): “Сизлар таъаккул қилувчисизлар (яъни, тайёр нарсани еб ётувчи текинхўрсизлар). Зеро,(Аллоҳга) таваккул қилган киши, аввал ерга уруғ сепади, сўнгра Раббига таваккул қилади”, деди” (Ҳаким Термизий “Наводирул усул”да ривоят қилган).

Ҳаким Термизий “Наводирул усул”да келтирган бошқа ривоятда Умар ибн Хаттоб Яманлик кишиларни учратгани айтилган. Ўша қавм сабабларни ахтармай, ҳаракат қилмай, бизга ризқни Аллоҳнинг Ўзи беради, деб эътиқод қилганларини кўриб, уларни “текинхўрлар”, деб атамоқда ва шундан сўнг ҳақиқий таваккул қандай бўлишини таълим бермоқда.

“Жомеъул ъулуми ва ҳикам” асарида бундай дейилган: “Билгинки, таваккулнинг самараси қазога (тақдирга) рози бўлишдир. Кимки ишларини Аллоҳга топшириб, У Зот ҳукм қилган, хоҳлаган нарсага рози бўлса, Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилган бўлади. Шу сабаб ҳам Ҳасан Басрий, Фузайл ибн Иёз ва бошқалар Аллоҳга таваккул қилишни У Зотнинг қазои қадарига рози бўлишдир, деб изоҳлашган”.

Ибн Абу Дунё айтади: “Менга баъзи ҳакимларнинг шундай деганлари етиб келди: таваккул уч даражага бўлинади. Биринчиси – шикоятни тарк этиш. Иккинчиси – розилик. Учинчиси муҳаббатдир. Шикоятни тарк этиш сабр даражаси. Розилик Аллоҳ тақсим қилган ризқ билан қалбнинг сокин бўлишидир. Бу аввалгисидан кўра юқорироқ даражага эга. Муҳаббат эса Аллоҳ ўзига нисбатан қилган тадбири туфайли У Зотни яхши кўришдир. Биринчи даража зоҳидларники ва иккинчиси содиқларникидир. Учинчиси пайғамбарларнинг даражасидир”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мўмин банда ризқ талабида, тирикчилик йўлида бор имкониятларни ишга солиб, Ёлғиз Аллоҳга таваккул қилган ҳолда жидду жаҳд қилиши лозим. Аммо шуни билсинки, у фақат ҳаракат қилгани ва интилгани учунгина ризқланаётгани йўқ. Чунончи, ризқ Аллоҳ таоло тарафидан келишини унутмасин!

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Мақолалар