Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Солиҳ бир киши ўз ўғлига бундай деди: Ўғлим, айтадиганларимга диққат билан қулоқ сол, зеро булар сенга дунё ва охиратингда нафи тегади.
Ўғил деди: Айтинг отажон, жон қулоғим билан тинглайман.
Солиҳ киши деди: Вафосиз одам ақлсиз бўлади. Ростгўйлиги йўқ одамда мардлик ҳам бўлмайди. Илмга иштиёқсиз одам билимга эга бўлмайди. Ҳаёсиз одам карамли бўлмайди. Бетавфиқ кимса ҳеч қачон тавба қилмайди. Илмдан фойдалироқ ҳазина йўқ. Ҳилмдан кўра кўпроқ фойда келтирувчи мол йўқ. Одобдан кўра юксакроқ ҳасаб йўқ. Ақлдан ишончлироқ ҳамроҳ йўқ. Ўлимдан кўра ишончлироқ далил йўқ. Гуноҳларни тарк этишдан кўра фойдалироқ эҳсон йўқ. Гуноҳлардан кўра оғирроқ юк йўқ. Тафаккурдан кўра афзалроқ ибодат йўқ. Ёлғондан кўра ёмонроқ нарса йўқ. Аҳмоқликдан кўра ортиқроқ такаббурлик йўқ. Жаҳолатдан кўра ортиқроқ фақирлик йўқ. Таъмагирликдан ортиқ хорлик йўқ. Бахилликдан қабиҳроқ ор йўқ. Қаноатдан кўра ортиқ бойлик йўқ.
Эй ўғлим, ким ҳақиқатга қарши курашса албатта мағлуб бўлади. Ким мусулмоннинг айбини очишга уринса, Аллоҳ уни шарманда қилади. Ким ўзининг фикри билан мағрурланса адашади. Ким одамлардан ўзини юқори олса хор бўлади. Ким машварат қилса надомат қилмайди. Ким уламоларнинг мажлисида ўтирса ҳурмат топади. Ким ақлсизларнинг мажлисида ўтирса таҳқирланади. Ким оз гапирса оқибати хайр бўлади. Ким ёлғончилик билан танилса ҳеч қачон унга ишонч билдирилмайди. Ким шаҳватга берилса охир-оқибат шарманда бўлади.
Эй ўғлим, мен барча тотли нарсаларнинг мазасини татиганман. Лекин офиятдан кўра тотлироғини кўрмадим. Аччиқ нарсаларни ҳам тотиб кўрганман. Лекин одамларга муҳтож бўлиб қолишдан аччиқроғини кўрмадим. Оғир тош ва темирларни ҳам кўтариб кўрганман, лекин қарздан кўра оғирроқ юкни кўрмадим.
Эй ўғлим, яхшилар билан ошна бўл, ёмонлардан йироқ бўл. Чунки, яхшилар билан ошна бўлсанг сени қадрлашади, зулмга учрасанг сенга ёрдам беришади, гапирсанг гапингга қулоқ солишади. Аммо ёмонларга яқин юрсанг сени қадрлашмайди, омонатингга хиёнат қилишади, сирингни очиб шарманда қилишади, керак бўлмай қолганингда ташлаб кетишади.
Эй ўғлим, дин ва ахлоқда ўзингдан юқори бўлганларга боқ, молу давлатда ўзингдан қуйи бўлганларга боқ.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Бир ўсмир “улғайиб, бой бўлсам ҳаммага ёрдам бераман” деб юрар эди. У бойлик бўлсагина одамларга ёрдам бериш мумкин, деган фикрда экан, бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир хурмони ярмини садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланиш лозимлиги ҳақидаги ҳадисини эшитиб қолди. Бир кичик хурмонинг ярми қанча бўларди, деб тасаввур қилолмади.
Эртасига кўчага чиқиш олдидан бир хурмони чўнтагига солиб олди. Йўл бўйда тиланиб турган отахоннинг ёнидан ўтаркан, чўнтагига қўлини тиқиб, беихтиёр кечаги ҳадисни эслади. Хурмони олиб, ярмини отахонга узатди. Шунда отахоннинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. Ўсмир йигит ўйладики, “ҳатто кўп пул берилса ҳам бу қадар хурсанд бўлмасди”, деб ўйлади. Қилган ишидан ўзиям шодланди. Англадики, отахон ўзига берилган нарсанинг қийматидан эмас, ўзига берилган эътибор ва баҳам кўришдан ниҳоятда шодланганди.
Йигитча бу ишидан кейин юқоридаги ҳадиснинг ҳикматини тушуниб кетди. Энди у бир кўнгилни обод қилиш учун бой бўлишни кутиб юрмаслик кераклигини билди. Зеро, кўнгил Худонинг назаргоҳидир. Уни қувонтирган кишини Аллоҳ қувонтириши шубҳасиздир.
Акбаршоҳ Расулов