Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шайх Атийя Сақр раҳимаҳуллоҳ бу саволга қуйидаги жавоб берадилар: “Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг” (Аъроф сураси, 180-оят).
Бошқа оятда бундай дейилади: “Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир” (Исро сураси, 110-оят).
Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Банда Аллоҳга дуо қилганида, қанча кўп гўзал исмлари ила дуо қилса шунча яхши.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта – бир кам юзта исми бор. Ким уларни ихсо қилса (ёд олса), жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўради”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз ушбу хадисда келган “ихсо” калимасини факатгина ёдлаш эмас, балки “унинг маъноларини билиб, тафаккур килиш ва унга мувофиқ гўзал хулқ билан хулқланиш лозим”, деганлар.
Аллоҳ таолонинг шундай исмлари борки, ким улар билан дуо қилса дуоси ижобат қилинади, сўраса сўрови берилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ بِأَنِّي أَشْهَدُ أَنَّكَ أَنْتَ اللَّه لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ الأَحَدُ الصَّمَدُ الَّذِي لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُوًا أَحَدٌ
“Аллоҳим, Сендан ўзга ибодатга лойиқ Зот йўқлиги, Ўзинг яккаю ёлғизлигинг, беҳожатлигинг, туғмаган ва туғилмаган ва Сенга ҳеч бир нарса тенг келолмайдиган Зот – Аллоҳ эканингга иймон келтириб сўрайман” деяётганини эшитиб: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у билан дуо қилса, дуоси ижобат бўладиган ва у билан сўраса, бериладиган Аллоҳнинг улуғ исмлари билан сўради”, дедилар.
Ўқилиши: Аллоҳумма инний асалука бианний ашҳаду аннака анталлоҳу лаа илаҳа иллаа анта ал-аҳаду ас-сомаду аллазий лам ялид ва лам юлад ва лам якунлаҳу куфуван аҳад.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг Арафот майдонида қилган энг кўп дуолари:
لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
Ўқилиши: "Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду биядиҳил хойру ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр".
Маъноси: "Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк ҳам, барча мақтовлар ҳам Унга хосдир. Барча яхшиликлар Унинг қўлидадир. У ҳар бир нарсага қодирдир".
اللَّهُمَّ اجْعَل فى قَلبى نُوراً وفى صَدْرى نُوراً وفى سَمْعى نُوراً وفى بَصَرى نُوراً اللَّهُمَّ اشْرَحْ لى صَدْرِى ويَسِّرْ لى أَمْرى وأعُوذُ بِكَ مِنْ وَسْاوسِ الصَّدْرِ وشَتَات الأمْر وفِتْنةِ القَبْرِ اللَّهُمَّ إنى أعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ ما يَلِجُ فى اللَّيْل وشَرِّ ما يَلِجُ فى النَّهارِ وشَرِّ مَا تَهُبُّ بِهِ الرِّياحُ وشَرِّ بَوائِق الدَّهْر.
Ўқилиши: "Аллоҳумма, ижъал фии қолбий нурон ва фий содрий нурон ва фий самъий нурон ва фий басорий нурон. Аллоҳумма, ишроҳ лий содрий ва йассир лий амрий ва аъуузу бика мин васваасис-содри ва шатаатил-амри ва фитнатил-қобри. Аллоҳумма, инний аъуузу бика мин шарри маа йалижу фил-лайли ва шарри маа йалижу фин-наҳаари ва шарри маа таҳуббу биҳир-рийаааҳу ва шарри бавоиқид-даҳр" (Ғуниятун носик).
Маъноси: "Аллоҳим қалбимни, кўксимни, қулоқларимни ва кўзларимни нурга тўлдир. Аллоҳим! Қалбимни очгин, ҳар ишимни осон қилгин.Аллоҳим! Сендан кўксимдаги васвасалардан, ишларимнинг парокандалигидан, қабр фитнасидан паноҳ сўрайман.
Аллоҳим, тунда ва кундузи бўладиган нарсаларнинг ёмонлигидан, устидан шамол эсган нарсаларнинг ёмонлигидан, замона ҳалокатининг ёмонлигидан Ўзингдан паноҳ сўрайман".
“Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина ъазабан-нар”.
“Аллоҳумма аслиҳ ли динийаллазий ҳува ъисмати амри ва аслиҳ ли дунйаяллати фиҳа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фиҳа маъадий, важъалил ҳайата зийадаталли мин кулли хойрин, важаълил мавта роҳаталли мин кулли шаррин”.
“Аъузу биллаҳи мин жаҳдил балаи ва даркиш-шақои ва суъил қазои ва шатаматил аъдаи”.
“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил ъазийм”.
“Лаа илаҳа илла анта. Субҳанака инни кунту миназ-золимийн”.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалийил ъазийм”.
Даврон НУРМУҲАММАД