Бир қиз айтади:
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайғуларини намоз билан енгганларини, мусибат етса, дарҳол намозга шошилганларини билганимдан кейин мен ҳам шундай қилишга қарор қилдим. Ғам-ташвиш етадиган бўлса, туриб, таҳорат қилиб, холис Аллоҳ учун икки ракъат намоз ўқийман.
Мен бу даражага етгунча учта босқичдан ўтдим.
Биринчи босқич – кураш ва мустаҳкам туриш босқичи. Бошида намоз менга оғирлик қилди. Қайғуларимни, шайтонимни енггунимча анча қийинчиликларни бошдан кечирдим. Намозга турардим-у, намоз ўқиб бўлганимдан кейин маҳзунлигим аримагандай бўлаверарди. Лекин нафл намоз ҳам дорига ўхшар экан, уни ҳам вақтида, ихлос билан, бардавом қилиш керак экан. Ҳеч қайси дори бирдан самара бермайди. Аксинча, баъзан дори ичишни бошлаган пайтда касаллик бир кучайиб ҳам олади. Намоз ҳам шундай экан. Энди бошлаганингда қайтага ташвишлар, қайғулар бир кучайиб ҳам оларкан.
Иккинчи босқич: одатланиш ва енгиллашиш босқичи. Ҳар гал (каттами, кичикми) қайғуни ҳис қилганимда намоз ўқишга одатланганим сари намозлар менга малол келмай қўйди. Энди намозлар биринчи босқичдаги каби оғирлик қилмас эди. Бундан ташқари, намоз қайғуларимни бироз бўлса-да, енгиллатаётгандек эди.
Учинчи босқич – намоздан баҳра олиш босқичи. Бу менга Аллоҳ берган улкан инъом эди. Қаршилик ва одатланиш босқичидан кейин намоздан лаззатланиш босқичига ўтдим. Намозда ва саждада ўзгача руҳий осойишталик ҳис қила бошладим. Бу лаззат менга қайғуларни борича, бўрттирмасдан кўрсата бошлади. Мен ўзим учун илоҳий ҳикматни кашф этдим. Бошқалар ғам-қайғуларини дорилару маст қилувчи нарсалар билан унутишга ҳаракат қилиб юрибди (Аллоҳ асрасин!) Аммо кайфи тарқагач, ўша унутмоқчи бўлган ташвиши икки баробар бўлиб қайтади. Қарабсизки, бу бечора қайғуларини унутиш учун ундан ҳам кўп ичади ёки бундан ҳам оғирроқ гуноҳларга журъат қилади. Лекин ҳар қанча уринмасин, бу билан қалб маҳзунликларини ҳеч қачон даволай олмайди, аксинча, бундан бошқа дардни ҳам орттириб олади. Бу дард – гуноҳ сабабли пайдо бўладиган изтиробдир.
Ғам-ғуссаларини намоз билан муолажа қиладиган инсон эса қайғуларига қарши қийинчилик билан эмас, балки лаззат, саодат билан Парвардигорга яқинлашишдек улкан ҳиссиётлар билан курашади. Ҳар қандай ғам-ташвишларнинг шифоси айнан шудир. Қайғулар кўпроқ намоз ўқишга сабаб бўлаётган экан, шунинг ўзи ҳам Парвардигор берган улкан туҳфадир. Чунки кимнинг намози кўп бўлса, Жаннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Яқинда қариндошларникига меҳмонга борганимизда оила бекаси ташвишли кўринди. Суҳбат орасида ёрилди. Бир йил олдин турмушга узатган қизи яқинда фарзандини дунёга келтирибди. У туғуруқхонага қизини кўргани борса, аёл қуда: “Неварам янги бешикда ётишини хоҳлайман, шунга қараб тайёргарлик кўраверасиз-да”, деб писанда қилибди. Бу гап ёлғиз боши билан оиласини зўрға тебратаётган аёлни ғамга ботирибди. Ахир қудасиникига бешикка қўшиб куёвига ва унинг барча оила аъзоларига сарпо-суруқ ҳам кўтариб бориши керак-да.
Ўйлаб қоласан, келин эрига бола, қайнона-қайнотасига невара туғиб берса-ю, яна унинг ота-онаси муттаҳамдек куёви ва қудаларига хушомад қилиб совға улашишга мажбур бўлса…
Тўғри, ҳадя бериш орадаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди. Лекин бу вазиятда совға аслида кимга берилиши лозим? Барча эҳтиром тўққиз ой ҳомиласини кўтариб юриб, минг оғриқ-азоб ичида чақалоқни дунёга келтирган келинга қаратилиши керак эмасми?
Афсус, ҳозирги кунда қиз узатган ота-онанинг боши узоқ вақт сарфу харажатдан чиқмайди. Тўйда қилинган келин сеплари, сарпо-суруқлар, мебеллар билан қутулса кошкийди. Невара кўришса, бешик тўйи қилиб беришлари, қуданикида ўтказиладиган оилавий тадбирларга совғалар, суннат тўйида маълум одамларга бошоёқ сарполар, маиший жиҳозлар олиб боришлари урфга айланган. Совғалар бироз камтарона бўлиб қолса, келин ва ота-онасининг боши маломатдан чиқмайди. Юқоридаги мисол айрим куёвларнинг нафақат шаръий ҳукмларни билмаслиги, балки орсизлиги, жоҳила онасининг измидан чиқмаслиги ва у билан бу масалада ҳамфикрлигини ҳам кўрсатади.
Булар – ҳали урфга айлангани учун келин томоннинг елкасига ортиладиган мажбуриятлар. Аянчлиси, хотинининг ота-онасидан турли нарсаларни очиқдан-очиқ тама қилувчи эркаклар ҳам учрамоқда. Аёлига: “Машина сотиб олмоқчиман, отанг ёрдам берворсин”, “Уй қураман, қурилиш материаллари олиб берсин” қабилида талаблар қўяётган боқиманда эрларни ким деб аташ мумкин?
Бир танишимнинг айтишича, келин бўлиб тушганига икки йилча бўлган синглисини эри ва қайнона-қайнотаси ёз бўйи томорқасида ишлатиб, бемор бўлиб қолгач, “қизингиз касалманд экан” деб ота уйига олиб келиб ташлашибди. Мақсад – хотинни даволатишга кетадиган сарф-харажатни унинг ота-онаси зиммасига юклаш. Ахир динимиз аёлни нафақа, бошпана билан таъминлаш, касал бўлса, даволатиш ва бошқа тасарруфларини эрнинг вазифаси этиб белгилаган-ку.
Аллоҳ таоло таълим беради: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар) дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир…” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркак киши оила раҳбари бўлгани учун аҳли аёли, фарзандларини ҳимоя қилишга, уларнинг моддий таъминотига масъулдир. Унинг ҳалол йўл билан бола-чақасини боқиши ибодат бўлиб, бунинг учун ажру савобга эришади.
Омир ибн Саъддан, у отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта, сен аҳлингга ҳар қандай нафақа қилсанг, унга ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингнинг оғзига тутган луқмага ҳам”» (Имом Аҳмад ривояти). Демак, ҳалол меҳнат қилиб, оиласига ризқ олиб келадиган эркак дангасалик, боқимандалик оқибатида содир бўладиган гуноҳдан сақланиш билан бирга, ажр-савобга ҳам эришади.
Юқоридаги ҳолатларда эса эркаклар ўзининг оилада раҳбарлигини аёлига ёки фарзандларига ғамхўрлик эмас, зулм қилиш деб тушунмоқда. Улар тезда ўзларини ислоҳ қилмасалар, золим банда сифатида катта гуноҳ орттириб, охиратда мазлумларнинг ҳақини топтагани учун жавоб беришларига тўғри келади.
Исломда нима учун оила раҳбарлиги эркакка берилган? Бу саволга ушбу ояти каримада жавоб берилади: “Aллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар” (Бақара сураси, 34-оят).
Ояти каримада эркаклар аёлларга нисбатан жисмонан кучли, оғир-босиқ табиатли этиб яратилгани, шу билан бирга, оиласига нафақа ажратганлари учун уларга раҳбар эканлари айтиляпти. Демак, раҳбарлик учун фақат жисмоний ва ақлий устунлик эмас, олийҳимматлик ҳам зарур. Мухтасар айтганда, эркак киши оиладаги бурчини шариатга мувофиқ адо этса, дунёда ва охиратда яхшиликларга эга бўлади. Масъулиятсизлик эса унга фақат ва фақат бахтсизлик, пушаймонлик олиб келади.
Азимжон АЛИМЖОНОВ,
Тошкентдаги “Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws