Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا ذَكَرَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ يُخْدَعُ فِي الْبُيُوعِ، فَقَالَ: إِذَا بَايَعْتَ فَقُلْ لَا خِلَابَةَ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ وَالنَّسَائِيُّ.
وَزَادَ مُسْلِمٌ: فَكَانَ إِذَا بَايَعَ يَقُولُ: لَا خِيَابَةَ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдо-сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот алайҳиссалом: «Қачон савдо қиладиган бўлсанг, «Алдаш йўқ», дегин», дедилар (Учовлари ва Насаий ривоят қилганлар).
Муслим: «У олди-сотди қилса, «Алдаш йўқ» дер эди»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикри келаётган саҳобийнинг бошлари ёрилиб, бироз фикрлари ва тиллари оғир бўлиб қолган эди. Тутилиб гапирар ва олди-сотдида алданиб қолар эдилар. Ўзларининг бу ҳолларидан шикоят қилганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олди-сотдидан олдин савдолашаётган одамга «Алдаш йўқ», деб, огоҳлантириш бериб қўйишни тавсия қилдилар. Яъни, Ислом динида савдо-сотиқда бир-бирини алдаш йўқлигини эслатиб қўйишни ўргатдилар. Эҳтимол, шунда бошқа томон ўзига алдашни эп кўрмаслиги мумкин. Бундан савдо-сотиқда, молиявий муаммоларда бир-бирини алдаш ҳаром эканлиги яққол кўриниб турибди.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْحَلِفُ مُنْفَقَةٌ لِلسِّلْعَةِ مَمْحَقَةٌ لِلْبَرَكَةِ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.
وَلِمُسْلِمٍ: إِيَّاكُمْ وَكَثْرَةَ الْحَلِفِ فِي الْبَيْعِ فَإِنَّهُ يُنَفِّقُ ثُمَّ يَمْحَقُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», дедилар (Учовлари ривоят қилганлар).
Муслимнинг ривоятида: «Савдода кўп қасам ичишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки у ўтказади ва ўчиради», дейилган.
Шарҳ: Баъзи бир савдогарлар ўз молини ўтказиш учун ёлғон гапирадилар, ҳатто қасам ҳам ичадилар. Баъзи харидорлар унинг қасамига ишониб, молини сотиб олади. Ҳалиги савдогар савдоим юришди, деб хурсанд бўлади. Аслида эса ёлғон гапиргани, ёлғон қасам ичгани учун молининг баракаси ўчади. Пулининг миқдори кўпайганга ўхшагани билан баракаси бўлмайди. Фойдаси камаяди. Ҳатто бошқа томондан балолар ҳам етади. Шунинг учун савдогар ростгўй бўлиши керак, қасам ичиб, молини ўтказишга уринмаслиги лозим. Ростгўйлик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади. Эгасига юқади, фойда беради.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим бераётган барча дуоларнинг туб мақсади шуки, қай ҳолатда, қандай ишда машғул бўлсангиз ҳам, қалбингиз фақат Аллоҳ томонга қарасин. Бу қалбни Аллоҳ таоло Ўзи учун яратган. Кўз, қулоқ, тил ва бошқа аъзолар дунёвий ишлар учун, улар орқали дунёвий мақсадларга эришилади. Лекин қалбни Аллоҳ таоло холис Ўзи учун яратган. Токи, унда Аллоҳнинг тажаллийси (нури) бўлсин, Аллоҳнинг муҳаббати ила яшнасин, Аллоҳнинг зикри ила обод бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг афзал амал банданинг тили Аллоҳнинг зикри ила нам бўлишидир», дедилар.
Тилни Аллоҳ таоло қалбга тушадиган зина қилган. Тил билан зикр қилаверсанг, иншаАллоҳ, у зикр қалбга нақшланиб бораверади. Аллоҳ таолонинг ёди ва муҳаббати шу даражада жо бўлсинки, қалб Аллоҳ таолонинг тажаллийгоҳи (нури тушадиган жой) бўлсин. Тариқат, тасаввуф ва сулукнинг асл мақсади ҳам шудир.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан