Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Биз ҳаракатсиз яшаш тарзи тўғрисида салбий маънодаги гапларни кўп эшитамиз, у ёмон кайфиятга сабаб бўлиши ёки ҳатто касалликлар ҳам қўзғатиши мумкинлиги тўғрисида айтишади. Ҳақиқатан ҳам нима учун ҳаракатсиз яшаш тарзи шунчалик зарарли?
Жисмоний ҳаракат мияда янги ҳужайралар пайдо бўлиши ва бошқа ўзгаришлар юз беришини таъминлаш билан унинг ҳолатига амалий таъсир ўтказади. Янги тадқиқодлар шуни кўрсатадики, ҳаракатсизлик бош миядаги айрим нейронларнинг деформациясига олиб келади, бу эса ўз навбатида юракка ҳам таъсир қилади.
Бундан 20 йил олдин кўпчилик олимлар қарилик бошланиши билан мия тузилиши бутунлай маҳкамланиб қолади деб ҳисоблашган. Лекин охирги неврологик тадқиқодлар натижасига кўра, бутун ҳаётимиз давомида мия ўз ҳаракатчанлигини сақлаб қолар экан. Олимлар мия ривожланиши учун айниқса жисмоний машқлар самарали бўлишини айтишмоқда.
Олимлар тахмин қилишларича симпатик асаб тизими миянинг рострал бўлимидаги нейронлар томонидан ҳаддан ташқари кўп хабар олиши натижасида тартибсиз ва хавфли муносабат билдира бошлайди.
Оддий қилиб айтганда, нейронлар симпатик асаб тизимини анча қаттиқроқ безовта қила бошлади, бу эса ўз навбатида унинг фаолият мувозанати бузилишига олиб келади. Натижада қон босими ошишини ва юрак-томир касаллигини келтириб чиқаради.
Хулоса: камҳаракатли яшаш тарзининг жуда кўп физиологик оқибатлари бор, шу жумладан бош миянинг тузилиши ва фаолиятига ҳам таъсир етказади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кучли мўмин кучсиз мўминдан Аллоҳга севимлироқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор", деганлар.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни ғусл олардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.
Бурайда розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга пиёда юриб борардилар.
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга кетишда Аллоҳни зикр қилардилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
- Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқимас эдилар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракат намоз ўқир эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
- Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик қилардилар.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчилардан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД