Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
* * *
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).
* * *
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти).
* * *
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).
Cавол: Эҳромдаги инсон хушбўй салфетка, совун ёки шампун ишлатиб қўйса, бирор жарима лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Хушбўй салфетка, совун ёки шампун каби воситаларни эҳромдаги киши ишлатиши макруҳ амал саналади. Лекин ушбу воситаларни ишлатиш билан қўй сўйиш вожиб бўладими ёки садақами деган масалада замонамиз уламолари ва фатво уюшмалари турлича жавоб берганлар.
Ушбу масала юзасидан мазҳабимиз манбаларига таяниб айтамизки, хушбўй салфетка, совун ва шампун кабилар тозалик воситалари саналади ва ундан аксар ҳолда хушбўйланиш учун фойдаланилмайди. Бунга ўхшаш масалани қадимги фуқаҳоларимиз қуйидагича баён қилишган: “Эҳромдаги киши хушбўйлиги бор ушнон (кирни кеткизиш воситаси, ишқор) билан қўлини ювса, уни кўрганлар: “Бу ушнон”, десалар, садақа, агар “Бу хушбўйлик”, десалар, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади” (“Муҳитул-Бурҳоний” китоби).
Демак, ишлатилаётган хушбўй нарсани кўпчилик одамлар нима деб қабул қилишига қараб ҳукми таъйин топади. Бугунги кунимизда хушбўй салфетка, совун ёки шампунни ҳеч ким асл хушбўйлик, деб ҳисобламайди.
Қолаверса, хушбўй салфетка, совун ва шампун каби воситалар айни хушбўйлик воситаси эмас, балки унга хушбўйлик қўшилган тозалик воситаларидир. Бундай воситаларда тозаловчи моддалар миқдори кўп, хушбўйлик миқдори оз бўлса, унга хушбўйлик ҳукми берилмайди.
Шу билан бирга совун саноатидан маълумки, уни 100 даража иссиқликда пиширилади. Фуқаҳоларимиз хушбўйлик аралашган нарсалар пиширилиши (қайнатилиши) натижасида, гарчи ундан хушбўй ҳид келиб турган бўлса ҳам, хушбўйлик ҳукмидан чиқишини айтганлар. Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:
“Агар хушбўйлик таомга қўшиб пиширилса ва ўзгарса эҳромдаги киши уни истеъмол қилишининг зарари йўқ. Бунда унинг хушбўй ҳид бор ёки йўқлигининг фарқи йўқ. Чунки бу ҳолатда хушбўйлик пишириш (қайнатиш) натижасида таомда йўқолиб кетади. Агар пиширилмаган бўлса ва хушбўй ҳиди келиб турса, эҳромдаги киши уни истеъмол қилиши макруҳдир. Лекин унинг зиммасига бирор нарса вожиб бўлмайди. Чунки бунда таом ғолиб келган, хушбўйлик моддаси эса аралашиб, йўқолиб кетган бўлади” (“Бадоиус саноиъ” китоби).
Ушбу маълумотлардан хулоса қилиб айтганда салфетка, совун ёки шампун каби воситаларнинг хушбўй ҳиди бўлса, уни ишлатган эҳромдаги киши бир соъ (2 кг) буғдой ёки унинг қийматини садақа қилиш лозим бўлади. Аммо булар билан тўлиқ бир аъзо уч ва ундан кўп ўрин (макон)ларда ювилса, жонлиқ сўйиш лозимдир. Агар ушбу воситаларда ҳеч қандай хушбўй ҳид бўлмаса, жонлиқ ҳам, садақа ҳам лозим бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази