Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Ҳозирги замонда мен ўқиган китобларни ўқиган бирон одамни кўрмаганман”
Ушбу жумлаларни ҳижрий ўнинчи асрда яшаб ўтган машҳур олим Абул Мавоҳиб Шаъроний ўзларининг "Латоифул минан" китобларида ёзганлар. У Зот буни фахр учун эмас, балки Аллоҳ таоло берган неъматлар қаторида зикр қилганлар. Имом Шаъроний сўзларининг давомида қарийб мингга яқин китобларни номини санаб ўтиб, ўқиган китоблари ичида энг асосийлари мана шулар эканини, ҳамма китобларнинг номини бирма-бир ёзиши вақт ва китобдан жойни эгаллашини айтадилар. Дарвоқеъ, ушбу олим мутолаа қилиб чиққан китоблари орасида, биргина китоб қирқ беш жилдни ташкил қилувчи тафсирга оид манбалар ҳам бор.
Имом Шаъроний ўз даврининг 50 дан ортиқ энг машҳур шайх ва олимларидан таълим олган. Аллоҳ таоло илмига барака бериб, диний фанларга доир 300 дан ортиқ китоблар ёзиб қолдирган.
Хуллас, тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмларда замонасининг энг билимдони бўлган ушбу олим мазҳабда Имом Шофеъийга тақлид қилган! Ақидада аҳли сунна вал жамоа — Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий манҳажида, тасаввуфда эса Шозилийя тариқатида бўлган.
Энди ҳозирги кунимизда бир нечта ҳадисни ўқиб, уни ўзича тушуниб олиб “Мен Қуръон ва суннатдан ўзим ҳукм оламан” дейдиган ёшлар инсоф қилсалар бўларди...
Абдуллатиф Турсунов
Бир аёл радиодаги жонли эфирга қўнғироқ қилиб, Аллоҳ унга ёрдам беришини айтиб мурожаат қилди. Бу эшиттиришни эшитиб турган бир мансабдор аёл билан ҳазиллашмоқчи бўлди.
Радиога телефон қилиб аёлнинг манзилини олди. Ёрдамчисини чақириб: “Ҳозир бозорлик қилиб мен берган манзилга олиб борасан. У ерда бир аёл чиқади. Унга олган нарсаларингни берасан. Аёл ким берганини сўраса шайтон бериб юборди деб айтасан” деди. Ёрдамчи ўша манзилга у бу харид қилиб келди. Аёл киши олиб келинган нарсаларни мамнуният билан олиб қолди. Ёрдамчи ҳайрон бўлиб “Бу нарсаларни ким бергани сени қизиқтирмайдими?” деб сўради. Шунда аёл: “менга ким бергани билан ишим йўқ. Бир нарсани яхши биламан, Аллоҳ буюрса шайтон ҳам бўйсунади” дея жавоб қилди.
Акбаршоҳ Расулов таржимаси