Агар коинотда Ой бўлмаса, Ерда 1 сутка, яъни бир кеча кундуз 8 соат ва 1 йил 1000 кундан иборат бўлар эди.
Шунинг учун Қуръони Каримда:
"Қуёш ҳам, Ой ҳам аниқ ҳисоб билан сайр қилур" - Раҳмон, 5;
"У тонг оттирувчидир. Тунни оромгоҳ, Қуёш ва Ойни эса ҳисоб белгилари қилиб қўйди. Бу қудратли ва Доно зотнинг ўлчовидир" - Анъом, 96;
"У Қуёшни зиё таратувчи ва Ойни нур сочувчи этган ҳамда йилларнинг ададини ва вақт ва замонга доир ҳисобини билишларингиз учун уни Ойни манзилларга бўлиб ўлчаб қўйган зотдир..." - Юнус, 5;
"Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ - ўн икки ойдир..." - Тавба, 36;
"Сиздан, Эй Муҳаммад! ҳилоллар янги ойлар ҳақида сўрайдилар. "Улар одамларга йил ҳисоби ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир", - деб айтинг" - Бақара, 189.
Ҳижрий йил ҳисоби — мусулмонлар йил ҳисоби. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кўчиб ўтиши билан ҳижрий йил ҳисоби бошланган. У қамарий-ой ва шамсий-қуёш йил ҳисобига бўлинади.
Қамарий бўйича йил ҳисоби 622 йилнинг 16 июли жума кунидан бошланиб, Ойнинг кетма-кет келган икки бир хил фазаси орасида ўтган вақт — синодик ой, 29,530588 кун, даврига асосланган.
12 ойдан иборат бир қамарий йил 354,3671 кундан иборат. Қамарий йилда 1, 3, 5, 7, 9 ва 11-ойлар 30 кундан, қолганлари 29 кундан бутун қилиб олинган.
Ойлар тартиби билан муҳаррам, сафар, рабиул аввал, рабиул охир, жумодул аввал, жумодул охир, ражаб, шаъбон, рамазон, шаввал, зулқаъда ва зулҳижжа деб аталади. Қамарий йил тропик йилдан 10-12 кун қисқа.
Қамария ҳисоби Яқин ва Ўрта Шарқнинг кўп давлатлари ва бошқа баъзи давлатларда қўлланади.
Шамсий ҳисоб 622 йилнинг баҳоридан, кун ва тун тенг келган куни — 21 мартдан бошлаб ҳисобланади.
Кейинги йил бошлари эса 20, 21 ёки 22 мартга тўғри келади. Давомийлиги Григорий календари каби 365 ёки 366 кундан иборат.
Шамсий ҳисоб бўйича ойларнинг номлари ҳут, ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сумбула, мезон, ақраб, қавс, жадий ва далв бўлиб, бу ойлар доимо йилнинг маълум бир вақтларида келади.
Ўрта Осиё халқлари Шамсий ҳисоби бўйича йилнинг дастлабки кунларини Наврўз байрами сифати нишонлайдилар.
https://t.me/oliymahad/29265
Ўтган солиҳ зотлар жамоат билан намоз ўқиёлмай қолсалар, бир-бирларига таъзия изҳор қилишар экан. Шундай зотлардан бири Ҳотамул Асом айтади: “Мен жамоатга улгурмай қолдим, шунда менга Абу Исҳоқ Бухорийнинг бир ўзи таъзия билдирди. Агарда ўғлим ўлиб қолса минглаб одамлар таъзия изҳор қилишади. Бунинг сабаби одамлар наздида дин мусибати дунё мусибатларидан кўра арзимас саналганидандир”.
Бугунги кунда орамизда қанчалаб одамлар жамоат намозларини ўтказиб юборадилар, жиддий эътибор қаратмайдилар. Баъзида иш, ғам-ташвишларнинг кўплигини баҳона қиламиз, тўғрими?! Яна кўплар туни билан ухламасдан, бомдод намозига яқин ухлаб қолишлари ҳам бор гап.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Зимистонда масжидлар сари одим ташловчиларга қиёмат кунидаги тамомий нурнинг хушхабарини беринглар”[1] деганларини наҳот эшитмагансиз?!
Шайтон сизнинг устингиздан ғалабага эришиб, намозда хотиржамлигингизни кетказишига имкон берманг!
Омир ибн Абдуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида азон овозини эшитиб: “Мени қўлимдан тутинглар”, дедилар. Омир ибн Абдуллоҳга “Ахир сиз бетобсиз-ку”, дейишганида: “Аллоҳнинг чақириғини эшитиб туриб, унга риоя қилмайманми”, дедилар. Кейин у кишини қўлидан ушлаб турғизишди. Масжидда имом билан шом намозининг бир ракатини ўқидилар ва жон таслим қилдилар.
Яна бир мисол: Суфён ибн Уяйна азон айтилишидан илгари намозга боришга иштиёқманд бўлганлар ва доим: “Намозга азон айтилмагунича масжидга келиб турмайдиган ёмон қул бўлма. Чунки ёмон қул чақирмагунингча келмайди”, дер эдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб ўтирардик, у зот ҳам биз билан гаплашиб ўтирардилар. Борди-ю, намоз вақти кириб қолса, бир-биримизни танимагандай бўлиб олардик”[2].
Шукрки, орамизда масжидда биринчи сафга жойлашиш учун ғайрат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Набий алайҳиссалом: “Агарда одамлар азонда ва биринчи сафда нималар борлигини билишса эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа чора бўлмаса, албатта, қуръа ташлаган бўлардилар”, деганлар.
Саид ибн Мусайяб айтади: “Мен эллик йилдан бери бирор марта биринчи такбирни ўтказиб юбормаганман. Эллик йилдан буён намозда бирорта кишининг бошининг орқасига қараган эмасман”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти.
[2] Мурсал ҳадис. Ироқийнинг “Иҳё”га ёзган тахрижига қаранг (1, 205).