Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».
«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.
Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.
Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу фазилатли кунни Аллоҳ таоло мусулмонларга насиб айлади. Парвардигор ҳар жума куни олти юз минг кишини дўзахдан озод қилади.
Жума куни вафот этган бандага шаҳидлик ажри берилиши, Аллоҳ таоло уни қабр азобидан сақлаши ҳақида ҳадислар келтирилган.
Жума куни айтилган салавотнинг савоби беҳаддир.
Жума намози Исро кечасида фарз бўлган, лекин мусулмонларнинг сони кам бўлгани сабабли ҳижратга қадар ўқилмаган.
Жума намози Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубода бўлган пайтларида фарз бўлди.
У зот алайҳиссалом Қубода бир ҳафта турдилар, сўнг Мадина томон отландилар.
Илк жума намозини Мадинаи Мунавварадан бир мил узоқликдаги Нақийъул Хазимот деган жойда Бану Солим ибн Авфнинг маҳалласида ўқидилар. Ҳозир ўша ерда «Жума» масжиди қурилган.
Исломдан олдин жума кунини «аруба» деб аташган. Унинг яна бир номи – «явмул мазийд», яъни хайру баракот зиёда қилиб бериладиган кун.
Шунингдек, жума кечаси ҳафтанинг бошқа кечаларидан афзал ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизга жума айёмини муборак этсин! Бу муқаддас кунлардаги ибодат ва дуоларимизни даргоҳида холис қабул айласин!
"Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар" китобидан