Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».
Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.
Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан
Шу кунларда Малайзияда жойлашган Ал-Бухороий халқаро университети ректори Моҳд Салеҳ бин Жаафар бошчилигидаги бир гуруҳ меҳмонлар мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди. Ташрифнинг биринчи куни меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Жаҳонгир Саламов ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.
Маълумки, “Вақф” хайрия жамоат фонди ва мазкур университет ўртасидаги келишувга кўра, бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар Малайзиянинг Ал-Бухорий университетида ўқиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Мазкур келишув доирасида ташриф буюрган университет вакиллари айни пайтда пойтахтимизда жойлашган Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида ёшлар билан суҳбат-имтиҳон ўтказишмоқда.
Тўрт кундан буён давом этаётган суҳбат давомида малайзиялик устозлар ўзбекистонлик ёшлар билан инглиз тилида мулоқот ўтказиб, уларнинг билим ва салоҳиятини синовдан ўтказишмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, устозлар малайзияда ўқиш истагини билдирган ёшларнинг инглиз тилида эркин мулоқот қилишига, уларнинг қизиқиши ва иқтидорига юқори баҳо беришди. Қайд этиш лозим, суҳбат-имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ёшлар Малайзияда юз фоизлик грант асосида ўқиш имкониятини қўлга киритишади.
Ташриф доирасида ал-Бухорий халқаро университети ректори бошчилигидаги делегация аъзолари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа бир қатор идораларда учрашувлар ўтказиши кутилмоқда.
Vaqf.uz