Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Худонинг ўлгани ва Унинг қайта тирилмаслиги ҳақидаги Фридрих Ницшенинг солган жари кимларгадир жуда ҳам ёқиб тушди. Бу жарчи ким экани, унинг шахсияти, руҳий хаста экани ва бошқа олмиллар билан ҳеч ким қизиқмади. Ўша вақтдаги оқим шундай эди. Узоқ йиллар давомида ўзларига зулм ўтказиб келган черковга қарши ҳар бир сўз кўпчиликка айни ҳақиқат бўлиб кўринар эди. Худонинг ўлганига ишонч ҳосил қилганларидан кейин худосизлик мафкурасини жорий қилишни бошладилар. Мазкур мафкура Дин Халверзоннинг таъбири билан айтгандан қуйидаги кўринишни олди:
Худони инкор қилиш
Худосизликнинг фундаментал (тамал) қоидаси барча ғайритабиий нарсаларни, шу жумладан, Худони ҳам инкор қилишдир. Улар учун фақат моддият мавжуд.
Худосизларларнинг фикрича, Худога ишониш инсоннинг ўз фикр-хаёллари ва истак-хоҳишларининг интиқосидир. Худо инсоннинг ўз шаклу шамоилига кўра яратмаган, аксинча, инсон Худони ўз шаклу шамойилига кўра яратиб олган (Инжилда «ўз суратидек қилиб» дейилган).
Мўъжизаларни инкор қилиш
Худонинг борлиги ҳақидаги фикрни инкор қилгандан кейин мўъжизалар – илоҳий аралашув маҳсули – юз бериши мумкин эмас, деган хулоса чиқариш мантиққа мувофиқ бўлади. Худосизларнинг фикрича, Инжилда баён қилинган мўъжизалар унинг муаллифлари муайян диний мақсадлардан келиб чиққан ҳолда тўқиб чиқарган уйдирмалардир.
Эволюция
Худосизларнинг таъкидлашича, коинотнинг борлиги ва унинг мураккаблигини эволюция назарияси илгари сурган тамойиллардан келиб чиққан ҳолда тўлиқ изоҳлаш мумкин. Шахсият ва онг (ақл) ҳам эволюцион жараённинг маҳсули бўлиб, уларни кимёвий ва биологик элементларнинг ўзаро таъсирлашуви нуқтаи назаридан қониқарли даражада изоҳлаш мумкин. Шундай қилиб, ҳеч қандай «машинанинг руҳи» йўқ.
Инсон
Худосизлар динга аҳлоқий тақиқлар мажмуаси ва реал воқеликдан қочиш усули деб қарайдилар. Дин оми одамларни қўрқувдан халос қилади, холос. Худосизларнинг фикрича, инсоният ҳаёт учун курашиш ва қийинчиликларни бартараф этиш учун дин тушовларидан қутулиб, муаммоларга тик қараши ва ечимни ўзидан, ақл ва илм-фандан изламоғи даркор.
Илм-фан
Худосизлар илмий англаш усули ҳақиқат ва билим томон олиб борувчи ягона ишончли йўлдир, деб қатъий ишонадилар. Худосизларнинг фикрича, онг ва иймон, илм-фан ва дин, эмпирик тажриба ва ваҳий ўртасида муросасиз зиддият, адоват, қарама-қаршилик бор бўлиб, ҳақиқат ва билим томон олиб борувчи бу икки йўл бир-бирини инкор қилади.
Ҳамма нарса ҳақида
Худосизлар инсондан ташқарида аҳлоқнинг мутлақ эталони, андозаси (масалан, муқаддас Худо) борлигини инкор қиладилар. Уларнинг таъкидлашича, инсоният аҳлоқий феъл-атворга риоя қилиш учун етарли сабабга эга бўлиш учун ўзидан ташқаридаги мутлақ аҳлоқ меъёрларига муҳтож эмас. Инсон азалдан эзгулик, яхшиликка мойил, бу туғма меҳр-оқибатни рўёбга чиқариш учун диний эврилиш эмас, балки таълим, маориф керак.
Ўлим
Инсон ўлгач, яхлит ва онгли шаклдаги мавжудликдан тўхтайди. «Иккинчи Гуманистик манифест» (1973 й.) муаллифларининг ёзишича, «тана ўлгандан кейин яшашда давом этишининг ҳеч қандай ишончли далолати йўқ».
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди
Ривоят қилинишича, бир куни саҳрода бир отлиқ киши кетиб борарди. Чўлда сарсон бўлиб, адашиб чанқоқдан тинкаси қуриган бир кишини учратди. Бу одам отлиқдан сув сўради, отлиқ унга сув берди. Йўловчи бироз ўзига келгач отлиқдан уни ўзи билан олиб кетишини илтимос қилди. Отлиқ рози бўлди ва йўловчини отига минишига изн берди.
Аммо, йўловчи кўп толиққани учун отга ўзи мингаша олмади ва: "Мен чавандоз эмасман, оддий деҳқонман, шунинг учун отга минишга ўрганмаганман. Иложи бўлса менга отга минишимга ёрдамлашиб юборсангиз", деб илтимос қилди.
Отлиқ отдан тушиб, унга ёрдам берди. Бироқ, йўловчи отга мингач, моҳир чавандоз каби отни чоптириб қочиб қолди.
Шунда отлиқ ўзини алданганини англади ва қочаётган ўғрининг ортидан қичқириб: "Менга қилган бу ишингни ҳеч кимга айтма, илтимос! Йўқса, одамлар бир-бирларига мурувват қилмай қўядилар", деди.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ