Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бандаларини ёлғон гапиришдан қайтарган. Ёлғон гапириш энг оғир гуноҳдир.
«Ёлғон» сўзи араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади.
Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар:
Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ: «Ёлғон – хабарнинг воқеликка тўғри келмаслигидир», деган.
Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: «Ёлғон – бир нарса ҳақида қасддан бўлсин, ноқасддан бўлсин, унга хилоф нарсани гапиришдир», деган.
Ёлғон сўзда бўлиши билан бирга, амалда ҳам бўлади. Бунда ёлғончи бўлмаган нарсани бўлган қилиб кўрсатиш учун ҳийла қилади. Ёки унинг акси бўлиб, бўлган нарсани бўлмаган қилиб кўрсатишга уринади.
Аллоҳ таоло Ғофир сурасининг 28-оятида “Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошган, каззоб шахсни ҳидоят қилмас” дейди.
Бу ояти каримада ёлғончи шахс ҳаддидан ошган киши эканлиги таъкидланмоқда. Бундан ёлғончи шахс гап-сўзида ҳаддидан ошиши келиб чиқади. Энг ёмон томони эса, ёлғончини Аллоҳ таоло ҳидоят қилмас экан. Демак, Аллоҳ таоло Ўзининг китобида ёлғон гапиришни қаттиқ қоралаган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёда энг гўзал хулқ соҳиблари эдилар. Умматнинг ислоҳи учун ғамхўр ва жонкуяр зот эдилар. Ул зоти шарифнинг ҳар бир сўзида биз осий умматларнинг икки дунё саодатига етишимиз учун етарлича дарс ва сабоқлар бор. Қуйидаги ҳадисдан маънавий иллат – ёлғончилик ҳақида керакли сабоқ олишимиз мумкин:
Суфён ибн Асад Хазрамийдан ривоят келтирилди. У киши айтадики: мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган эдим, у Зот шундай дер эдилар: “Мусулмон биродарингга сўзлаётган сўзингга у ишонса-ю аммо сен ёлғон сўзлаётган бўлсанг, мана шу хулқинг энг катта хиёнатдир!” (Абу Довуд ривоят қилган).
Кишининг ёлғон ишлатишига бир неча сабаблар бор:
1. Фойда жалб қилиш.
Ёлғончи ўзига фойда етишини кўзлаб, одамларни алдаб, ўз манфаати учун ёлғон гапиради.
2. Зарарни қайтариш.
Ёлғончи ўзига етиши мумкин бўлган зарарни қайтариш мақсадида ҳам ёлғон тўқийди. У ўзича шу тўғри йўл, деб ўйлайди. Аммо икки ҳолатда ҳам ўзига бу дунё ва охират зарарини жалб қилаётганини ўйламайди.
3. Сўзни ва гапни чиройли чиқаришга уриниш.
Бунда ёлғончи тўғри сўз ва рост гап ила одамларга ёқиш, уларнинг эътиборини тортиш имкони йўқ бўлганидан, уларга ёқадиган гап-сўз излаб, ёлғон тўқийди.
4. Душмандан ўч олиш мақсади.
Бунда ёлғончи душманини шарманда қилиш ва ундан ўч олиб, кўнгли тўлиши учун ёлғон тўқийди.
5. Ўз обрўсини орттириш мақсади.
Бунда ёлғончи ўзини аҳли фазл, олим, уддабурон қилиб кўрсатиб, мақтаниш учун ёлғон тўқийди.
6. Ёлғон гапириш одатига айланиб қолгани ва нафси шу нарсани истайдиган бўлиб қолгани сабабли бу ишни қиладиганлар ҳам бор.
Инсон бирор дўстига, мўмин ва диндош сифатида ишониб, қулоқ солса-ю аммо у кимса ишончни оқламаса, уни алдаб ёлғон сўзласа, бу унинг диндошига нисбатан энг катта хиёнати экан. Дўстимиз ва биродарларимиз билан суҳбат чоғида фақат Аллоҳдан қўрқиб, уялиб сўзлашмоғимиз лозим. Инсондан уялиб, ёки ундан қўрқиб уни норози бўлишини истамаслик баҳонаси ила ёлғонга йўл қилсак, бу бизнинг иймонимизга хиёнат, диндошимизга хиёнат, Расулимизга хиёнат, Роббимизга хиёнат ўлароқ баҳоланади. Бу суҳбат қандай ҳолда бўлишининг аҳамияти йўқ. Хоҳ у юзма-юз бўлсин, ёҳуд телефон орқали, ва ёки ижтимоий тармоқлар орқали бўлсин. Бари бирдек баҳоланади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар банда ёлғон гапирса, у қилган нарсанинг сассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади”, дедилар (Имом Термизий ривоят қилган).
Ушбу муборак ҳадиснинг маъноси шундан иборатки, бу дунёда бандани қўриқлаб туриш учун бириктирилган фаришта хам унинг ёлғонини сассиғидан ҳазар қилиб, ундан қочар экан. Фариштаси қочган одам ким деган одам бўлади? Халқимиз ичидаги “Фалончининг фариштаси йўқ” деган гаплар бежиз эмас экан.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда эса, қуйидагилар айтилади: Ҳадис ривоятчиси Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки:
“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?”, деб сўралди. У зот алайҳиссалом: “Ҳа”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими?” деб сўралди. У зот алайҳиссалом: “Ҳа”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?”, деб сўралди. У зот алайҳиссалом: “Йўқ”, дедилар.
Имоми Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ёлғончилик-мунофиқликнинг учдан бир қисми сифатида баён қилинган: “Мунофиқнинг аломати учтадир: Гапирса, ёлғон гапиради, ваъда, берса, хилоф қилади, аҳд қилса, алдайди”.
Демак, ёлғончилик мунофиқликнинг биринчи ва етакчи сифатидир. Ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади. Албатта, ёлғончи ваъдасида турмайди, аҳдига вафо ҳам қилмайди. Оқибатда бундай одам тўлиқ мунофиқ бўлади. Мунофиқлик эса, кофирликдан ҳам ёмонроқдир. Мунофиқлар Қуръони Каримнинг таъбири билан айтганда, жаҳаннамнинг энг тўридан жой оладилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: Бир одам келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули! Дўзах амали нимадир?”, деб сўради. Расулуллоҳ: “Ёлғончликдир. Агар банда ёлғон гапирса, фожирлик қилади, фожирлик қилса, кофир бўлади, кофир бўлса, дўзахга киради”, деб жавоб бердилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онага яхшилик қилиш, умрни зиёда қилади. Ёлғон, ризқни қисқартиради. Дуо, қазони қайтаради”, деганлар. Ушбу ҳадисда ёлғоннинг бу дунёдаги зарарларидан бири-Ризқни камайтириш зикр қилиняпти. Демак, Аллоҳ Таоло ёлғончи шахснинг уйидан, корхона бошлиғининг корхонасидан, ёлғончи подшоҳнинг юртидан барокотни кўтаради, ризқларини қисқартириб қўяди.
Ёлғончилик туфайли инсонлар қалбига озор берилади, инсонлар орасига совуқлик тушади. Ёлғончилик жамият аъзолари ўртасидаги ишонч, ўзаро муносабат ва меҳр-оқибатни йўқолишига олиб келади. Инсон орасидаги меҳр оқибат йўқолиб, инсонлар бир-бирларидан узоқлашадилар. Ёлғончилик ҳамма халқларда қораланадиган ишлардандир.
Демак, бу дунёю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунёнинг азоб-уқубатидан, шармандачилигидан қутулмоқчи бўлсак, ёлғондан қутулишимиз зарур экан.
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аннотация: Мазкур мақолада мўғуллар истилоси даврида яшаган, ҳанафий фиқҳ ва мотуридий ақида йўналишининг етук вакилларидан бири бўлган аллома Абул Баракот ан-Насафийнинг илмий мероси ўрганилади. Унинг калом, фиқҳ ва тафсир соҳаларига оид муҳим асарлари, хусусан “Мадорик ат-Танзил ва Ҳақоиқ ат-Таъвил” номли тафсири алоҳида таҳлил қилинади. Ушбу тафсир асари ҳанафийлик ва аҳли сунна таълимотига асосланган бўлиб, унда Замахшарийнинг “Кашшоф” ва Байзовий тафсирларидан танлаб олинган жиҳатлар, аммо мўтазилий ёндашувлардан ҳоли услуб қўлланилган.
Муаллиф Қуръон оятларини фиқҳий, тилшунослик ва каломий жиҳатдан изоҳлаб, тафсирни мўътадил, ихчам, исроилийлардан пок ва илмий ёндашувга асосланган ҳолда ёзган. Шунингдек, мақолада Абул Баракот Насафийнинг бошқа машҳур асарлари ва уламолар томонидан берилган таърифлар ҳам баён этилган. Бу мақола тафсир илми ривожига қўшилган бой илмий меросни очиб бериш баробарида, ҳанафий тафсир мактабининг ўзига хос жиҳатларини ҳам ёритади.
Калит сўзлар: Абул Баракот ан-Насафий, Мадорик ат-Танзил, Тафсир ан-Насафий, ҳанафий мазҳаби, мотуридий ақида, тафсир илми, Кашшоф, Байзовий, аҳли сунна вал жамоа, фиқҳ, калом, Қуръон тафсири, мўғуллар даври, исроилият, қироатлар, тафсир услуби.
Насафдан етишиб чиққан улуғ олимлардан бири Абул Баракот Насафий ўзининг тафсир, фиқҳ, ақида соҳаларига оид асарлари билан машҳур бўлган. У туғилиб, яшаган пайт мўгуллар ҳукмронлиги даври бўлганлиги учун Мовароуннаҳрда илмий, маданий ва иқтисодий ҳолат таназзулга тушиб қолган эди. Шундай бўлишига қарамасдан Абул Баракот Насафий каби фидоий олимлар илмни жонлантиришга ва қайта тиклашга ҳаракат қилганлар. Абул Баракот Насафийнинг турли соҳалардаги асарлари;
“Ал-Мусаффо фи шарҳ ал-манзума ан-Насафия” (“ан-Насафий назмининг мусаффо шарҳи ”) – илми каломга оид;
“Ал-Мустасфо фи шарҳ ал-фиқҳ ан-нофи” (“Танланган фойдали фиқҳ шарҳи”) – ислом ҳуқуқшунослигига оид;
“Умдат ал-ақоид” (“Ақидалар асоси”) – калом илмига оид.
Абул Баракот Насафийнинг тафсир илми бўйича аҳли илм орасида “Тафсир ан-Насафий” номи билан машҳур бўлган ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ битилган “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” (Қуръон маънолари ва таъвил ҳақиқатлари) китоби бошқа асарлар орасида энг қимматлиларидан бири десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки бошқа тафсир китоблари орасида катта шуҳрат қозонган “Тафсир ан-Насафий” китоби дунё бўйича энг кенг тарқалган ҳанафий мазҳабига биноан ёзилган, ундаги оятлар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилгандир. Бу асарни ёзишда Насафий Замахшарийнинг “ал-Кашшоф ан ҳақоиқи-т танзил”, Байзовийнинг “Анворут-танзил ва асрорут-таъвил” ва бошқа тафсирлардан фойдаланган.
Аллома Лакнавий Абул Баракот Насафий 1310 йилда Бағдодга келгани, мударрислик қилгани ва шу ерда вафот қилганлини айтиб ўтган. 1310 йили раби ал-аввал ойининг жума куни кечаси Бағдодда вафот этган ҳамда Исфаҳон яқинидаги Изаж шаҳрида (Хузистон ва Исфаҳон оралиғида) дафн қилинган.
Қуйида ушбу буюк имом ҳақида баъзи уламоларнинг фикрлари келтирамиз: Имом Лакнавий уни шундай таърифлаган: “Комил имом, замонасининг зийрак олимларидан, фиқҳда асосий манбаларга амал қилган, ҳадис ва унинг маъноларида етук олим".
Имом Ибн Ҳажар уни “дунёнинг алломаси” деб атаган.
Ибн Камол Паша унинг юксак илмий мақоми ҳақида шундай деган: “У мутақаддим фақиҳлар ва муҳаққиқлар қаторида юқори мавқега эга бўлиб, заиф ва мавзуʼ ҳадисларни ўз асарларида келтирмаган, балки мустаҳкам далилларга таянган”.
Шунингдек, у шундай деган: “Ижтиҳод эшиги у киши билан ёпилган, ундан кейин ҳеч бир мазҳабда янги мужтаҳид келмаган”.
Абул Баракот Насафийнинг бир қатор асарлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади.
Насафий тафсири таърифи ва муаллифининг ундаги услуби.
Бу тафсирни Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ “Тафсирул Байзовий” ва Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирлаидан мухтасар қилиб олган. Лекин у Кашшофдаги мўтазила эътиқодидаги фикрларни ташлаб, Аҳли сунна вал Жамоа мазҳабига кўра таълиф қилган. Бу тафсир узун тафсирлар билан қисқа тафсирлар орасидаги ўртача тафсирдир. Бу тафсирда Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ қироат ва таркиб қоидалари ўртасидаги важҳларни жамлаган. Бунга Кашшофда келган балоғат қоидалари ва яширин нозик маъноларни кашф этишдан иборат бўлган бир қанча нарсаларни ҳам киритган.
Шу билан бирга, Замахшарий ўз тафсирида қўллаган савол ва жавобларни ҳам келтирган. Лекин имом Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг бу тафсирида оятларни асос қилиб олган. Шунинг учун “Кашшоф”нинг соҳиби сураларнинг фазилати ҳақида мавзуʼ ҳадисларни келтирганидек у киши мавзуʼ ҳадисларни келтирмаган.
Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ грамматик қоидаларга чуқур кирмай, балки енгил тўхталиб ўтган. Мутавотир етти қироатни лозим тутиб, ҳар бир қироатни ўз қорисига нисбатини берган. Ҳукм оятларнинг тафсирида фиқҳий мазҳабларга қисқача тўхталиб ўтган. Ҳар бир мазҳаб келтирган фикрларни қисқача баён қилиб, асосан, кўпинча ўзининг ҳанафий мазҳабини қўллаб-қувватлаган. Мазҳабига мухолиф келганларга раддиялар берган. Бу тафсирда Исроилиёт ривоятларининг зикри камдан-кам учрайди. Шунда ҳам бундай ривоятларни келтириб туриб, сўнгра рад қилади.
Дарҳақиқат, имом Насафий роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирининг аввалида қисқа бир иборани келтириб, унда ўзининг бу тафсирини ёзишдаги йўналиши ва услубини баён қилиб, жумладан, шундай дейди: “Тафсир илмида қироат ва таркиб важҳларини жамлаган, «Бадиʼ ва ишорат” илмининг нозик жиҳатларини ўз ичига олган, Аҳли суннат вал жамоатнинг сўзлари билан безалган, бидъат ва залолат аҳлининг ботил фикрларидан холи бўлган, малол келадиган даражада жуда узун бўлмаган ва халал берадиган даражада жуда қисқа бўлмаган, ўртача бир китобни ёздим».
Ҳамидуллаев Нўмонхон,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси.
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ