Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ. Амма баъду.
Ёшларни мурғаклик вақтидан она меҳри, ота эъзози ила тарбия қилиб бориш уларни келажакда ўз ота-оналарига меҳрли бўлиб униб ўсишларида муҳим аҳамият касб этади. Нафақат ота-онасига, балки оиласига, туғилиб ўсган ошиёни, атрофдаги яқинлари ва шу яқинлари билан уларни бир ерга жамлаб турган ватанига муҳаббатли бўлиб ўсишига сабаб бўлади. Бежизга Ватан сўзи олдига Она сўзи қўшиб айтилмайди. Зеро, Ватан инсон учун энг азиз, энг қадрли маскан, унинг учун керак бўлганда жонни фидо қилса ҳам арзийди.
Шонли тарихимизда юртимиз ҳимояси учун ўз жонларини қурбон қилган, ватан озодлиги йўлида жонларини фидо қилган аждодларимизнинг номлари ҳали хануз юксак эҳтиром ила тилга олиниши ҳам шундан. Чунки, улар қалбларидаги Ватанга бўлган муҳаббатни энг керак бўлган вақтда амал билан исботлаб келажак авлодга ўрнак бўлдилар.
Динимиз таълимотларида кишининг ўз ватанига муҳаббатли бўлиши юксак қадриятлардан эканлиги таъкидланган. Имом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Башарият ўз ерларини қандай бўлса шундайлигича яхши кўрадилар, гарчи у ер ташландиқ, қўрқинчли бўлсада. Ватанни севиш инсон қалбида ўрнашган ғариза бўлиб, у инсонни ўз ватанида роҳат топишига сабаб бўлади. Ватанидан йироққа кетганида уни соғинади, унга душман ҳужум қилса мудофаасига отланади, у ҳақида ножоиз гап айтилса ғазабланади”.
Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ибодат билан муолажа қилдим, лекин нафсимнинг Ватанга интилишидай оғир нарсани топмадим”. Яна айтадилар: “Мен қолдирган нарсаларнинг бирортаси Ватанни тарк этишдек оғир бўлган эмас”.
Имом Замахшарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳамма ўз ватанини, яшайдиган ерини, туғилган жойини ва ватандошларини яхши кўради” (Асосул балоға).
Албатта, ватанга бўлган муҳаббат туйғуси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам бегона эмас эди. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан чиқиб кетаётганларида унга қараб шундай дедилар: “Эй, Макка, қанчалар чиройлисан, сен мен учун энг севимлисан. Агар қавмим мени сендан қувиб чиқармаганида, мен сендан бошқа ерда яшамаган бўлар эдим”.
Имом Бухорий ўз Саҳиҳларидан Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, у киши айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан қайтсалар ва Мадинанинг деворлари кўрина бошласа, туяларининг юришини тезлатар, агар ҳачирда бўлсалар уни шошилтирар эдилар”. Яъни, соғинчдан шундай қилар эдилар.
Аллоҳ таоло биз бандаларини ҳидоят йўлларига чорлар экан, жумладан шундай дейди: “Савобли ва тақволи ишда ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват ишларида ҳамкорлик қилмангиз” (Моида сураси, 2-оят).
Тақво дегани, фақат ибодат ёки садақанинг ўзигина эмас, балки тақвонинг энг мукаммали ватанни севиш, уни асрашдир. Аллома Шайх Муҳаммад Шокир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Сиз ҳеч қачон тақво деганда фақат намоз, рўза ва шу каби ибодатларни ўзинигина тушунманг. Аллоҳга ҳақиқий тақво қилиш ҳамма нарсада бўлади. Роббингизга ибодат қилишда ҳам тақво қилинг, унда сусткашлик қилман. Биродарларингиз борасида ҳам Аллоҳга тақво қилинг, уларнинг бирортасига озор етказманг. Ватанингиз борасида ҳам Аллоҳга тақво қилинг, унга хиёнат қилманг, уни душманнинг қўлига топшириб қўйманг. Ўз нафсингиз борасида ҳам Аллоҳга тақво қилинг, унинг саломат бўлишига бепарво бўлманг, ёмон хулқ билан хулқлантириб қўйманг”.
Демак, ояти каримадан маълум бўладики, умумжамият ишларида ҳамкорлик қилиш зиммамизга фарздир. Бу ишда ҳар ким имконияти даражасида ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Айниқса, ватан равнақи, унинг тинчлигини асраш, турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш нафақат мудофаа тизими кишиларининг вазифаси, балки бу ишда ҳар бир фуқаро ҳамкорлик қилмоғи илоҳий кўрсатмадир.
Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Уммат шу нарсага иттифоқ қилганки, шариат аҳкомлари бешта зарур нарсаларни ҳимоя қилишга қаратилган. Улар: дин, жон, насл, мол ва ақл”. (Ал-мувофақот). Модомики, Аллоҳ таоло ўз шариатини мана шу беш нарсани муҳофаза қилишга қарата жорий этган экан, нима учун банданинг ана шу нарсаларни асраш йўлида жон фидо қилиши ибодат бўлмасин?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким оиласини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким динини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким жонини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир” (Имом Термизий ривояти). Имом Байҳақий “Сунан”да, Тоялисий ”Муснад”да ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар бир киши бошқа бир кишининг жонини омон қолдиришга ишонтириб, сўнгра уни ўлдирса, мен у қотилдан безорман, гарчи ўлдирилган киши кофир бўлсада”.
Ватангадо бўлишлик энг оғир кулфат. Инсон учун энг оғир келадиган жазо ҳам шу. Шунинг учун ҳам шариат аҳкомларининг жиноятга жазо бериш бобларида энг жирканч гуноҳ (оиласи бўлатуриб зино қилган) кишиларни ватандан қувғин қилиш жазоси белгиланган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда қалбида имони йўқ мунофиқлар ҳақида шундай дейди: “Агар биз уларга: “ё ўзларингизни ўлдиринг ёки ватанларингиздан чиқиб кетингиз”, - деб буюрганимизда эди, оз қисмидан бошқаси уни қилмаган бўлар эди” (Нисо сураси, 66-оят).
Имом Абу Ҳайён Андалусий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мазкур оятда ватанни ташлаб чиқиб кетиш жуда оғир иш эканлигига далолат бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло уни ўз жонига қасд қилиш билан бирга зикр қилди” (Баҳрул Муҳийт). Маълум бўладики, қайси сабабдан бўлишидан қатъий назар инсон учун ватандан айрилиш ўлим билан баробар мусибатдир.
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Сизлардан қай бирингиз тонг отганда уйи тинч, тани соғ, уйида бир кунлик егулиги бўлса, гўёки унинг уйида дунёнинг ҳамма неъматлари мужассам бўлибди” (Имом Термизий ривояти).
Демак, инсон учун ўз уйида, тинч ва осойишта ватанида соғ ва омонликда умргузаронлик қилиши катта бахт ва буюк неъматдир. Неъматни эса, зое қилмаслик, аксинча уни асраб-авайлаш, унинг шукронасини бажо келтириш ҳар бир банда учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Ҳомиджон Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари.
Ярмук – мусулмон ва Рум қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган жанг. Унда асрлар ўтса-да, мангуликка юз тутган ажиб лавҳалар бор. Уларнинг баъзилари қуйидагилардир:
Урушнинг айни қизиган палласи. Бир киши Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳазратларига яқинлашди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: “Мен шаҳид бўлишга астойдил бел боғладим”, деди. Ҳалиги киши: “Бирор-бир гапингиз бўлса айтинг, мен Расулуллоҳ билан кўришган пайтим у зотга етказиб қўяман”, деди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: «Ҳа, у зотга буни етказ: “Расулуллоҳ, бизлар Роббимизнинг ваъдаси ҳақ эканини топдик”», дедилар.
Рум қўшинларининг ҳужуми кучайган пайтда Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг орасида: “Аллоҳ таоло мени ҳидоят қилмасидан аввал мен Расулуллоҳга қарши жанг қилардим, энди бугун Аллоҳнинг душманларидан қочиб кетаманми!” – дея жар соларди. Орадан кўп ўтмай, Абу Жаҳл яна: “Ким ўлимга байъат қилади?”[1] – деди.
Мусулмонларнинг бир жамоаси у зотга байъат қилишди ва уларнинг барчаси биргаликда жанг майдонига киришди. Уларнинг мақсадлари ғалаба ва шаҳидлик эди. Аллоҳ таоло уларнинг байъатларини қабул қилди ва уларнинг бари Аллоҳнинг инояти ила шаҳидликка эришдилар.
Тарих зарварақларига эътибор қаратинг. Буюк қўмондон Холид ибн Валид 100 кишилик қўшини билан тўрт минг кишилик Рум қўшинларига қарши турдилар. Қаранг-а! Юз кишилик қўшин тўрт мингта аскарга қарши чиқиб, уларни енгса-я?! Бу уларнинг қалблари Аллоҳга бўлган иймонлари билан тўлиб-тошгани эканининг белгиси эмасми?!
Уруш бироз тинчиб турган пайтда Холид ибн Валиднинг олдига Жўржа исмли Рум қўмондони келди ва: “Эй Холид, нимага даъват қиляпсан? Айни пайтда Исломни қабул қилган кишига ҳам сизларга берилгандаги каби ажру савоб насиб қиладими?” – деб сўради.
Саҳобий: “Ҳа. Ундан кўпроғи ҳам насиб этиши мумкин”, деди.
“Қандай қилиб? Ахир сизлар аввалдан мусулмон бўлиб, ўзиб кетгансизлар-ку?!” – деди Рум қўмондони. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшадик ва у зотнинг мўъжизаларига гувоҳ бўлдик.
Бизнинг кўрганларимизни кўриб, биз эшитган нарсаларни эшитган одам Исломни осонликча қабул қилиши ҳақиқат. Лекин сизлар у зотни кўрмагансизлар, у зотнинг гапларини эшитмагансизлар, бундай ҳолда ғайбга иймон келтирган бўласизлар. Агар сизлар ниятингиз, қалбингиз ила Аллоҳга иймонда ростгўй бўлсаларингиз, сизларнинг савобларингиз буюкроқ бўлади”, дедилар. Бу гапларни эшитган Рум қўмондони оҳ урди ва: “Эй Холид, менга Исломни ўргат”, дея ўзини Холид розияллоҳу анҳу тарафга ташлади.
Шундай қилиб Рум қўмондони Исломни қабул қилди. Аллоҳ таоло учун икки ракат намоз ўқиди, ҳақиқатда икки ракат, бундан бошқача эмас. Икки тараф яна урушга киришди. Жўржа энди мусулмон аскарлар сафида шаҳидлик мақомига эришиш илинжида жанг қиларди.
Ҳа! Ўша икки ракат намоз сабабидан Аллоҳнинг изни ила унга жаннат насиб этди, унинг бундан бошқа амали йўқ эди...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бунинг маъноси: “Мен ўлгунимча шу жанг майдонидан ортга чекинмайман, то сўнгги нафасим қолгунича мусулмонлар сафида Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қиламан, мени фақатгина ўлим тўхтата олади” (Тарж.).