Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳзунликда:
لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ العَظِيمُ الحَلِيمُ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ رَبُّ العَرْشِ العَظِيمِ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ رَبُّ السَّمَوَاتِ، وَرَبُّ الأَرْضِ، رَبُّ العَرْشِ الكَرِيم.
«Лаа илаҳа иллаллоҳул ъазиймул ҳалийм, Лаа илаҳа иллаллоҳу Роббул ъаршил ъазийм, Лаа илаҳа иллаллоҳу Роббус самавати ва Роббул арзи Роббул ъаршил карийм», деб айтардилар.
Маъноси: «Ҳалим ва улуғ Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Улуғ аршнинг Робби бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Мукаррам аршнинг ва еру осмонларнинг Робби бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Имом Муслимнинг ривоятларида: "Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор муҳим иш тушса ёки ғам ғусса етса ана шу сўзларни айтганлар", деб айтилган.
#xabar #haj2025 #tabrik
Муқаддас заминда ҳаж ибодатини адо этаётган миллионлаб мўмин-мусулмонлар қатори 15 минг нафар юртдошларимиз Мино ва Арафот каби муборак манзилларда улуғ амалларни ихлос ила бажармоқдалар.
Шу йил 5 июнь Арафа куни Маккаи мукаррамадаги Арафот ҳудудида бўлиб турган ҳожиларимиз тоату ибодатларда бўлиб, муҳтарам Президентимиз ва халқимизга Қурбон ҳайити табрикларини йўлладилар. (https://muslim.uz/e/post/43499-o-zbekiston-hojilarining-prezident-shavkat-mirziyoyevga-qurbon-hayiti-munosabati-bilan-yo-llagan-tabrigi) Уни ҳаж ибодатини ихлос ила адо этаётган ҳожиларимиз номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқаназар ҳазратлари ўқиб эшиттирдилар. Унда жумладан бундай дейилган:
“Ҳурматли Президент Сизни ва Сиз орқали юртдошларимизни ҳаж ибодатини адо этаётган ҳамюртларимиз номидан мусулмон уммати учун энг улуғ байрам – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз.
Биз, ўзбекистонлик ҳожилар шундай файзли кунлар учун шукроналар айтиб, Ҳақ таолодан жонажон юртимизга қут-барака, азиз халқимизга фаровонлик ва фарзандларимизга баркамоллик сўраб эзгу дуолар қилмоқдамиз.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Дуоларнинг энг яхшиси арафа куни қилинган дуодир”, деб хушхабар берганлар.
Шунингдек, ҳожиларимиз гуноҳлар афв этиладиган ва дуолар ижобат бўладиган Арафотда туриб, Аллоҳ таолодан Юртбошимизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва улкан муваффақиятлар тилаб, хайрли ишлари доимо бардавом бўлишини илтижо қилиб сўрашди.
Шу билан бирга юртимиз ҳожилари яратиб берилган имкониятлар ва кўрсатилган эҳтиромдан руҳланиб, юртга қайтгандан кейин “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” деган эзгу ташаббусни амалга оширишни бир овоздан илгари сурдилар. (https://muslim.uz/e/post/43499-o-zbekiston-hojilarining-prezident-shavkat-mirziyoyevga-qurbon-hayiti-munosabati-bilan-yo-llagan-tabrigi)
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларнинг ҳажларини мабрур айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати