Cавол: Савол беришдан мақсад суннатни инкор қилиш эмас. Фақат ҳозирги кунда кимлардир ҳижома, яна кимлардир донорлик қилдирадилар. Автоҳалокат ва бошқа турли касалликлар туфайли беморларга қон зарур бўлиб қолади. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги даврда ҳижома қилдирган яхшими ёки донорликми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз сўраган нарса қон олдирувчи беморнинг ҳолати ва шифокорнинг унга берган тавсиясига қараб белгиланади. Ўзи соғлом, лекин қон олдирмоқчи бўлган инсонга сиз айтган мулоҳазалар туфайли донорлик афзал ҳисобланади. Чунки бунда инсонларга ёрдам бериш, ҳаётини қутқариш каби яхшиликлар бор. Аммо мазкур донорлик беғараз бўлиши, яъни маблағ эвазига бўлмаслиги керак. Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам этиб яратгани учун, ҳур одамни ва унинг тана аъзоларини сотиш асло мумкин эмас. “Фатҳи бобил иноя” китобида бу ҳақда бундай дейилган:
وَلاَ بيع أَجْزَاءِ آدَمِيِ لكرامته
“Инсон мукаррам бўлганлиги учун унинг аъзоларини сотиш мумкин эмас”.
Лекин қон қуйиш зарурати туғилганда холис ёрдам берувчи топилмай қолса, бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун қон сотиб олишга рухсат берилади.
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ: “Жума кунида садақа беришнинг ҳафтанинг бошқа кунларига нисбатан фазли, Рамазон ойида садақа беришнинг бошқа ойларда садақа беришга нисбатан фазли кабидир”, деди.
Жуда оз бўлса ҳам, кунига садақа қилишни одат қил. Чунки садақа:
• Аллоҳнинг ғазабини ўчиради;
• касалликка даво бўлади;
• мол-мулкингни поклайди;
• Қиёмат куни соя бўлади;
• инсон вафотидан кейин ҳам ажр-савобни кўпайтириб туради.