Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Солиҳ бир киши ўз ўғлига бундай деди: Ўғлим, айтадиганларимга диққат билан қулоқ сол, зеро булар сенга дунё ва охиратингда нафи тегади.
Ўғил деди: Айтинг отажон, жон қулоғим билан тинглайман.
Солиҳ киши деди: Вафосиз одам ақлсиз бўлади. Ростгўйлиги йўқ одамда мардлик ҳам бўлмайди. Илмга иштиёқсиз одам билимга эга бўлмайди. Ҳаёсиз одам карамли бўлмайди. Бетавфиқ кимса ҳеч қачон тавба қилмайди. Илмдан фойдалироқ ҳазина йўқ. Ҳилмдан кўра кўпроқ фойда келтирувчи мол йўқ. Одобдан кўра юксакроқ ҳасаб йўқ. Ақлдан ишончлироқ ҳамроҳ йўқ. Ўлимдан кўра ишончлироқ далил йўқ. Гуноҳларни тарк этишдан кўра фойдалироқ эҳсон йўқ. Гуноҳлардан кўра оғирроқ юк йўқ. Тафаккурдан кўра афзалроқ ибодат йўқ. Ёлғондан кўра ёмонроқ нарса йўқ. Аҳмоқликдан кўра ортиқроқ такаббурлик йўқ. Жаҳолатдан кўра ортиқроқ фақирлик йўқ. Таъмагирликдан ортиқ хорлик йўқ. Бахилликдан қабиҳроқ ор йўқ. Қаноатдан кўра ортиқ бойлик йўқ.
Эй ўғлим, ким ҳақиқатга қарши курашса албатта мағлуб бўлади. Ким мусулмоннинг айбини очишга уринса, Аллоҳ уни шарманда қилади. Ким ўзининг фикри билан мағрурланса адашади. Ким одамлардан ўзини юқори олса хор бўлади. Ким машварат қилса надомат қилмайди. Ким уламоларнинг мажлисида ўтирса ҳурмат топади. Ким ақлсизларнинг мажлисида ўтирса таҳқирланади. Ким оз гапирса оқибати хайр бўлади. Ким ёлғончилик билан танилса ҳеч қачон унга ишонч билдирилмайди. Ким шаҳватга берилса охир-оқибат шарманда бўлади.
Эй ўғлим, мен барча тотли нарсаларнинг мазасини татиганман. Лекин офиятдан кўра тотлироғини кўрмадим. Аччиқ нарсаларни ҳам тотиб кўрганман. Лекин одамларга муҳтож бўлиб қолишдан аччиқроғини кўрмадим. Оғир тош ва темирларни ҳам кўтариб кўрганман, лекин қарздан кўра оғирроқ юкни кўрмадим.
Эй ўғлим, яхшилар билан ошна бўл, ёмонлардан йироқ бўл. Чунки, яхшилар билан ошна бўлсанг сени қадрлашади, зулмга учрасанг сенга ёрдам беришади, гапирсанг гапингга қулоқ солишади. Аммо ёмонларга яқин юрсанг сени қадрлашмайди, омонатингга хиёнат қилишади, сирингни очиб шарманда қилишади, керак бўлмай қолганингда ташлаб кетишади.
Эй ўғлим, дин ва ахлоқда ўзингдан юқори бўлганларга боқ, молу давлатда ўзингдан қуйи бўлганларга боқ.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Маъруф ибн Файруз ал-Кархий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Дунё тўрт нарсадан иборат: мол, сўз, уйқу ва таом. Мол туғёнга олиб боради, сўз адаштиради, уйқу эсдан чиқаради, таом шаҳватга етаклайди”.
“Солиҳлар кўп, лекин улар ичида сиддиқлар кам”.
“Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, унга амал эшигини очиб, тортишиш эшигини ёпади. Агар ёмонлик истаса, амал эшигини ёпиб, тортишиш эшигини очади”.
“Аллоҳга таваккул қил, токи У сенинг устозинг ва шикоят қиладиган Зотинг бўлсин. Чунки инсонлардан наф йўқ”.
“Кўзларингизни тийинг, ҳатто урғочи қўйдан ҳам”.
“Сахийлик — муҳтож пайтда муҳтож нарсани бошқа бировга беришдир”.
“Тунги ибодат мўмин учун қиёмат кунида нур бўлиб, ўнгу сўлини ёритади. Кундузги нафл рўза эса, бандани дўзахнинг иссиғидан узоқлаштиради”.
“Қиёмат кунида бир нидо қилгувчи: “Эй Аллоҳни мадҳ қилганлар туринглар”, деб нидо қилади. Шунда, “Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар туришади”.
“Авлиёларнинг аломати нима?” — деб сўрашди. “Аломатлари учтадир: Аллоҳ учун ғам чекади, Аллоҳ билан машғул бўлади ва Аллоҳ томонга қочишади”.
Довуд Тоийнинг дўстларидан бири менга: “Амални ташлама. У сени Роббингнинг розилигига яқинлаштиради”, деди. Мен ундан: “Қайси амални?” деб сўрадим. У: “Роббингга доимий итоат, мусулмонларга хизмат ва уларга насихат” деди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ