Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳзунликда:
لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ العَظِيمُ الحَلِيمُ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ رَبُّ العَرْشِ العَظِيمِ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ رَبُّ السَّمَوَاتِ، وَرَبُّ الأَرْضِ، رَبُّ العَرْشِ الكَرِيم.
«Лаа илаҳа иллаллоҳул ъазиймул ҳалийм, Лаа илаҳа иллаллоҳу Роббул ъаршил ъазийм, Лаа илаҳа иллаллоҳу Роббус самавати ва Роббул арзи Роббул ъаршил карийм», деб айтардилар.
Маъноси: «Ҳалим ва улуғ Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Улуғ аршнинг Робби бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Мукаррам аршнинг ва еру осмонларнинг Робби бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Имом Муслимнинг ривоятларида: "Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор муҳим иш тушса ёки ғам ғусса етса ана шу сўзларни айтганлар", деб айтилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Котибият масъул ходими Муҳаммадамин қори Холиқовнинг падари бузруквори вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Муҳаммадамин қори Холиқовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси