Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Май, 2025   |   26 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
04:57
Пешин
12:25
Аср
17:29
Шом
19:46
Хуфтон
21:19
Bismillah
24 Май, 2025, 26 Зулқаъда, 1446

Ихтилофчи бемазҳабларнинг иш услуби

07.12.2024   9170   14 min.
Ихтилофчи бемазҳабларнинг иш услуби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Афсус

Бизнинг доимий орзуимиз: мўмин-мусулмонлар орасида ихтилоф чиқмасин ва баъзи чиққан ихтилофлар ҳам тезроқ барҳам топсин.

Аммо ҳамма нарса ҳар доим биз орзу қилганимиздек бўлавермаслиги ҳам маълум...

Бир куни баъзи зиёратчиларнинг саволларига жавоб бериб, суҳбатлашиб ўтирган эдик. Уч киши киришга рухсат сўраётганларини айтишди. Суҳбатдошларнинг розилиги билан уларнинг ҳам киришларига изн бердим. Салом-аликдан сўнг уч кишининг етакчиси зиёрат баҳона ташаккур айтгани келганларини изҳор қилди ва «Ихтилофлар ҳақида» китоби учун самимий ташаккурлар айтиб, суҳбатининг якунида жумладан шундай деди:

«Бу китоб бизни ўйлантириб юрган кўпгина муаммоларни ечиб берди. Аллоҳ таоло кўпгина ихтилофларнинг барҳам топишига айнан шу китобни сабабчи қилди. Аммо Аллоҳнинг Ўзи ҳидоят бермаса, қийин экан. Баъзи бир одамлар ҳали ҳам тан берганлари йўқ. Жоҳилликларига ёпишиб олганларича юрибдилар. Биз ўшаларнинг катталаридан бирининг олдига бордик. «Оғайни, бизнинг бошимизни ёлғон-яшиқ билан айлантириб юрган экансизлар-ку?! «Ҳанафий мазҳабининг айтганларига Қуръон ва Суннатдан бирорта ҳам далил йўқ», дер эдингиз. Мана, кўринг, бу мазҳабнинг далилсиз гапи йўқ экан. Ҳар бир гапнинг Қуръондан ёки Суннатдан далили турибди», дедик. У эса ўзининг эски сафсатасини такрорлашдан нарига ўтмади. Шунда мен унга:

«Ҳозир-ку, мусиқа эшитиш ҳаром деб, «тиринг» этган товушни эшитмайсан. Аммо авваллари биргаликда эшитар эдик, эсингдами?» дедим.

«Ҳа, у вақтда жоҳилиятда эдик-да», деди.

«Нимада бўлсак ҳам маза қилиб эшитардинг, тўғри-ми?! Мен ҳозир сендан буни эмас, бошқа нарсани сўрамоқчиман. Айт-чи, мусиқанинг қанақасини эшитар эдинг?» дедим.

«Қўйсанг-чи, ўтиб кетган ишларни қўзғама», деди. «Сен айтмасанг, мен айтаман. Ўшанда ҳам сен чет элнинг мусиқасини эшитар эдинг. Ҳа, маъносини тушунмасанг ҳам, чет элникини излаб юриб, эшитардинг. Ўзимизники сенга ёқмас эди. Ҳозир ҳам ўша эски ҳолингдасан. Ислом ҳақидаги гапларнинг ҳам фақат чет элдан келгани сенга ёқади. Нималигини билмасанг ҳам, чет элдан келгани бўлса, бўлди», - деб айтдим унга».

Ўтирганларнинг барчаси унинг оқилона гапларини қўлладилар. Мен эса динимизни қунт билан ўрганиб бораверсак, ихтилофлар ўз-ўзидан барҳам топишини айтдим. Шу билан бирга, баъзи кишилар ихтилофнинг тузалмас хасталигига учраган бўлишади. Улар «хилоф қилсанг, таниласан» қоидасига биноан, танилиш учун хилоф қилишни ўзларига касб қилиб олишларини айтиб ўтдим. «Лекин мусулмонлар ундай нусҳаларни таниб оладилар ва гапларига қулоқ солмай қўядилар», дедим.

Худди мана шу тоифадаги ихтилофнинг тузалмас хасталигига учраган бемазҳаблар кейинчалик ҳам ўзларининг ихтилоф қилиш фаолиятларини давом эттиришди.


Ихтилофчиларнинг иш услуби

Мусулмонлар орасида турли ихтилофларни қўзғаётган бемазҳабларнинг фаолиятлари ҳам ўзига хос. Одатда ихтилофни қўзғаган шахс одамларга кўринмайди. Балки ўз одамини юбориб, «Фалончига мана бу саволни бер, у ундай деса, сен бундай дегин» қабилида гап ўргатади. Ҳалиги одам унинг айтганини қилиб, мусулмонлар ичида ихтилоф қўзғайди. Бу ҳолат бир эмас, бир неча кишидан, бир неча марта такрорланганидан кейин, ихтилоф тарқалиб, ўз кучини кўрсата бошлайди. Баъзи одамлар, биз шу пайгача нотўғри иш қилиб юрган эканмиз деб, ихтилофчига эргашади. Бошқалари шубҳага тушади. Учинчиси: «Шу пайтгача қилган ибодатимиз нима бўлди?» деб хафсаласи пир бўлади ва ҳоказо. Охири одамлар орасида ниҳоятда нохуш ҳолат юзага келади.

Бу пайтда ихтилофчиларнинг «мулла»си ўзининг югурдакларига яна бошқа бир ихтилофни ўргатиб, уларни кишилар ичига юборишга тайёрланаётган, югурдаклар эса ўзларига айтилгаи, ихтилоф қўзғаш учун тўқилган сафсатани тўтиқушдек такрорлашга ошиқаётган бўладилар. Аммо аста-секин уларнинг сирлари фош бўлиб, ҳақиқий башаралари кўпчилик ичида иамоён бўлмоқда.

Муҳтарам имом домлаларимиздан бирлари масжидда намозхонларга бир масалани баён қилибди. У кишининг олдига бир одам келиб: «Сиз хато қилдингиз, аслида бундай бўлади», дебди. Домла: «Бу гапни қаердан олдингиз?» деса, «Китобда бор», дебди. Имом домла: «Ўша китобни олиб келинг, ўқиб кўрайлик», дебди. Ҳалиги одам китобии олиб келиб, мазкур масала ёзилган жойини қўли билан кўрсатибди. Домла ўқиб кўрсалар, «Бу масалада мана бу гапни айтганлар ҳам бор», деб ихтилофчининг гапи келтирилган ва давомида: «Аммо гапнинг тўғриси бундай», деб домланинг гапи ёзилган экан. Домла: «Мана, мен айтган гап тўғри экан-ку», деб кўрсатсалар, ихтилофчи: «Мен ўқишни билмайман», дер эмиш. Араб тилини билмайдиган одам ўша тилдаги китобни кўтариб олиб, олим одам билан тортишгани келибди!

Кейинчалик маълум бўлишича, ихтилофчиларнинг «мулла»ларига ҳам кўрсатмалар чет элдаги хўжайинларидан келар экан. Бошқача қилиб айтадигаи бўлсак, дунё мусулмонлари орасида ихтилоф қўзиш ишлари халқаро марказдан бошқариб борилмокда. Эндиликда ихтилофчи бемазҳабларнинг «мулла»ларига марказдан факс, электрон почтада ёки интернет орқали кўрсатмалар келмоқда. Улар мазкур кўрсатмаларни таржима қилиб, югурдакларига беришмоқда. Югурдаклар ана шу таржималарни кўтариб олиб, мўмин-мусулмонлар ичида ихтилоф уруғини сочмоқдалар. Ушбу сатрларда зикр қилинаётган ихтилофлар нафақат Ўзбекистон, Ўрта Осиё ёки МДҲ давлатларида, балки бутун дунёда мусулмонларнинг бошини қотирмоқда. Турли нохушликларни келтириб чиқармоқда. Биз «ихтилофчилар» ва «бемазҳаблар» деб атаётган мухолифларимиз кимлар ўзи?


Ихтилофчи бемазҳаблар

Инсоф билан айтадиган бўлсак, ихтилоф билан ихтилофнинг фарқи бор. Одамлар орасида ихтилоф бўлиши турган гап. Жумладан, диний матнларни англашда ҳам ихтилоф бор ва бу табиий ҳолат. Аммо табиий ихтилофлар яхши ният ила уриниш оқибатида келиб чиқади ва яхшилик билан тугайди. Бунга саҳобаларнинг, олим тобеъинларнинг, жумладан, барча мусулмонларнинг эҳтиромига ва эътирофига сазовор бўлган тўрт фиқҳий мазҳабларнинг ихтилофи ёрқин мисолдир. Уларнинг ихтилофи ҳақиқат излаган мужтаҳидларнинг ҳақ йўлдаги ижтиҳоди ўлароқ уммат учун раҳматдир.

Аммо биз «ихтилофчи» деб атаётган кимсалар ихтилофни ўзларига касб қилиб олган шахслардир. Уларнинг уммат ичида ихтилоф чиқаришдан бошқа ташвишлари ҳам, ишлари ҳам йўқ. Улар мужтаҳидлик даражасининг яқинига ҳам бора олмайдилар, лекин даъволари оламни тутади. Ўзларидан бошқа барча мусулмонларни хатокорликда, залолатда, Қуръон ва Суннатни тарк қилишда айблайдилар. Уларнинг ихтилофчиликдан ҳам кўра кўзга яққол ташланиб турадиган белгилари бемазҳабликдир. Гарчи уларнинг ўзлари кўпчиликнинг орасида, танг ҳолда қолганларида, «Биз мазҳабни тан оламиз», десалар ҳам, аслида фаолиятлари бемазҳабликка асослангандир.

Улар Ислом уммати қадимдан ақийда ва фиқҳ масалаларида эргашиб келаётган мазҳабларни инкор қилиш билан бирга, ўзлари янги мазҳаб пайдо қилишга ўтганлар.

Албатта, улар таг-туги билан янги мазҳаб тузиш имконига эга эмаслар. Бор мазҳабдан кўп нарсани ўрганганлар, зотан, бусиз динимизни ўрганиш ҳам мушкул. Мисол учун, мазкур бемазҳаблар намозни ва бошқа барча ибодатларни мусулмонлар орасида қадимдан тарқалган фиқҳий мазҳаблардан бошқача тарзда тақдим қила олмайдилар. Балки ўзлари ҳам ушбу мазҳаблар асосида таълим олган бўладилар. Аммо кейинчалик, бемазҳаблик дардига чалинганларидан кейин бир-икки масалани рўкач қилиб, «Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида йўқ эди, биз мазҳаб эгаларининг айтганига эмас, Аллоҳ ва Расулнинг айтганига амал қилишимиз керак», деган гапни айта бошлайдилар. Бу гапга амал қилишда ўзлари намуна бўлишга уриниб, Қуръон ва Суннатдан ўзларича янги ҳукмлар чиқаришга ўтадилар ва хатоларга йўл қўйиб, ихтилофларга сабаб бўладилар. Тўғрироғи, эски бемазҳаблар бу борада хатоларга йўл қўйиб, ихтилофларга сабаб бўлганлар. Ҳозирги бемазҳабларнинг ўзлари бирон-бир гапни янгидан айтиш имконига эга эмаслар, эски бемазҳабларнинг гапларини такрорлашдан бошқага ярамайдилар. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, бемазҳаблар мусулмонлар оммасини ҳамма эътироф этган улуғ мужтаҳидлар асос солган мазҳабларни тарк этиб, мужтаҳидлик кўчасидан ҳам ўтмаган, қуруқ даъводан бошқа нарсаси йўқларнинг «бемазҳаблик» деган мазҳабига эргашишга мажбурламоқчи бўладилар.

Эътиборли уламоларнинг таъкидлашларича, бемазҳаблар Қуръони Карим ва Суннатдан шаръий ҳукмларни чиқаришда ўзларининг қадимги маслакдошлари бўлмиш «зохирийлик» мазҳабининг йўлини тутганлар.

 

Қуръон ва суннатдан шаръий ҳукмларни чиқариш усуллари

Ҳаммага маълумки, Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом инсониятни икки дунё саодатига бошлаш учун юборилгандир. Бу дин барча замонлар ва маконлар учун салоҳиятлидир. Унинг таълимотлари инсониятни икки дунё саодатига эриштириш учун маълум мақсадларни ва манфаатларни кўзлагандир. Ана ўша асосий мақсадларни юзага чиқаришда Қуръони Карим ва Суннат дастуруламалдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг Китобини ва Набий алайҳиссаломнинг суннатларини тушунишда ҳамда уларга амал қилишда мазкур асосий ва жавҳарий мақсадларнинг юзага чиқиши кўзланади. Ҳар бир ояти карима ва ҳадиси шарифнинг сабаби, моҳияти, мақсади ва турли далолатлари чуқур ўрганилади. Агар шариатнинг асосий мақсадлари бир тарафда қолиб, ҳар бир оят ёки ҳадисни алоҳида тушунишга ҳаракат қилинса, асосий мақсад ҳосил бўлмаслиги аён.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мансуб мўътабар тўрт мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазабларининг асосчилари ва уларнинг издошлари бўлган мужтаҳид уламолар юқорида айтиб ўтилган ва айтиб ўтилмаган бошқа нозик тарафларни эътиборга олиб ижтиҳод қилганлар ва диний матнлар – оят ҳамда ҳадислардан ҳукмларни чиқариш қоидаларини ишлаб чиққанлар. Фиқҳ илмидаги бу мислисиз уринишлар самараси ўлароқ «усулул фиқҳ» деб аталган буюк илмга асос солинган. Бу илмни билмаган одамнинг фиқҳ билан шуғулланиш имкони йўқлигини ундан хабардор кишиларгина билишади.

Усулул фиқҳ илмининг ҳақиқатидан бироз бўлсада хабардор бўлиш учун мазкур илм бўйича ёзилган китобларнинг биридан мужтаҳид бўлиш учун қўйилган шартлардан биттасигина – Аллоҳ таолонинг Китоби илми баён этилган жумлаларни мисол келтирамиз.

«...Қуйидаги олти илмни жамлаган инсон мужтаҳид бўлади:

1) Аллоҳ таолонинг Китоби илми;
2) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати илми;
3) Усулул фиқҳ илми;
4) Салафларнинг қавллари, ижмоъ ва ихтилофлари илми;
5) Луғат илми;
6) Қиёс илми.

Қуйида ана шу шартлар қисқача изоҳлаб ўтилади.

1. Биринчи шарт: Аллоҳ таолонинг Китоби илми.

Маълумки, Аллоҳ таолонинг «Китоби» деганда, албатта Қуръони Карим кўзда тутилади. Қуръони Карим Исломнинг дастури, асосий қонуни ҳисобланади. Ушбу асосий қонунни яхши билмаган одам мужтаҳид бўла олмайди. Бинобарин, ундай одам Ислом жамиятида олимлик ёки фақиҳлик даъвосини қила олмайди.

Демак, мужтаҳидлик ёки фақиҳлик даъвосини қилувчи киши Қуръони Каримда ворид бўлган шаръий аҳкомларни яхши билсин. Оятлардаги ҳар бир сўзнинг маъносини яхши билсин, улардан таркиб топган арабча жумлаларнинг маъносини яхши билсин. Уларнинг маънони ифода этишдаги хусусиятларини яхши билсин.

Шу билан бирга, фақатгина маънони билиб қолмасдан, ана шу сўзлар ва жумлаларнинг шаръий маъноларини ҳам яхши билсин. Уларнинг иллатини, сабабини ва нима учун улардан шаръий аҳкомлар чиқарилаётганини билсин.

Шунингдек, лафзнинг далолат қилиш тарафларини яхши билсин. Иборат юзасидан далолат қиляптими ёки ишорат юзасиданми, далолат юзасиданми ёки тақозо юзасиданми? Ҳукм мантуқдан олинадими ёки мафҳумданми? Лафзнинг оми бор, хоси бор, муштараки бор, мужмали бор, муфассали бор, муташобиҳи ва бошқалари бор. Буларнинг ҳаммасини жуда яхши билиш керак.

Аҳком оятлари кўп эмас. Уларни ибодат ҳақида келган оятлар, муомалот ҳақида келган оятлар, уқубат ҳақида келган оятлар, жазолар ҳақида келган оятлар ва оилавий аҳволлар тўғрисида келган оятлар каби қисмларга тақсимлаш ва мажмуаларини осонлик билан билиб олиш мумкин. Шу билан бирга, Ислом жамиятининг ўзидан бошқа жамиятлар билан ёки якка кишилар билан ичкарида ва ташқарида қиладиган муомалалари, алоқалари тўғрисидаги оятлар бўлади...»

Шундай қилиб, мусулмонларнинг фақиҳлари Қуръон ва Суннатни атрофлича, чуқур ва ҳар тарафдан ўрганиб чиқиб, бу ижтиҳодларининг самарасини умматга ўз дарслари ва китобларида осон йўл билан баён қилиб бердилар. Мусулмон уммати мужтаҳид фақиҳларнинг бундай хизматларини тўғри англаб етди ва уларни ўзининг имоми, яъни йўлбошчиси деб тан олди. Мазкур мужтаҳидлардан тўрттасининг – Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Ибн Ҳанбалнинг Қуръон ва Суннатдан ва бошқа эътироф қилинган манбалардан шаръий ҳукмларни чиқариш йўллари – мазҳаблари мўмин-мусулмонлар орасида кенг тарқалди. Уммат уларнинг тўртовини ҳам бирдек кўради. Мазкур тўрт мазҳабларнинг ижтиҳодидаги баъзи ихтилоф (хилма-хиллик)ни ўзи учун раҳмат деб билди. Ушбу мазҳаблар орасидаги айрим жузъий ихтилофлар жоиз деб иттифоқ қилинди ҳамда мужтаҳидларнинг мазкур ихтилофлари асосида низо чиқариш ҳаром деб эълон қилинди. Мана, бир минг тўрт юз йилга яқин вақт бўлибдики, мусулмонларнинг асосий оммаси фиқҳий масалаларда уларнинг ижтиҳодларидан фойдаланиб келмоқдалар, уларнинг ҳакларига дуолар қилмоқдалар.

Шу билан бирга, Қуръон ва Суннатни англаш ва улардан шаръий ҳукмларни чиқаришда юқорида айтиб ўтилган, умматнинг эътирофини қозонган мужтаҳидларнинг йўлидан бошқача йўл тутган оз сонли кишилар ҳам бўлган. Улар «зоҳирийлар» деб аталади.

Кейинги мавзулар:
Зоҳирийлик мазҳаби.

Бошқа мақолалар

Маккаи Мукарраманинг Қуръонда келган исмлари

23.05.2025   1262   5 min.
Маккаи Мукарраманинг Қуръонда келган исмлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Макка.

«Макка»нинг луғавий маъноси ҳалок этди, ноқис қилди, демакдир. Бу юртнинг Ҳарам деб номланишига сабаб — у гуноҳларни камайтиради ва уларни йўқ қилади ёки у ерда зулм қилган киши ҳалок этилади. Яъни, у зўравонларни ҳалок қилади, ғурурларини кетказади.


2. Бакка.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: «Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй Баккадаги уйдир» (Оли Имрон сураси, 96-оят).

«Бакка» сўзининг луғавий маъноси бузиш, ажратиш, бекор қилиш, ифтихорни рад қилиш, пасайтириш, бўйсундириш, деганидир. Макканинг Бакка деб номланиши у ерда одамларнинг издиҳом қилиб тўпланиши ёки Макка зўравонларининг бўйинларини эгиш маъноси борлиги сабабидандир. Зеро, Аллоҳ таоло зўравоннинг ғурурини синдирганидан кейингина у Маккани қасд қилади. Макка мутакаббирларининг ғурурини пасайтириш маъносидадир. Бакка деганда ирода қилинадиган жой ҳақида тўртта қавл бор:

- у Каъба жойлашган ўриннинг исмидир;

- у Байтуллоҳнинг атрофи, Макка ва унинг ёнидаги жойлардир;

- у масжид ва Байтуллоҳнинг номидир;

- Макка – ҳарамнинг ҳаммаси учун қўйилган исм. Албатта, Бакка – бу Макка деганидир. («Зод ал-Мусир фи илмит-тафсир», «Қомус ал-Муҳит»)


3. Уммул-Қуро.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:

«Бу (Қуръон) бир муборак, ўзидан олдинги китобларни тасдиқлайдиган, барча қишлоқларни (ва шаҳарларнинг) онаси – маркази бўлмиш (Макка аҳлини) ҳамда унинг атрофидаги кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун Ўзимиз нозил қилган Китобдир» (Анъом сураси, 92-оят).

Макка — қишлоқларнинг онаси. Унинг бундай деб номланиши ҳақида ҳам тўртта сўз бор:

- Ер Макканинг пастки қисмидан текисланган. У ернинг киндигида ва дунёнинг ўртасида жойлашгандир. Яъни, ер курраси сатҳидаги қуруқликдир. Маккаи Мукаррама атрофида ер юзи тартиб билан тақсимланган. Макка қуруқ ернинг маркази ҳамда ер курраси сатҳидаги барча шаҳарлардан намоз учун юзланиладиган томондир.

Илмий фалакиёт тадқиқотлари Маккаи Мукарраманинг кўксига бино этилган Каъба Ернинг марказида, деб исботлаган.

- У ер энг қадимий жойдир.

- Каъба барча одамлар юзланадиган қибладир.

- У обрў-эътибор жиҳатидан қишлоқларнинг энг буюгидир.


4. Ал-Балад.

Бу ерда «балад» сўзидан мақсад Маккадир.


5. Баладул амин.

Ибн Жавзий: «Бундаги шаҳар Маккаи Мукаррамадир. Жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам қўрқоқлар бу шаҳарда омон юришган», деганлар.


6. Балдату.

Ибн Жавзий: «У Макка шаҳри», деб айтганлар.


7. Ҳароман амина.

Бу шаҳар тарих мобайнида қандай дин ёки мазҳаб бўлишидан қатъи назар, тинч-осойишта бўлиб келган. У ерга фақат эҳромдагина кирилган. Агар бирор хавф етгудек бўлса, ўша тинч жойга қочиб киришган. Бу осойишталик нафақат инсон, балки ҳайвонот ва набототни ҳам ўз ичига олган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: «Албатта, бу шаҳар еру осмон халқ қилинганидан бери Аллоҳ у ерда (ҳайвон овлаш, ўсимликни пайҳонлашни) ҳаром қилган», деганлар.

То қиёмат кунигача Аллоҳ ҳаром этгани сабабли у ерда бирор тиканни узиш ёки овни ҳайдаб кетиш ҳаромдир.


8. Водин ғойри зий заръин.

Ибн Жавзийнинг айтишларича, «экин ўсмайдиган водий» Макка шаҳри бўлиб, у ерда экин ўсмайди, сув ҳам бўлмайди.


9. Маъад.

Ибн Аббос айтадилар: «Яъни, сизни Маккага, албатта, қайтаргувчидир».


10. Қоря.

Ибн Жавзий: «Қишлоқдан мурод, Макка шаҳридир», деганлар.


11. Масжидул Ҳаром.

Бундан тўрт маъно назарда тутилади:

- Каъба;

- Каъба ва унинг атрофидаги масжид;

- Макканинг жамики жойи;

Қатода: «Масжидул Ҳаром Маккадир», дедилар.

- Ҳарамнинг барча жойи;

Ибн Аббос ва Ато: «У Ҳарамнинг жамики еридир», дейишган.

«Макка, Каъба, Замзам тарихи, ҳаж ва умра маносиклари» китобидан.