Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Насаблари: Алий ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай.
У кишининг оналари: Фотима бинт Асад ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай розияллоҳу анҳо.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу таваллуд топган йиллари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз ёшга кирган эдилар.
У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғиллари, қизлари Фотиманинг умр йўлдошлари ва жаннат башорати берилган ўн кишининг бири эдилар. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ёшликларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида тарбия топдилар. Ўн ёшларида мусулмон бўлдилар. У киши ёш болалардан биринчи Исломга кирган зотдирлар. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ислом таълимотлари асосида ўсиб-улғайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари даврида ўлимдан қўрқмасдан, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларига кириб, тўшакларида ётдилар. Шу билан бирга, у киши Исломда биринчи фидойи инсон сифатида, Аллоҳ йўлида ўзини фидо қилишга тайёр шахс сифатида танилдилар.
Вақт етиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлган омонатларни олиб, ҳаммасини эгаларига топшириб, кейин Мадинаи мунавварага ҳижрат қилдилар.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу барча жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қатнашган энг катта қаҳрамонлардан бири эдилар. У кишининг шижоатлари зарбулмасал бўлиб кетган.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу фасоҳатда ниҳоятда юқори нуқтада, илмда етук олим эдилар.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақида жуда кўп ҳадислар келган.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида у киши билан бирга бўлдилар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишидан рози ҳолда вафот этдилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳар доим у киши билан бирга бўлдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳар бир ишда у киши билан маслаҳатлашар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу пичоқланганларидан кейин ўзлари айтган олти кишилик маслаҳат кенгашининг ичида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Улар Умар розияллоҳу анҳудан кейин мусулмонларга ким халифа бўлишини хал қилишлари керак эди. Шунда ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа этиб сайландилар. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу эса у кишининг ёнларида давлат ишларини юритишда ёрдамчи бўлдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қамал қилинганларида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ўғиллари у кишининг мудофаачиларидан бўлишди.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди
Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган.
Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.
Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.
Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.
Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.
Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.
Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.
Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.
Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!
Акбар ШУКУРОВ,
Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”
жоме масжиди имом ноиби