Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.
Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...
Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.
– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?
– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?
– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.
Онам бирпас ўйлаб туриб:
– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.
– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.
– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....
Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.
Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.
Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!
Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси