Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Баъзи ҳолатларда фарзанд аҳли солиҳ, ота-она фожир ва фосиқ бўлиши ҳоллари ҳам учраб туради. Агар ота-она Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишни қилса, бола нима қилиши керак? Бу саволнинг жавоби қуйидаги ривоятда келади.
عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ أَبِي حَاضِرٍ قَالَ: كَانَ أَوَّلُ مَا ذُكِرَ بِهِ الْحَسَنُ أَنَّ رَجُلًا أَتَى حَلْقَةً فِيهَا الْحَسَنُ، فَقَالَ: مَا تَقُولُ فِي رَجُلٍ غَلَبَتْهُ أُمُّهُ أَيَضْرِبُهَا أَوْ يُقَيِّدُهَا؟ قَالَ: فَأَحْجَمَ الْقَوْمُ بِأَنْ يَأْمُرُوهُ فِي أُمِّهِ بِشَيْءٍ، فَقَالَ الْحَسَنُ: أَيُّهَا الرَّجُلُ قَيِّدْهَا؛ فَإِنَّكَ لَا تَصِلُهَا بِشَيْءٍ أَفْضَلُ مِنْ أَنْ تَحْجِزَهَا عَنْ مَحَارِمِ اللهِ. قَالَ النَّاسُ: قَالَ الْحَسَنُ كَذَا وَكَذَا، فَكَانَ ذَلِكَ أَوَّلَ مَا ذُكِرَ بِهِ الْحَسَنُ.
Муҳаммад ибн Абу Ҳозирдан ривоят қилинади: «Ҳасаннинг зикри тарқалишига сабаб бўлган аввалги масала қуйидаги эди. Бир киши Ҳасан ўтирган мажлисга келиб, «Онаси ғолиб келиб, ҳоли-жонига қўймаётган одам ҳақида нима дейсан? Уни урсинми ёки боғлаб қўйсинми?» деди.
Қавм унга онаси ҳақида бирор нарса дейишни билмай, тўхтаб қолди. Шунда Ҳасан: «Ҳой одам! Сен уни боғлаб қўй. Сен унинг учун Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тўсишдан кўра афзалроқ силаи раҳм қила олмайсан», деди.
Одамлар: «Ҳасан ундай деди, бундай деди», дейишни бошладилар. Ҳасаннинг зикри биринчи бор шундай тарқалди».
Шарҳ: Ҳазрати Ҳасан Басрий ушбу ривоятдаги масала сабабли машҳур бўлиб кетдилар. У киши бу масалага тўғри жавоб топиб, илк бор эл оғзига тушган эдилар.
Сўралган савол қуйидагича экан: Бир кишининг онаси уни ҳеч ўз ҳолига қўймай, нуқул жанжал кўтариб, кун бермас экан. Азбаройи жонидан тўйиб кетган киши на онасини уришни, на уни боғлаб қўйишни билмай, кўпчилик уламолар ўтирган мажлисга мурожаат қилган экан.
Дарҳақиқат, бу жуда оғир савол эди. Унда фарзанднинг онага муносабатидек нозик масала кўтарилган эди. Илмий суҳбат қилиб ўтирганлар бу мушкул саволни эшитиб, индамай қолишибди.
Шунда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи шундай дебдилар: «Эй йигит! Онанг шу қадар ҳаддидан ошган бўлса, урмагин, балки боғлаб қўйгин. Чунки онангни боғлаб қўйиб, уни Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан тўсишинг афзал силаи раҳмдир».
Фарзанд ҳаддидан ошган онасини боғлаб қўйса, уни гуноҳдан тўхтатади, унинг зулмидан халос бўлиб, зиммасидаги барча яхшиликни қилишда давом этаверади, онага қўл кўтариш гуноҳидан сақланади. Овқатини беришда, ҳурматини қилишда давом этаверади, ёмонлигидан эса сақланади. Онани Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тўсиб қўйиб, унга яхшилик қилишда давом этиш онанинг ўзи учун ҳам яхши бўлади.
Агар мазкур гуноҳни ота-онадан бошқа одам қилса, уни урса бўлар эди. Аммо ота-онанинг ҳурматидан фарзанд уларни ура олмайди. Шундай пайтларда уларни боғлаб қўйиши мумкин экан. Бу иш ота-онасининг гуноҳдан тийилишига сабаб бўлади. Қолаверса, фарзанднинг ўз ота-онасини Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишдан боғлаб қўйиши уларга қилган яхшилиги бўлади.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўлим ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги охирги нафаси, шу билан ҳар бир инсоннинг абадияти ҳал этиладиган энг сўнги лаҳза, яхшилик ва ёмонликларимизнинг заррачасини ҳам қолдирмай кўз ўнгимизга олиб келадиган, ҳисоб қилинадиган вақт, қабрда жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқур бўлишини исботлайдиган ҳолдир.
Ўлимнинг ҳақиқий маъносини тушуниб, унинг улкан маҳобатини ҳис этган олимлар бўлар бўлмасга ўлим сўзини тилларига чиқараверишдан ҳам истиҳола қилганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз талаффузида вафот этган кишига нисбатан тўғридан-тўғри ўлим сўзи ишлатилмайди. Балки фалон киши дунёдан ўтибдилар, йўқ бўлиб қолибдилар, омонатни топширибдилар каби сўзларни ишлатиш урфга айланган.
Бугун эса, бу сўзга нисбатан енгил муносабатда бўлиб қолганимиз ўз жонига қасд қилиш иллати авж олишига сабаб эмасмикан? Эътибор бериб қарасангиз, айримларда тушунчанинг етарли эмаслиги сабабидан кўпчилик ўзаро ҳазиллашиб ҳам ўлим сўзини ишлатмоқда, ҳатто айрим оналаримиз фарзандларини қўрқмасдан “ўлим” сўзини ишлатиб қарғамоқдалар.
Ўз жонига қасд қилиш иллатининг бундан ҳам даҳшатли сабабларидан бири кўпчилик ёши катталаримиз ҳам, ўлим хабарини эшитган пайтда мусулмон кишига хос бўлган одобни ҳам билмаслигидир. Кўпчилик узоқ вақт касал бўлиб ёки қийналиб дунёдан ўтган кишини эшитса, унга муносабат билдириб “ташвишдан, қийинчиликдан қутулибди” деган сўзларни ҳам ишлатмоқдалар. Бу каби гап сўзлар билан нафақат ўзимиз ғафлатда юрибмиз, балки ёшларимизнинг ҳам онгини чалғитишга, ўлим билан осонгина ўйнашишга сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда бундай дейилади:
فعَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ : قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَاتَتْ فُلَانَةُ ، وَاسْتَرَاحَتْ , فَغَضِبَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ : إِنَّمَا يَسْتَرِيحُ مَنْ غُفِرَ لَهُ (رواه أحمد 24192)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, фалон аёл вафот этиб, хотиржам бўлди, дунёнинг машаққатларидан қутилди дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб: “Аллоҳ таоло томонидан мағфират этилган кишигина нажот топади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ўз жонига қасд қилишнинг тарқалишига яна бир жиддий сабаблардан бири меҳр-шафқатнинг етишмаслигидир. Доимо бир-бирлари билан чиқиша олмайдиган, арзимас сабаб билан бақир-чақирлар бўлаверадиган оилаларда ўсаётган фарзандларнинг жажжигина қалби дунёни ушбу ёвуз оила тимсолида тасаввур этиб улғаяди. Дунёни меҳрсиз деб тушуниб улғайган фарзанднинг қулоғига иккинчи томондан ўлим сўзи оддий нарса, ҳаёт қийинчиликларидан қутулиш йўли бўлиб эшитилиб тургандан кейин у нима қилсин?
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик, фарзандларимизга берган меҳримиз сабабидан ҳам биз икки дунёда Роббимиз томонидан раҳм қилинамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз халқимизни бу каби иллатларнинг домига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин.
Ш.Исроилов
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Учқўрғон тумани Муҳаммад Зариф жоме масжиди имом-хатиби