Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي قَزْعَةَ، عَنْ رَجُلٍ قَالَ: نَزَلْنَا فِي بَعْضِ الطَّرِيقِ، فَسَمِعْنَا نَهِيقَ حِمَارٍ مِنَ اللَّيْلِ، فَسَأَلْنَا عَنْهُ، فَقَالُوا: كَانَ هَذَا رَجُلًا عِنْدَنَا، وَكَانَتْ لَهُ أُمٌّ، فَكَانَتْ إِذَا قَالَتْ لَهُ شَيْئًا قَالَ لَهَا: انْهَقِي نَهِيقَكِ! فَلَمَّا مَاتَ سَمِعْنَا نَهِيقَهُ مِنَ الْقَبْرِ.
Абу Қазъа бир одамдан ривоят қилади: «Йўлда бир ерга тушдик ва кечаси эшакнинг ҳанграшини эшитдик. Бу ҳақда сўраган эдик, бизга: «Бу бизнинг ичимиздаги одам эди. Унинг онаси бор эди. У боласига бир нарса айтса, у: «Эшакка ўхшаб ҳанграйверма», дерди. У ўлганидан кейин қабридан эшакнинг ҳанграшини эшитдик», деди».
Шарҳ: Бола онасига беҳурматлик қилгани учун унинг назаридан қолди ва Аллоҳ таоло уни шундай жазолади. Мана, энди қабрида эшакка ўхшаб ҳанграб ётибди. Бу жуда даҳшатли нарса, Аллоҳнинг Ўзи сақласин.
Мазкур нобакор фарзанднинг онасига қилган оқлиги жазоси қиёматга қолмай, бу дунёнинг ўзида бошқаларнинг қулоғига эшитилиб турадиган эшакнинг ҳанграши тарзида юзага чиқди.
Имом Ҳоким келтирган ривоятда айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло барча гуноҳлардан истаганини қиёмат кунига қолдиради. Фақатгина ота-онага оқ бўлиш ундай эмас. Аллоҳ унинг (бу гуноҳнинг) соҳибига жазони бу дунёда, вафотидан олдин тезлатиб беради», дедилар».
Уламоларимиз ота-онасига оқ бўлган фарзандга ҳолатга қараб таъзир жазоси белгиланишини таъкидлаганлар. Мисол учун, фарзанд ота-онасини ёки улардан бирини сўкса ёки урса, улар унга таъзир беришлари мумкин ёхуд масъулларга арз қилиб, таъзир берилишини талаб қилишлари мумкин.
Бундай пайтда маҳкама қамоқ, уриш ёки шунга ўхшаган таъзир жазолари ҳақида ҳукм чиқариши мумкин бўлади.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсонларнинг Аллоҳга энг севимлиси - уларга энг кўп фойда келтирувчисидир”.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: “Ҳақиқий инсон ўзгаларга шодликда ҳам, қийинчиликда ҳам вафо ила мудом ёрдам берганидир.
Инсонлар орасида энг карамлиси – бошқаларнинг эҳтиёжларини қондирган кишидир.
Эҳсон қўлини ҳожатманд кимсадан узма. Зеро, маълумдирки, ким инсонларнинг эҳтиёжини қондиришда давом этса, кунлар унинг шарафини қайта-қайта тасдиқлайди. Аллоҳнинг сенга берган ушбу фазлига шукр қил. Зеро, сени ўзгалар учун ҳожатбарор қилди, сени ўзгаларга муҳтож этмади.
Кўпчилик одамлар ўтдилар, аммо уларнинг фазилатлари ҳализамон барҳаёт, яна кимлардир ҳаёт, аммо улар одамлар орасида гўёки ўлик каби”.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ