Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло инсонларнинг сурат ва шаклини гўзал қилиб яратган. Агар инсон сийратини, ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у комиллик даражасига етишиши мумкин. Кишининг комиллик сифатларидан бири мулойимлик ва кечиримлилик саналади. Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзида мужассам этган жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу фазилатларда ҳам энг гўзал намуна эдилар. Ул зотга эргашган саҳобаи киром, тобеин, табаа тобеин ва улуғ авлиё ҳамда фузалолар ҳам бу сифатларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганлар. Шу сабаб ҳам комиллик чўққиларини эгаллаган эдилар.
Кечиримлилик инсоннинг улуғ сифатларидан биридир. Бошқаларнинг душманлиги ва озорларига сабр қилиб, қасос олмасдан, кечириб юбориш бу жуда катта нарса. Чунки бир кун инсоннинг ўзидан шундай хато содир бўлса, бошқалар ҳам уни кечиришлари мумкин. Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳузурига кечаси бир одам кириб, ҳамкасби хусусида баъзи сирларни гапира бошлади. У одам шикоятини тўхтатганидан кейин, халифа унга деди: “Эртага сенинг шикоятингни ўрганиб чиқамиз. Тўғри гапирган бўлсанг, уни жазога тортиш билан бирга сен ғийбатчи сифатида саксон дарра уриласан. Агар нотўғри гапирган бўлсанг, бировга туҳмат қилганинг учун саксон дарра уриласан. Агар гапингни қайтиб олсанг ва узр сўрасанг, у ҳам, сен ҳам афв этиласан”, деди.
Авф бу содир этилган гуноҳини ўз вақтида тан олган ва ундан вақт ўтказмай тавба қилган мўмин кишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”.
Аллоҳ таоло бундай дейди: “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14).
Албатта, Аллоҳ бандасининг тавбасини қабул этувчи зотдир. Шундан ўрнак олган ҳолда, инсонлар ҳам бир-бирларидан кечирим сўрашликка имкон беришлари, биродарларининг узрини қабул этишлари ва гуноҳини авф қилишлари лозим.
Агар ёмонлик қилувчидан ўч олмоқчи бўлсак, яхшилик билан олайлик. Чунки ёмонликка яхшилик билан жавоб бериш ёмоннинг ўзини ҳам ҳайратга солиб қўяди ва хижолат қилади. У ўз ёмонлигидан қайтиш билан бирга душманлиги ҳам дўстликка айланади. Кишиларнинг кечирувчанлик фазилатларини Аллоҳ таоло Қуръонда мадҳ этади: “...ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар...” (Раъд, 22).
Яна бир оятда эса, Аллоҳ таоло ёмонликка яхшилик билан жавоб беришни Ўз Расулига буюради: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг. (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур” (Фуссилат, 34).
Кўп ҳолларда инсон ўзининг қилаётган ишини тўғри деб билиб, хато ва гуноҳларга йўл қўяётганини эътироф этгиси келмайди. Шундай ҳолатларда унга ўз хатосини тан олмай адашаётганлигини эслатиб қўйиш мусулмончилик ҳақ-ҳуқуқларидан эканлиги Қуръони каримда баён этилган. Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан бўлиб, уни жиловлаб олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин қалбида тақвоси бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ғазаблари келганда уни ичига ютадиган, одамларни афв қиладиган кишиларни мақтаб, улар ҳақиқий тақводор эканликларини ва улар учун кенглиги осмонлар ва ерга қадар бўлган жаннатлар тайёрлаб қўйилганлигини баён қилган. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам кечиримли бўлишга буюрган.
Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф шаҳрига у Сақиф қабиласини Ислом динига чақириш мақсадида борганларида, улар Аллоҳнинг Расулига имон келтириш ўрнига, у зотни тошбўрон қилиб хайдайдилар. Муборак бошларидан оёқларигача қонга беланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Аллоҳ бу қавмнинг сизга етказган азияти эвазига ўч олиш учун менга нимани буюрсангиз шунга итоат этишимга амр этди” – деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим, қавмимни ҳидоят қил. Улар буни билмай қилдилар”, деб дуо қилдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло сизни марҳаматли ва меҳрибон деб рост айтган экан”, дедилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг...” (Аъроф, 199).
Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга унинг мартаба ва даражасини яна ҳам зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: “Мен сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, айтинг”, дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни афв қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг”, дедилар.
Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, кўнглига ёмонлик, адоват ва ғараз ўрнашиб олган баъзи номақбул инсонлар ўзига ҳар қанча яхшилик, кечиримлилик қилинса ҳам, душманлиги тобора кучаяверади, ёмонликни такрор-такрор амалга ошираверади. Бундай инсон қиёфасидаги шайтонларга муносиб равишда, ёмонлигига баробар ёмонлик билан жазо беришга Аллоҳ таоло ижозат этади, бироқ шунда ҳам сабр ва кечиришнинг афзаллигини эслатади: “...агар интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз! Агар (интиқом олмай) сабр қилсангизлар, албатта, бу сабр қилувчи кишилар учун яхшироқдир” (Наҳл, 126).
“...ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золимларни севмас” (Шўро, 40).
Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқи ҳамидалари билан яхши сифатланиб боришимизни насиб айласин! Имонимизни саломат сақлаб, мулойимлик, ҳаё, қаноатлик, кечиримли солиҳ бандалардан бўлишимизга муваффақ айласин!
Баҳодир МУҲАММАДИЕВ
Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити Исломнинг икки улуғ байрамидир. Уларнинг ҳар бирида улкан маънавий маънолар бўлиб, мусулмонлар ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Қурбон ҳайити Исломда фидокорлик, садоқат ва бағрикенглик рамзи ҳисобланади.
Ушбу муқаддас байрам олдидан Давлатимиз раҳбарининг махсус қарорлари қабул қилиниши, Рамазон ва Қурбон ҳайити саналари дам олиш куни сифатида белгиланиши халқимизнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда маънавий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида нишонланади. Уламолар таъкидлаганидек, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни Аллоҳнинг энг маҳбуб кунларидан бири бўлиб, бу кунларда қилинадиган амаллар, ибодатлар, хайру саховатлар жуда ҳам улуғ ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳузурида яхши амаллар Зулҳижжанинг биринчи ўн кунида қилинадиган амаллардек афзалроқ амал йўқ”, — деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, ушбу кунларда яхши амалларга шошилиш, савобли ишларга улгуриб қолиш айни муддаодир.
Қурбон ҳайитининг фазилатлари амалларидан бири – қурбонлик қилиш ҳисобланади. Қурбонлик, Ислом динида аҳамияти катта бўлган амаллардан бири бўлиб, у Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳнинг розилиги учун фидоийлик ифодаси ўлароқ жонлиқ сўйишдир. Бу амал ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш, фидокорлик, сабр ва тақво каби тушунчаларни ифода этади.
Қурбонлик қилиш нафақат инсоннинг тақвоси, балки ижтимоий меҳр-оқибат, муҳтожларга ғамхўрлик белгисидир. Қурбонлик гўшти фақирларга, қариндошларга, қўшниларга тарқатилиши, аҳиллик ва меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлайди.
Қурбон ҳайити — бу аҳиллик ва муштаракликнинг рамзи бўлиб, бу кунда мусулмонлар ўз қариндошлари, қўшнилари, дўстларининг ҳолидан хабар оладилар, узоқдаги яқинларини йўқлаб боришга ҳаракат қиладилар. Айниқса, кекса, бемор, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олиш — динимизда юксак ажр ҳамда эътиборга сазовор амал ҳисобланади.
Қурбон ҳайити инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳру шафқатни уйғотади, байрам муносабати билан эҳсон қилиш, болалар ва кексаларни хурсанд қилиш каби амаллар нафақат шахсий савоб, балки жамиятдаги яхшилик муҳитини янада мустаҳкамлайди.
Бу кунда имкони бор инсонлар кам таъминланган оилалар, етимлар, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, уларга хурсандчилик улашсалар, бу амалнинг савоби беқиёсдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундан бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”, — дедилар (Имом Муслим ривояти).
Азизлар, айни кунларда юртимиздан 15 минг нафардан зиёд юртдошларимиз Исломнинг беш устунидан бири бўлган Ҳаж ибодатини адо этишга тараддуд кўрмоқдалар. Улар орасида юзлаб нуронийлар, оналаримиз, устоз ва зиёлилар бор. Бу ҳар бир юртдошимизнинг қалбида қувонч уйғотади. Айниқса, мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазрат билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларимиз аҳволидан хабар олганелари, уларга муборак сафарда тўлиқ шароит яратилиши, Ҳаж ибодатини хотиржам ва мукаммал адо этишлари учун зарур кўмак ва дуоларини изҳор этганлари катта воқеа бўлди.
Бу воқелик юртимизда дин ва давлат муносабатлари янги, барқарор ва ҳамжиҳат заминда қурилаётганидан далолатдир. Бу – халқимизнинг муқаддас қадриятларига ҳурмат, Исломнинг пок таълимотига бўлган эҳтиром намунасидир.
Бу каби юксак эътиборлар юртимизда дин ва давлат ўртасидаги мувозанатли муносабатнинг, халқнинг эътиқоди ва қадриятига нисбатан ҳурмат ва эъзознинг амалий намунасидир.
Муҳтарам юртдошлар! Фурсатдан фойдаланиб барчаларингизни ийд ал-Азхо – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинчликлиги барқарор, халқимиз тотувлиги бардавом бўлсин, динимиз янада равнақ топсин, хонадонингиздан файзу барака аримасин!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби