Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Апрел, 2025   |   18 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:42
Пешин
12:28
Аср
17:07
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
16 Апрел, 2025, 18 Шаввол, 1446
Янгиликлар

Ўзбекистон 2024 йилда Осиёнинг энг яхши сайёҳлик йўналиши сифатида тан олинди

05.12.2024   3181   2 min.
Ўзбекистон 2024 йилда Осиёнинг энг яхши сайёҳлик йўналиши сифатида тан олинди

Кеча Куала-Лумпур шаҳрида Малайзиянинг "Research House of Asia Media" медиа компанияси томонидан ўтказилган Осиё минтақаси мамлакатларида тадбиркорлик ҳамда туризмни ривожлантириш бўйича социологик ва маркетинг тадқиқотлари натижалари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Малайзия ҳукумати аъзолари, 20 дан ортиқ Осиё давлати вакиллари, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларининг етакчи ишбилармон доиралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Маросимда 2024 йилда "Осиёнинг энг яхши ўнталиги" ва "Малайзиянинг энг яхши ўнлиги" номинациялари бўйича эришган юксак ютуқлари учун мукофотлар топширилди.


"Йилнинг энг яхши йўналиши" номинациясида Ўзбекистон "Осиёда 2024 йилги энг яхши меъморий мерос саёҳати йўналиши" сифатида ғолиб деб топилди. Тегишли дипломни Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоевга Малайзия Қироли Султон Иброҳимнинг синглиси Мариам Заҳро топширди.


Мазкур нуфузли мукофот тақдимоти чоғида таъкидланганидек, Ўзбекистон ҳудудида ЮНЕСКОнинг бешта жаҳон маданий мерос объектлари мавжуд. Қайд этилишича, Ўзбекистон ўзининг миллий ўзига хослигини, кўплаб ислом маданияти ва меъморчилиги ёдгорликларини сақлаб қола олди. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлар ноёб тарихий обидалари билан мамлакат чегараларидан ташқарида ҳам жуда машҳур. Чунки, ушбу шаҳарлар тарихда Шарқнинг муҳим давлат ва илмий марказлари бўлган. Мазкур мукофот Ўзбекистон ҳукуматининг бутун дунёдан тобора кўпроқ сайёҳларни жалб этаётган тарихий обидаларни асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларининг эътирофидир.


"Top 10 of Asia"нинг бошқа номинацияларида Ливан (энг яхши миллий таомлар), Иордания (археологик мерос), Кувайт (барқарор ривожланиш), Индонезия (тез ривожланаётган бозор иқтисодиёти) ва Тожикистон (энг яхши табиий ресурслар) ғолиб бўлди.

 

"Research House of Asia Media" – бу Малайзиядаги энг йирик ноширлик уйларидан бири бўлиб, "The Top 10 of Asia", "The Top 10 of Malaysia", "The Top 10 of Indonesia", "The Top 10 of Singapore", "The Top 10 of Thailand" ва "The Top 10 of Lifestyle" каби инглиз тилидаги журналларига эгалик қилади. Журналлар ҳар ойда 10 минг нусхадан босилади. Улар Малайзия ва Жануби-Шарқий Осиёдаги етакчи китоб дўконлари, дипломатик корпус, меҳмонхоналар, савдо уюшмалари ва давлат идораларига тарқатилади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Матбуот хизмати
 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Самарқанддаги Регистон майдони дунёдаги энг гўзал 44 та жой қаторига киритилди.

16.04.2025   680   1 min.
Самарқанддаги Регистон майдони дунёдаги энг гўзал 44 та жой қаторига киритилди.

“TimeOut” журнали дунё бўйлаб тажрибали саёҳатчиларнинг фикрларини тўплаб, улар ташриф буюрган энг гўзал жойлар ҳақида сўзлаб берди. Натижада, сайёрамизнинг энг ажойиб гўшаларига йўл кўрсатувчи қўлланма сифатида фойдаланиш мумкин бўлган рўйхат тузилди.

 

Самарқандга ташриф буюрган саёҳатчилар Регистон майдонини шундай таърифлашади:

 

"Учта улуғвор иншоот билан ўралган кенг майдон - Регистон Самарқанднинг қадимий қалби, замонавий Ўзбекистондаги Ипак йўли шаҳрининг тимсоли ҳисобланади.

 

Регистоннинг ХВ-XVII асрларда қурилган учта мадрасаси равоқли пештоқлари, ялтироқ гумбазлари ва баланд миноралари билан манзарани тасвирлаб беради. Улар ғишт, кошин ва мозаикалардан ясалган геометрик нақшлар билан безатилган.

 

Бу бинолар улуғворлиги ва нафосат уйғунлигида, мафтункорлиги ва меҳмондўстлиги билан ажралиб туради. Қош қорайиши билан эса улар бутун гўзаллигини намоён этиб, нурга бурканадилар".

 

"ТимеОут" - Лондонда жойлашган халқаро компания бўлиб, дунёнинг 60 та шаҳрида кўнгилочар ва маданий ҳаёт ҳақида айнан шу номдаги ҳафталик журнални нашр этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари