Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳаёт тарзингизни ҳеч кимга ошкор қилманг.
Сизга ҳасад қилиши мумкин, кимки уйингизга кўп марта кириб, унда нималар борлигини билган бўлса.
Ҳеч ким сизни уйингизни ўмара олмайди, фақат уйингизга кириб, ундаги маълумотга эга бўлган кишигина ўғрилай олади.
Ҳеч ким сизнинг режаларингизни барбод қила олмайди, фақат сиз унга сирларингизни ошкор қилган кимсагина барбод қила олади.
Сирингиз асирингиз, уни ошкор қилдингизми, бас сиз ўзингиз унинг асирига айланасиз.
Кимдир сизга ҳасад қилиб ножўя маслаҳат бериш орқали ҳам сизни режангизни барбод қилишга ҳаракат қилиши мумкин.
Ҳеч ким оилангизга фитна қила олмайди, фақат уйингизга кўп кириб юрган одамгина бу ишни қила олади.
Нуқсонларингизни ҳам фақат яқин таниш одамларингизгина билишади.
Ҳар кимнинг энг яқин кишиси бор. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам сирингизни сақланг. Ўзингиз сақлашга қодир бўлмаган нарсани, бошқалар сақлашини кутманг.
Мен бу ерда одамлар билан алоқани узиш керак демоқчи эмасман. Йўқ, балки ҳамма нарсада чегараларни белгилаб олиш кераклигини айтмоқчиман ва бу чегаралардан ўтмаслик керак. Ҳаётингизни ҳеч кимга ошкор қилманг, чунки одамлар қачон ўзгаради, билмайсиз.
Бир вақтлар қалбингизга ва руҳингизга энг яқин бўлган одамлар кейинчалик сиз энг кўп қўрқадиган одамларга айланиб қолишлари мумкин. Чунки сиз уларга қачонлардир ўзингизни, сирларингизни ва нуқсонларингизни ишониб топширгансиз.
Сирингиз сизнинг асирингиз бўлсин. Уйингиз сирли бўлсин ва оилангиз билан аралашиш учун ҳеч кимга рухсат берманг, қанчалик яқин қариндош бўлмасин. Уйингиз сирларини ҳеч кимга айтманг. Агар муваффақиятингизга ишончингиз комил бўлса, ҳеч кимдан маслаҳат сўраманг.
Хурсандчилик қалбингизга кирганида эга бўлган нарсаларингизни тарқатиб юборманг, ғазаб пайтида эса ўзингизнинг эга бўлган нарсаларингиздан воз кечиб юборманг. Ғазаб пайтида тилингизни тийинг, қувонч пайтида эса сахийлигингизни назорат қилинг. Узоқни ўйланг ва яқиндагига ўралашиб қолманг.
Шунчаки маслаҳат.
Ҳомиджон домла Ишматбеков
#Хатмона_2025 #Битирувчилар
Шу йил 11 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2021-2025 ўқув йилида таълим олган талабаларининг “Хатмона – 2025” битирув тадбири бўлиб ўтди.
Давлат мадҳияси янграгач, битирувчи курс талабаси Саидбурхон қори Фазлиддиновнинг Қуръон тиловати ва хайрли дуолари билан тадбир бошланди.
Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб битирувчиларни табриклади. Сўнг Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг битирувчиларга йўллаган табрикларини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов битирувчиларни табриклаб сўзга чиқди.
Шунингдек, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуровнинг битирувчиларга табрик сўзлари ҳам етказилди.
Маълумот ўрнида, Тошкент ислом институтини 2024-2025 ўқув йилида 78 нафар талаба тамомламоқда. Шундан 8 нафари аёл-қизлар саналади.
Oliymahad.uz