Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июн, 2025   |   16 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
12 Июн, 2025, 16 Зулҳижжа, 1446

Махсига масҳ тортиш шартлари

06.12.2024   5690   16 min.
Махсига масҳ тортиш шартлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Махсига масҳ тортишлик суннат билан жоиздир.

عَنْ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ :” كُنْت مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فِي سَفَرٍ فَقَضَى حَاجَتَهُ ، ثُمَّ تَوَضَّأَ وَمَسَحَ عَلَى خُفَّيْهِ ، قُلْت : يَا رَسُولَ اللَّهِ ! أَنَسِيت ؟ قَالَ : “بَلْ أَنْتَ نَسِيت بِهَذَا أَمَرَنِي رَبِّي عَزَّ وَجَلَّ”. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُد .

Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдим. Қазои ҳажат қилдилар сўнг таҳорат олиб, икки маҳсиларига масҳ қилдилар. Мен: “Эй, Аллоҳнинг расули! Унутдингизми?” дедим. У зот: “Балки, сен эсдан чиқардинг, Роббим азза ва жалла мени шунга буюрди” дедилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

“Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир жуфт қора, содда махси ҳадя қилди. Бас у зот уларни кийдилар, таҳорат қилдилар ва масҳ тортдилар”.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

يمسح المقيم يوما و ليلة و المسافر ثلاثة ايّام و ليالها

“Муқим киши бир кеча-кундуз, мусофир киши эса уч кеча-кундуз масҳ тортади”, деганлар.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан етмиш киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқ кийимларига масҳ тортганларини кўришганлигини ривоят қилади”. Махсига масҳ тортишни жоиз эканлигини тасдиқлашлик аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодидандир. Шунинг учун Абу Ҳанифа Нўъмон ибни Собит раҳматуллоҳи алайҳи: “Кимда-ким махсига масҳ тортишни инкор қилса, унинг куфрга тушиш хавфи бор, чунки махсига масҳ тортишлик ҳақидаги ривоятлар маънан мутавотир даражага етган”. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Махсига масҳ тортишлик ривоятларига ўхшаш ривоятлар ҳатто Қуръон оятини насх қилиши мумкин”, деб айтдилар.

Исломда инсонлар учун осонлаштирилган амаллардан бири таҳоратда оёқни ювиш ўрнига оёқ кийимга, яъни махсига масҳ тортишдир. Аммо ғусл вожиб бўлган киши оёқ кийимини ечиб ювади. махси деб оёқнинг ошиғини беркитадиган оёқ кийимга айтилади. Оёқ кийими бўлган махсига масҳ тортиш шариатимизда жоиздир. У эркак ва аёл учун баробар, уларга хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ муқимликда қишин-ёзин масҳ тортишга рухсат этилади.

Махсига масҳ тортиш шартлари:

1-Оёқнинг ошиқларини беркитган бўлмоқлиги.

2-Оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси кўринадиган миқдорда йиртиқ бўлмаслиги.

3-Юрган вақтда оёқдан ечилиб кетадиган даражада бўлмаслиги.

4-Сув ўтмайдиган бўлиши. Бугунги кундаги пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмас.

5-Камида бир фарсах миқдордаги йўлни босиб ўтиши билан йиртилиб кетмаслиги. Бир фарсах тахминан 8 қилометрни ўз ичига олади.

6-Махсини тўла таҳоратли ҳолда кийган бўлмоқлиги ҳам шарт.

Масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқ учтаси миқдорича икки қадамнинг устига ҳам қўл билан силамоқликдир. Оёқнинг остига ё ёнларига масҳ тортиш дуруст эмас. Муғира розияллоҳу анҳу: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини икки махсилари устига қўйиб, оёқларининг бармоқларидан бошлаб, тўпиқнинг тепасигача бир марта чўзиб масҳ тортдилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг махсилари устида қолган чизиқларни ҳозир ҳам кўриб тургандекман”, дедилар. Бу масҳ тортишнинг суннат кўриниши.

Масҳнинг муддати таҳорат бузилган вақтдан бошланади. Муқим учун масҳ ториб юриш муддати юқоридаги пайтдан бошлаб бир кеча-кундуз, яъни йигирма тўрт соат, мусофир учун юқоридаги вақтдан бошлаб уч кеча-кундуз, яъни етмиш икки соат ҳисобланади. Мисол учун бир киши субҳда таҳорат олдида махсини кийди. Ва шу таҳорати пешинда синди. Демак, бунда у янги таҳорат қилади ва оёғига масҳ тортади. Ва кейинги куннинг пешин намозигача оёғига масҳ торта олади, агар мусофир бўлса, учинчи куннинг пешинигача масҳ тортиши мумкин.

Агар муқимнинг масҳ муддати тугамай сафарга чиқса, унинг масҳ тортиш муддати мусофирнинг масҳ тортиш муддатига айланади. Мусофир бир кун ўтиб уйига қайтса, махсини ечиб оёғини ювади. Чунки масҳ тортиш муддатнинг охирги вақтига қараб эътибор қилинади. ҳар таҳорат синганда янгидан масҳ тортилади. Масҳ тортмасдан ўқилган намоз қайтадан ўқилади.

Энди масҳни бузадиган амалларни санаб ўтамиз.

1-Таҳоратни бузувчи ҳар бир амал масҳни ҳам бузади.
2-Ғусл вожиб бўлган кишиларга жунуб, ҳайз ёки нифос ҳолатида масҳ тортиш дуруст эмас.
3-Бир қадамнинг аксар қисми махсининг тўпиққача бўлган еридан чиқиб кетса ҳам икки оёқ ечиб ювилади.

4- Масҳ муддати тугаса ҳам оёқ ечиб ювилади.

Бир махсидаги йиртиқлар жамланади. Лекин икки оёқни йиртиқлари жамланмайди. Бир оёқни махсисини ечилиши иккинчи ечилмаган махсини масҳини ҳам синдиради.

Махсини устидан кийилган журмуққа масҳ тортиш жоиздир. (Журмуқ — пайпоқ каби матодан тиқилган кийим). Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. Бунга имом Шофеъий розияллоҳу анҳу хилоф қилганлар. Лекин шарти журмуқ таҳорат бузилмасдан кийилган бўлиши шарт.

Яна жаврабга ҳам масҳ тортса бўлади, агар ўша жавраб сахин бўлса. “Сахин” деб пайпоқни ҳеч бир нарса билан боғламай ўз ҳолида қўйилганда тўпиқдан тушиб кетмаслигига айтилади. Лекин ҳозирги пайпоқларга масҳ тортиб бўлмайди. Саллага, қалпоққа, дўппига, рўмолга масҳ тортишлик жоиз эмас. Чунки буларни ечишда қийинчилик йўқ.

Жабирага (яъни, яра устидан боғланган латтага) масҳ тортишлик жоиздир, гарчи бетаҳорат ҳолда боғланган бўлса ҳам. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлар ҳам шундай қилиб, ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга ҳам шундай қилишни буюрганлар. Жабирага масҳ тортишда унинг кўпига масҳ тортиш кифоя қилади. Жабирага масҳ тортишликка таҳоратда ҳам, ғуслда ҳам рухсат берилади. Унинг масҳининг муддати йўқ. Агар жабира остидаги яра битмай тушиб кетса, масҳ бузилмайди. Агар яра битган бўлса, масҳ бузилиб, ювиш вожиб бўлади.

همام قَالَ: رَأَيْتُ جَرِيرًا رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ تَوَضَّأَ مِنَ الْمَطْهَرَةِ، ثُمَّ مَسَحَ عَلَى خُفَّيْهِ، فَقِيلَ لَهُ: أَتَمْسَحُ عَلَى خُفَّيْكَ؟ قَالَ: إِنِّي رَأَيْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَمْسَحُ عَلَى خُفَّيْهِ، فَكَانَ هَذَا الْحَدِيثُ يُعْجِبُ أَصْحَابَ عَبْدِ اللَّهِ، لأَنَّ إِسْلامَهُ كَانَ بَعْدَ نُزُولِ الْمَائِدَ.

Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Мен Жарир розияллоҳу анҳу таҳорат олинадиган идишдан таҳорат олганини, сўнг икки маҳсисига масҳ тортганини кўрдим. Шунда унга: “Икки маҳсинга масҳ тортасанми?” дейилди. У: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни икки маҳсиларига масҳ тортаётган ҳолларида кўрдим”, деди. Бу ҳадис Абдуллоҳнинг шерикларини хайратлантирар эди. Чунки, у Моида (6-оят) нози қилингандан кейин исломни қабул қилган эди”.

Имом Зайлаъий ушбу ҳадисни ўзининг “Насбур роя” китобида зикр қилиб, муҳаддислар наздида, ушбу ҳадис жуда мақбул эканини айтганлар.


Маҳсига масҳ тортишнинг ҳақиқати

Шаръий истилоҳда туфуқгача бўлган миқдорни беркитиб турадиган тери ёки тери каби нарсадан ясалган оёқда ўз холича тик турадиган, шаффоф бўлмаган ва сув ўтказмайдиган оёқ кийимга “хуфф” дейилади (Маъорифус сунан. Ж. I. Б. 321).

“Файзул борий”нинг соҳиби Анвар шоҳ Кашмирий: “Хуффнинг таржимаси мутлоқ пояфзал дегани эмасдир”, деганлар (Файзул борий. Ж. I. Б. 303).

Шариат истилоҳида мутлоқ пояфзалларга хуфф деб айтилмайди. Балки, тери ёки терига ўхшаш махсус шартлари топилган оёқ кийимга “хуфф” дейилади. Бирор муҳаддис ёки фақиҳ барча оёқ кийим “хуфф” бўлади деган эмаслар (Муҳаммад Руфъат Қосимий).

Араб тилида маҳси деб “хуфф”га айтилади. Ҳадисда “масаҳа аълал хуффайни” деб, “хуфф” сўзини иккиликда келтирган. Чунки, узурсиз фақат бир маҳсига масҳ тортиш жоиз эмас. Маҳсига араб тилида “хуфф” сўзини ишлатилиши маҳси тортувчига енгиллик бўлгани учундир. Чунки, “хуфф” “енгил” деган маънони англатади. Зеро, оёқни ювишга нисбатан, унга масҳ тортиш енгилроқдир. Аллоҳ таоло ушбу енгилликни Ўз пайғамбари орқали бандаларига билдирди. Бу енгиллик уммати Муҳаммадияга хос эканлиги айтиб ўтилган (Дуррул мухтор. Ж. III. Б. 32).


Маҳсига масҳ тортишнинг таърифи

“Масҳ”нинг луғавий маъноси қўл билан бирор нарсани силаш, артишга айтилади. Масалан, бир киши қўли билан бирор нарсани силаса, унга араб тилида “مسح عليه (масаҳа алайҳи – у фалон нарсани силади ёки артди)” ибораси ишлатилади.

الْمَسْحُ هُوَ الْإِصَابَةُ.

“Масҳ у (намликни) етказишдир” (Жавҳаратун наййира).

Масҳнинг шариатдаги истилоҳий маъноси:

والمسح على الخفّين : إصابة البلّة لخفّ مخصوصٍ في محل مخصوصٍ وزمن مخصوصٍ .

“Муайян вақтда, хос услуб билан махсус маҳсига намликни етказишдир” (Мавсуатул фиқҳия).

Маҳсига масҳ тортиш жоиз амалардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ва аёлларга муқимликда ҳам, сафарда ҳам маҳсиларига масҳ тортишга рухсат берганлар. “Рухсат” енгиллик ва осонликдан иборатдир.

Совуқ ўлкаларда ёки мавсумларда таҳоратда оёқларни ювиш машаққатдир. Шу боис Шориъ алайҳис салом ўз умматларига енгил бўлсин учун маҳсига маҳси тортишга буюрганлар. Албатта, бу уммат учун улкан шараф ва неъматдир. Бу орқали шахс уммати муҳаммадияликни даъво қилади. Ушбу неъматларни инкор қилган шахс нонкўр ва ношукур бўлиб қолмайдими?

“Ҳидоя”да кимки маҳсига масҳ тортишни инкор қилса, у бидъатчидир. Ким маҳсига масҳ тортса жоиз. Лекин, маҳсига масҳ тортиш ўрнига азимат (оёқ ювиш) амални қилса, ажр олади деб, ёзилган.

Одамлар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан аҳли сунна вал жамоа аломати ҳақида гапириб беришларини сўрадилар.

Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларни саҳобийлар орасида энг афзали деб тушуниш. Усмон ва Али розияллоҳу анҳумоларни яхши кўриш ва маҳсига масҳ тортишни жоиз деб билиш. Маҳсига масҳ тортишни инкор қилувчилар аҳли сунна вал жамоадан эмаслар”, деди (Туҳурул муслимийн. Б. 34).

“Икки маҳсига масҳ тортиш жоиз. Уни инкор қилиш фосиқлик. Лекин маҳсига масҳ тортишни инкор қилмай оёқларидан маҳсини ечиб, уни ювиш афзал. Агар маҳсига масҳ тортишни жоиз деб билмайдиган кишилар орасида бўлса, маҳсига масҳ тортиш афзалдир” (Имдодул муфтийн. Ж. I. Б. 204, Дуррул мухтор. Ж. I. Б. 243).


Маҳсига масҳ тортишнинг сири

Одатда таҳорат аъзолари тез-тез кир ва чанг бўлиб қолади. Шу боис уларни таҳоратда ювишга амр қилинган. Оёқга маҳси кийгандан кейин оёқ ботиний аъзога айланади. Араблар маҳси кийишни одатга айлантирган халқ ҳисобланади. Ҳар намозда уни ечиб, оёқни ювиш машаққат ва қийинчилик туғдиради. Шунинг учун маҳсини кийгандан кейин оёқ ювиш соқит бўлади. Маҳси устига масҳ тортиш оёқ ювишни эслатади. Масҳ оёқ ювишни бир намунасидир. Ундан бошқа бирор мақсад йўқ (Асрори шариъат. Ж. I. Б. 79).


Шариат нафсни бефарқ ўз ҳолига ташлаб қўймайди

Шариъат берилган рухсат (енгиллик) билан ибодати матлуба (азимат)ни эътиборсиз тарк қилиб қўймайди. Шу боис Шориъ маҳсига масҳ тортиш борасида учта нарсага эътибор қаратишни белгилаб қўйди.

Биринчиси, муқим (сафарга чиқмаган киши) учун маҳсига масҳ тортиш бир кун, мусофир учун уч кун деб белгиланди. Чунки бир кун ичида ҳар бир ишни тартибга солиш ва уни амалга ошириш мумкин. Зеро, бирор нарсани қилишни хоҳласангиз, уни бажариш учун ҳам муддат керак. Мусофирга уч кун деб белгиланиши машаққат ва таклиф тақсимотида муқим билан бир хил бўлиши учун.

Иккинчиси, маҳсини кияётган вақтда таҳоратли бўлиши талаб этилади. Токи, маҳси кийювчини дилида поклик нақш каби чизилиб, чанг ва ғубордан деярли ҳоли ҳолатда маҳси кийсин. Ушбу поклик билан қалб тасаллий топади.

Учинчиси, маҳсини устига масҳ тортилади, токи оёқни ювишни эслатиб турсин. Ҳазрати Али Каррамаллоҳу” важҳаҳу дедилар: “Шариъатга ақлни аралаштириш мумкин бўлганида, албатта ақл маҳсини устига масҳ тортгандан остига тортиш муносиб деб ҳукм чиқарган бўлар эди”.

Юқорида келган маълумотларга кўра, маҳси устига масҳ тортиш оёқни ювишни эслатиб туриш учундир. Маҳси остига масҳ тортилса, у ёқ бу ёқга юрилганда маҳсининг остки қисми нам бўлиб қолгани боис ифлос, чанг бўлиб қолади. Шу боис ҳам Шориъ маҳсини юқори қисмига масҳ тортишга амр қилди. Али Каррамаллоҳу важҳаҳу ўзларининг юқоридаги сўзлари орқали динга инсонлар таъсири ўтказишга уринмасин демоқчилар. Агар инсонлар динга таъсир ўтказишса, оми қатлам динни изидан чиқариб бузиб ташлайдилар (Ҳужжатуллолҳу болиға. Ж. I. Б. 280. Асрориш шариъа. Ж. I. Б. 80).

Маҳсига масҳ тортишда ақлга ўрин йўқ

وَأَخْبَرَنَا أَبُو عَلِيٍّ الرُّوذْبَارِيُّ ، أَخْبَرَنَا أَبُو بَكْرِ بْنُ دَاسَةَ ، حَدَّثَنَا أَبُو دَاوُدَ ، حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ الْعَلاءِ ، حَدَّثَنَا حَفْصُ بْنُ غِيَاثٍ ، عَنِ الأَعْمَشِ ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ ، عَنْ عَبْدِ خَيْرٍ ، عَنْ عَلِيٍّ ، قَالَ : لَوْ كَانَ الدِّينُ بِالرَّأْي لَكَانَ أَسْفَلُ الْخُفِّ أَوْلَى بِالْمَسْحِ مِنْ أَعْلاهُ ، وَقَدْ رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَمْسَحُ عَلَى ظَاهِرِ خُفَّيْهِ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Дин райга асосан бўлганида, албатта маҳсининг ости устидан маҳси тортишга авло бўлган бўлар эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни маҳсиларини устига масҳ тортаётганларини кўрдим” (Абу Довуд ривояти).

Шарҳ: Маҳси остига нажосат ва турли ғуборлар ёпишади. Шу боис ақл маҳси остини тозалашни ва унга масҳ тортишни амр қилади. Шариатга хоҳ омиларнинг ақли бўлсин хоҳ олимларнинг ақли бўлсин ҳеч қандай дахли йўқдир. Инсонлар Аллоҳ таоло ҳукмларини идрок қилишдан ожиздирлар. Шу боис ақиллий ва доно шахслар ақлларини четга қўйиб, шариатнинг барча кўрсатмаларига лаббай деб қулоқ тутишлари даркор.

Кофир ва худосизлар ўз ақилларига ҳаддан зиёд эрк бериб юборганлари учун тўғри йўлдан адашдилар. Натижада ақл яхши деб билган нарсаларнинг тузоғига тушиб қолдилар (Мазоҳиру ҳаққ. Ж. I. Б. 468).

Шиша, темир ёки тахтадан ясалган маҳсига масҳ тортиш дуруст эмас. Чунки, ушбу буюмлардан тайёрланган оёқ кийимни кийиб ҳотиржам, бирор такаллуфсиз юриш мумкин эмас (Дуррул мухтор. Ж. III. Б. I. 34, Оламгрия. Ж. I. Б. 65).

Алимардон Мир Аҳмад

Бошқа мақолалар
Мақолалар

«ЖОНЛИ» ва «ЖОНСИЗ» тарбия

10.06.2025   12119   46 min.
«ЖОНЛИ» ва «ЖОНСИЗ» тарбия

«ЖОНЛИ» ва «ЖОНСИЗ» тарбия

 

«Агар огоҳсан сен – шоҳсан сен.

Агар шоҳсан сен – огоҳсан сен»

 

«Авлиёларнинг авлиёси», «мутафаккирларнинг мутафаккири», «шоирларнинг султони» бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари нақадар чиройли таъриф берганлар ўз асарларида!

«Огоҳлик» cўзининг маъноларини бугунги замон шароитидан келиб чиқиб, янада кенг миқёсда тушунишимизга тўғри келади. Яъни, бугунги огоҳлик халқимиз, айниқса ёшлар қалбини, руҳиятини, ақл-идроки ва умуман маънавиятини жаҳонда юз бераётган мафкуравий йўналишдаги ошкора ва яширин таҳдидларнинг хатарларидан ва «оммавий маданият»нинг емирувчи таъсиридан муҳофаза қилишни ҳам ўз ичига олади.

Албатта, халқимиз, жумладан ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёти, санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди.

Бироқ Ғарбда дин ва одобга зид бўлган қарашларнинг кўпчиликка сингдирилиши оқибатида юзага келган «оммавий маданият» тушунчасини Ғарб зиёлиларининг ўзлари «Ғарбнинг муаммоси» сифатида баҳолаётганини ҳамда «оммавий маданият»нинг маънавий-ахлоқий тубанликларини ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.

 

«Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда».

 

Бу вазифа нафақат бирор вазифадор ёки бирор соҳадаги масъулларга белгиланган, балки ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН буюк вазифа, деб билмоғимиз лозим!

 

Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, ҳар хил оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю-кундуз тарқатаётган бир онда, айниқса бугун фарзандларимиз ўз-ўзлари билан ёлғиз қолиб 25 соат вақтларини телефон, компьютер билан машғул бўлиб, болаларимиз улар билан “банд” бўлиб қолганларида мазкур вазифалар, жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга ҳаво, балиққа сув зарурлигидай зарур бўлса керак...

 

Бугунги кунда тарбия ҳам, минг афсуслар бўлсинки, икки хил бўлиб қолди: 1) «жонсиз» тарбия ва 2) «жонли» тарбия.

 

1)    «ЖОНСИЗ» тарбия – бу интернет, компьютер, телефон, телевизор... Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, бу нарсалар ҳам кўп ёшларимизни, баъзи ўринларда сал каттароқларимизни ҳам тўғри йўлдан, ўз ота-оналари не-не машаққатлар чекиб ўргатган йўлдан, ота-боболаримиздан буюк ва беқиёс мерос бўлиб келаётган йўлдан оздириб ва адаштириб қўймокда...

Натижада, доно халқимиз мақолида «яхшини шарофати, ёмонни касофати» деб айтилганидек, ўзлари ҳам, оиласи ҳам, қариндошлари ҳам, қўшнилари ҳам, дўстлари ҳам, яқинлари ҳам, атрофдагилари ҳам сарсон бўлиб, уларнинг касофатлари яшаб турган маҳалласига ҳам, ишлаб турган ишхонасига ҳам, бутун эл-юртига ҳам етмоқда...

 

Бундай шаклдаги «жонсиз» тарбия:

ü доно халқимиз дунёқарашига ҳам,

ü миллатимиз менталитетига ҳам,

ü Қуръони каримнинг муборак ояти карималарига ҳам,

ü Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг муборак ҳадиси шарифларига ҳам,

ü динимиз кўрсатмаларига ҳам,

ü шариатимиз ҳукмларига ҳам,

ü уламоларимиз фатволарига ҳам,

ü давлатимиз қонунларига ҳам,

ü шарқона одобларимизга ҳам,

ü мазҳабимиз меъёрларига ҳам,

ü жамиятшунослик алоқаларига ҳам,

ü одамгарчилик муносабатларига ҳам,

ü инсоний туйғуларга ҳам,

ü руҳшунослик сир-асрорларига ҳам,

ü юртимиз урф-одатларига ҳам,

ü ўзбекчилик қоидаларига ҳам,

ü маданиятимиз ахлоқларига ҳам,

ü инсоний ақлга ҳам,

ü ахлоқий нормаларга ҳам,

ü доно мақолларимизга ҳам,

ü миллий анъаналаримизга ҳам,

ü диний қадриятларимизга ҳам,

ü халқимиз онг-тафаккурига ҳам,

ü мусулмончилигимиз асосларига ҳам,

ü Ислом динимиз тушунчаларига ҳам

ЗИД ЭКАНЛИГИНИ УНУТМАЙЛИК !!!

 

Хорижий телеканалларда нима намойиш этилса ёки интернетда нима тарғиб қилинса, барчасини қабул қилавериш асло мумкин эмас !!!

Биз улар орасидан имон-эътиқодимиз, анъанаю қадриятларимизга мос келадиганларинигина саралаб олмоғимиз шарт!

Бу мақсадга эса ёшларимизга телефон, телевидение, компьютер ва интернетдан оқилона фойдаланиш йўлларини ўргатиш, уларнинг мазкур ахборот манбаларидан фойдаланишларини назорат қилиб бориш орқалигина эришиш мумкин. Токи ҳали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор маънавиятига жиддий зарар етмасин!

Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, АҚШда жиноятчиларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экани маълум бўлган. Уларга ота-онасининг ажрашгани туфайли етказилган кучли руҳий зарба ўрта ёш, ҳатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.

 

2) «ЖОНЛИ» тарбия – бу:

улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган олтиндан қиммат ривоятлари ва ноёб ҳикматлари;

буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари;

меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари;

элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари;

жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар;

уйимизда фарзандларимизга ўзимиз бераётган таълим-тарбиямиз.

 

Бу «жонли» тарбиядаги маълумотлар эса маънавият ва маърифат йўналишига ҳамда тарбия соҳасига дахлдор ҳар бир инсон учун, ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН беқиёс энциклопедик манба бўлиб хизмат қилади.

 

Оиладаги бош – бобо ёки буви, ота ёки она ҳар куни, айниқса жума оқшоми, бозор оқшоми кунларида оилавий дастурхон атрофида ўтирганларида оиласининг ҳар бир аъзоларини исмларини номма-ном айтиб, ҳар бир ўғил-қизларини, ҳар бир келин-куёвларини, ҳар бир невара-чевараларини ҳақларига яхши тилаклар айтиб, яхши дуолар қилсалар – бу ҳам «жонли» тарбиянинг бир тури ҳисобланади.

Зеро бундай шаклдаги «жонли» тарбияни ҳаммаларимизнинг ота-боболаримиз, она-момоларимиз аввал-азалдан чин ихлос билан, соф эътиқод билан, гўзал намуна ва чиройли ибрат бўлиб, баркамол даражада бериб келишган. Шунда «менинг отам мени ҳақимга бундай дуо қилганлар», «менинг онам мени бундай бўлишимни Худодан сўрар эдилар» деган онги-шууридаги дастурхон атрофидаги сурат уни кўз олдида доим туради.

Дастурхон атрофида, оиласи ҳузурида айтилган ота-онасининг умидлари, орзулари уни бошқа ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилишга, ҳар куни қўл очиб Яратгандан сўраётган тилакларни эслаб, мазкур тилакларга мос келмайдиган ишлардан сақланишга ундайди.

 

Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавиятига давлатимиз раҳбари Муҳтарам Президентимиз ҳам: «Дуо қилган, дуо олган ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундай жойдан ҳеч қачон барака аримайди», деб яна қўшимча сифатида бизларга енгилмас куч қилиб бердилар.

Халқимизнинг миллий маънавияти, оилаларимизда амал қилинадиган тартиб-қоидалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир! Улар оила мустаҳкамлигини таъминлашда улкан пойдевор вазифасини ўтайди. Диёримизда миллий қадриятлар ва муборак динимизнинг эзгу таълимотлари асосида оилага доир қонун-қоидалар янада мукаммал қайта ишланди.

 

Жаноби ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз муборак ҳадиси-шарифларида марҳамат қиладилар: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар!».

Бу хусусда шоирларимизнинг ибратли сўзлари бор:

«Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,

Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор».

Оилада эрнинг мавқеи баландлиги, хотин ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларига эгалиги, фарзандларнинг ота-онани ҳурмат қилишларини олайлик. Кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу миллий ва диний қадриятларни бугун янада сайқаллаш кераклигини замон талаб этмоқда. Шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсирлари мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормоқда.

Шунинг учун барчамиз кўзимизни каттароқ очиб, зийраклик ва огоҳлик билан бундай ҳамлаларга қарши курашмоғимиз лозим.

Айниқса ҳозирда юртимиздаги мавжуд беҳисоб ҳамда турли фурсат ва имкониятлардан сермаъно, сермаҳсул, мазмунли ва унумли фойдаланиб,

 

ҲАР БИР ОТА, ҲАР БИР ОНА ЎЗ фарзандига:

 

одоб-ахлоқ намуналарини,

киндик қони тўкилган мислсиз Ватанига – ватанпарварлик ҳис-туйғуларини,

бобо-бувига – эҳтиром-ҳурматни,

ота-онага – меҳр ва итоаткорликни,

оила аъзоларига – раҳмдиллик ва меҳрибонликни,

ўз жуфт ҳалолига – ҳақиқий муҳаббат ва содиқликни,

қўни-қўшниларга – оқибат ва чиройли муносабатни,

қавм-қариндошларга – саховат-мурувватни,

синфдош-касбдошларга – чин дўстлик ва ёрдам беришни,

атрофдаги барча одамларга – инсонпарварлик ва самимийликни,

ҳайвон-парранда-ҳашаротларга – раҳм-шафқатни уқтириб, юқтириб, тушунтириб, сингдиришимиз –

ҲАМ БУРЧИМИЗ, ҲАМ ҚАРЗИМИЗ, ҲАМ ФАРЗИМИЗДИР!!!

 

ХУДОНИ ОЛДИДА ҳам, БАНДАСИНИ ОЛДИДА ҳам, ЮРТ-ХАЛҚИМИЗ ОЛДИДА ҳам!

 

Буларни ҳаммасини болаларимизга ўргатиш учун бизларга ҳеч қандай махсус олий маълумот ҳам, тегишли сертификат ҳам, ҳеч кандай қизил диплом ҳам керак эмас! Ёшларимизда бу жиҳатларини биз уйғотишимиз (!) керак холос. Зеро шу сифатларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг қонида бор, уларнинг хамиртурушларида бор! Зеро шу фазилатларнинг ҳаммаси болаларимизнинг ДНК ларида мавжуд! Чунки бу хусусиятларнинг барчаси бизларнинг ота-оналаримиздан авлоддан-авлодга, қон орқали ўтиб келаяпди! “Бунинг қонида бор-да ўзи!” деб ёки “олма пишса, тагига тушади” деб бежиздан-бежиз айтмайди доно халқимиз!

Кимнинг она-Ватанни севиш туйғуси кучли ва имон-эътиқоди мустаҳкам бўлса, ўзининг ўтмишини ҳурматлаб, яхши билса, «оммавий маданият» тузоғига тушиб қолмайди, дину давлатимизнинг “хақиқий дўстлари”нинг қармоғига илинмайди. Бунинг учун оилада ота-оналар фарзандлари билан миллий мусиқа, халқ қўшиқ-ашулаларимизни эшитишса, биргаликда китоб ўқишса, ўқиган асарларини биргаликда муҳокама қилишса, уларни турли спорт секцияларига ва мусиқа тўгаракларига жалб этишса, эришилган ютуқлари ва эгаллаётган тажрибаларига қизиқишса, илм-ҳунар ўрганишларида ҳамнафас бўлишса, ёшларнинг ёт ғоялар учун вақти ҳам, қизиқиши ҳам бўлмайди.

Илоҳо ўзларимизни ҳам,

фарзанд-зурриётларимизни ҳам

Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи буюрган,

Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган,

ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,

халқимиз хурсанд бўладиган,

ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

ЖИДДИЙ ЭЪТИБОР УЧУН ЖИДДИЙ МАСАЛА:

 

Не-не умидлар билан ўстираётган фарзандларимиз

динимиз қоидалари рухсат бермаган,

миллий анъаналаримиз ва маҳаллий урф-одатларимиз қайтарган

ҳамда давлатимиз қонунлари қоралаган

еб-ичиш маҳсулотларидан ЎТА ва ЎТА ЭҲТИЁТ бўлишлари

ва айниқса ҳозирги пайтда

айнан шу томонлардан "ҳужум" килаётган душманларимизга

кучли ва соф эътиқод билан қарши тураолишлари –

ўз динига, ўз халқига, ўз юртига ҳамда

ўз муқаддас оиласига садоқатли эканини

яққол белгиси бўлади!

 Иброҳимжон домла Иномов

Ибратли ҳикоялар