Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оила қуриш ниятидаги эркак тараф ўзи учун никоҳи ҳаром ва совчилик қилиб бўлмайдиган шахсларни ажратиб олганидан кейин энг аввал муносиб келин ахтаришга киришади. Куёв тарафдан қизга совчи қўйилади. Ўша пайтда куёв, унинг ишбошилари ва совчилари келинликка номзоднинг қандай тарафларига эътибор беришлари керак? Бу саволга жавоб ахтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига мурожаат қиламиз. Зотан, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бир қанча ҳадиси шарифларида муносиб келин қандай бўлишини баён қилиб берганлар. Мазкур ҳадиси шарифларда келинликка номзоднинг қуйидаги сифатларига алоҳида эътибор бериш тавсия қилинган:
1. Диндорлик.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл тўрт (нарсаси) учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дийни учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Уйланишдан олдин келинликка номзоднинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша – никоҳига рағбат қилинадиган номзодда бўлиши лозим бўлган яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ҳақида сўз кетмоқда.
Агар ушбу тўрт сифат – мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизнинг зийнати бўлиб турса, албатта, яхши. Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилганда, улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларига яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайди.
Чунки молдорлик вақтинчалик сифатдир. Бир лаҳзада молу мулкдан ажраб қолганлар қанча. Агар келиннинг молига қизиқиб, унга уйланилса ва унинг моли бақосизлик қилиб, уни тарк этса, мазкура келинга қизиқиш қолмайди. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган ҳолатда бойлик кўпинча ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.
Ҳасабу насаби яхши келин, албатта, яхши келин бўлади. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота‑она, бобо-момолари яхши одамлар бўлса, жуда ҳам яхши, лекин улар ўз уйларида қоладилар, куёвникига келиннинг ўзи келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасабу насаби билан фахрланиб, куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.
Жамол ҳам ўз ҳолича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчидир. Маълум муддатдан кейин ҳар қандай инсоннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди. Агар келин ўзининг жамоли учун қизиқилаётганини билса, бу омилни куёвни ўзига мубтало қилиб, унинг устидан ҳукмронлик қилишга ишлатиши ҳеч гап эмас.
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом гўзал сифатдир. Бунинг устига диндорлик сифати вақт ўтиши билан зиёда бўладиган нодир сифатлардан биридир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади, оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келган, унинг тарбиясини олган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар, иншааллоҳ.
Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича оиладаги ўз бурч ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди.
Диндорлик ҳақиқий бойликдир!
Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир!
Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир!
Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз лозим.
2. Солиҳалик.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِنَّ الدُّنْيَا كُلَّهَا مَتَاعٌ، وَخَيْرُ مَتَاعِ الدُّنْيَا الْمَرْأَةُ الصَّالِحَةُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَمُسْلِمٌ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Дунёнинг ҳаммаси матоъдир ва дунёнинг энг яхши матоъи солиҳа аёлдир».
Насаий ва Муслим ривоят қилганлар.
«Матоъ» сўзи «баҳра олинадиган нарса» деган маънони билдиради.
Ушбу ҳадиси шарифда бу дунёдаги нарсаларнинг ҳаммаси ҳам «матоъ» экани, уларнинг ичида энг яхшиси солиҳа аёл экани ҳақида сўз кетмоқда. Бу билан аҳли солиҳ бўлиш жуда ҳам яхши экани, аёлларнинг ичида ҳам энг афзали солиҳаси бўлиши таъкидланмоқда.
«Солиҳ инсон» дегани шариат томонидан буюрилган амрларни бажариб, қайтариқлардан қайтадиган ва ўз ихтиёри ила қўшимча нафл амаллар қиладиган инсон деганидир.
Солиҳлик фасод ва ёмонликнинг тескарисидир.
Солиҳлик банданинг ҳилқатида ҳам, қиладиган амалида ҳам бўлади. «Сулҳ» сўзи ҳам «салоҳ»дан олинган бўлиб, кишилар орасидаги бузилган муомалаларни тузатиш маъносида ишлатилади.
Солиҳлик дунё ва охират ишларида яхши бўлишни англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёнинг энг яхши матоъи солиҳа аёлдир, деганлари айнан мана шу маъноларни ўз ичига олади.
Демак, келин танлаш вақтида келиннинг солиҳа бўлишига эътибор бериш керак. Бу эса, яратилишда ҳам, хулқу одоб ва бошқа сифатларда ҳам етук бўлишдир.
Келиннинг шариат кўрсатмаларини бажарибгина қолмай, нафл ибодат ва яхши амаллар ҳам қилиши ўзида солиҳаликни мужассам қилишига қараб бўлар экан.
3. Болага меҳрибон ва эрга риояли бўлиш.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: خَيْرُ نِسَاءٍ رَكِبْنَ الْإِبِلَ صَالِحُ نِسَاءِ قُرَيْشٍ أَحْنَاهُ عَلَى وَلَدٍ فِي صِغَرِهِ، وَأَرْعَاهُ عَلَى زَوْجٍ فِي ذَاتِ يَدِهِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Туя минган аёлларнинг энг яхшиси Қурайшнинг солиҳа аёлларидир. Болага кичиклигида энг шафқатлидир. Эрга унинг қўлидаги нарсаси хусусида энг риоялидир», – дедилар».
Икки Шайх ривоят қилганлар.
«Туя минган аёллар» деганда Арабистон ерларида яшайдиган араб аёллари кўзда тутилган. Ўша аёллар ичида Қурайш қабиласига мансуб аёллар энг яхши аёллар ҳисобланар экан. Уларнинг яхши ном олишларига сабаб эса, кичик болаларга ўта меҳрибонликлари ва эрларини ўта риоя қилишлари экан. Айниқса, улар эрларининг молу мулкларини яхшилаб муҳофаза қилишар экан.
Дарҳақиқат, бу сифатлар ҳар бир аёл учун ўта зарур сифатлардир. Ўз боласига меҳрибон бўлмаган, уни керагича авайлаб-асраб катта қилмайдиган аёлни ким ҳам яхши аёл дея олади. Ундай бемеҳр аёлнинг оиласида болалар меҳрсиз, одобсиз, ахлоқсиз бўлиб ўсадилар. Бу эса, оила учун, оила бошлиғи учун катта мусибатдир.
Шунингдек, эрининг риоясини қилмаган аёлдан қандай яхшилик кутиш мумкин? Хусусан, эрининг мол-мулкини муҳофаза қилмаган, авайлаб-асрамаган аёлдан бошқа яхшиликларни кутиш мумкинми?
Ушбу ҳадиси шарифдан ибрат олиб, келин танлаётган вақтда унинг уруғидаги аёлларнинг қариндош болаларга қандай қарашлари, эрларини қандай риоя қилишларига разм солиш, сўраб-суриштириш керак бўлади. Агар келин диндорлик, солиҳалик устига бу сифатларни ҳам ўзида мужассам қилган бўлса, у энг маъқул, муносиб келиндир.
4. Қиз бўлиши.
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: تَزَوَّجْتُ، فَقَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: مَا تَزَوَّجْتَ؟ فَقُلْتُ: ثَيِّبًا، فَقَالَ: مَا لَكَ وَلِلْعَذَارَى وَلِعَابِهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Уйландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Қандайига уйландинг?» дедилар.
«Жувонга», дедим.
«Бокира қиз олиб, у билан кўнгил ёзсанг бўлмасмиди?» дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадисдан бокира қизга уйланиш афзал экани келиб чиқади.
(давоми бор)
«Бахтиёр оила» китобидан
Ҳозирги кунда ислом жамиятида, дунё мусулмонлари, айниқса юртимиз мусулмонлари орасида фатво бериш, фатво чиқариш, фатво сўраш каби атамалар кўп ишлатилмоқда.
Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, шаръий масала ҳақида савол сўраган одамга далилга асосланган ҳолда жавоб беришдир.
Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган. У зотдан кейин саҳоба, тобеин ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланиб, бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда. Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво берилиши бу фарзи кифоя амал ҳисобланади.
Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Қуръон ва ҳадисга асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина фатво бериш ҳуқуқига эга.
Шундай бўлса-да, бирор-бир масалада ҳукм чиқариш зарур бўлиб қолса, аввало, мазҳаблар таълимотига таянилади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан муфтийлар томонидангина фатволар чиқарилиши мумкин.
Фатво бериш масъулияти. Исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади. Чунки фатвода Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш мақсад қилиниб, унда ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасидаги амаллар кўрсатиб берилади. Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ саллалллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради”.
Ҳақиқатан, Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар. Яъни воқеъликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан журъат билан фатво беришдан қайтарганлар.
Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан гоҳо элликта масала сўралганда биттасига ҳам жавоб бермаган пайтлари бўлган экан. Бунинг сабаби сўралганда, у зот: “Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин”, – деган эканлар.
Абу Алий аз-Зарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.
Юқорида келтириб ўтилган далиллардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш лозимки, фатво бериш ўта масъулиятли бўлганлиги жиҳатидан унга ҳамма ҳам журъат қилавермайди. Бунинг ортида жамият ва унда яшовчи шахслар учун ғоят хатарли зарарлар келиб чиқиш мумкин. Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни танлайди. Динда ҳам худди шундай. Аслида бу тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда баъзилар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ва ўзгаларни адаштирмоқда.
Баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари бўлган Робиа ибн Абдураҳмонни йиғлаган ҳолда кўриб, ундан бунинг сабабини сўрашганда, у зот кишилар диний-ҳуқуқий саволларни билими бўлмаган шахслардан сўрашаётганини кўрганлиги, бу ҳолат исломда катта хатар пайдо бўлганлигидан дарак беришини таъкидлаган эканлар.
Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсиз ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, жамоат олдида уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!
Хулоса қилиб айтганда, фатвонинг мусулмонлар ҳаётида ўрни муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашувга олиб боради. Бу каби салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ихтилофларнинг олдини олиш биринчи навбатда ислом марказлари ва уламоларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизни турли ихтилоф ва фитналардан асраб, барчамизни мамлакатимизда минг йиллардан бери амал қилиб келинаётган ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ ибодатларини адо этиб, завқли ҳаёт кечириш бахтига насиб этсин!