Cавол: Қуръони каримнинг ўн тўрт жойида сажда оятлари бор экан. Уларни ўқиган ёки эшитган киши тиловат саждаси қилиши вожиб бўлади, деб эшитдим. Сажда оятини ўқиса ёки эшитса, дарҳол тиловат саждасини қилиши шартми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сажда оятини намоздан ташқарида ўқиган ёки эшитган одам дарҳол сажда қилиши мандуб (яхши) бўлади. Лекин дарҳол қилиши вожиб эмас. Бу ҳақида бундай дейилган:
وَفِي الْغِيَاثِيَّةِ وَأَدَاؤُهَا لَيْسَ عَلَى الْفَوْرِ حَتَّى لَوْ أَدَّاهَا فِي أَيِّ وَقْتٍ كَانَ ، يَكُونُ مُؤَدِّيًا لَا قَاضِيًا ، كَذَا فِي التَّتَارْخَانِيَّة هَذَا فِي غَيْرِ الصَّلَاتِيَّةِ أَمَّا الصَّلَاتِيَّةُ إذَا أَخَّرَهَا حَتَّى طَالَتْ الْقِرَاءَةُ تَصِيرُ قَضَاءً وَيَأْثَمُ ، هَكَذَا فِي الْبَحْرِ الرَّائِقِ .
“Ғиёсийя китобида келтирилишича, тиловат саждаси дарҳол вожиб бўлмайди. Шунга кўра саждани қачон қилса ҳам, ўз вақтида қилган бўлади. Қазо бўлмайди (“Татархонийя”). Аммо бу ҳукм намоздан ташқаридаги саждага тегишли бўлиб, намозда сажда оятини ўқиса ва қироатни чўзиб, сажда қилмаса, қазога айланади ва гуноҳкор бўлади” (“Ал-Баҳр ар-Роиқ” китоби).
Лекин сажда оятини намозда ўқиса, ортидан тезда сажда ёки сажда нияти билан рукуъ қилиши лозим бўлади. Акс ҳолда яъни сажда оятидан кейин камида уч оятни ўқиб, қироатини давом эттирган бўлса, гуноҳкор бўлади ва тиловат саждасини қазоси вожиб бўлади. Яъни ушбу ҳолатда сажда нияти билан рукуъ қилса ўтмайди.
وَلَوْ لَمْ يَرْكَعْ وَلَمْ يَسْجُدْ وَأَتَمَّ السُّورَةَ ثُمَّ رَكَعَ وَنَوَى السَّجْدَةَ لَا يُجْزِيهِ وَلَا يَسْقُطُ عَنْهُ بِالرُّكُوعِ وَعَلَيْهِ قَضَاؤُهَا بِالسُّجُودِ مَا دَامَ فِي الصَّلَاةِ وَذَكَرَ الشَّيْخُ الْإِمَامُ الْمَعْرُوفُ بِخُوَاهَرْ زَادَهْ أَنَّهُ إذَا قَرَأَ بَعْدَ آيَةِ السَّجْدَةِ ثَلَاثَ آيَاتٍ يَنْقَطِعُ الْفَوْرُ وَلَا يَنُوبُ الرُّكُوعُ عَنْ السَّجْدَةِ
“Агар сажда оятини ўқиганидан кейиноқ руку ёки сажда қилмаса ва сурани охиригача ўқиса, руку қилиш сажда ўрнига ўтмайди ва руку қилиши туфайли зиммасидан сажда қилиш соқит бўлмайди. Шунинг учун унинг зиммасига модомики намозда бўлса, сажданинг қазоси вожиб бўлади. Шайх Имом Хоҳарзода роҳимаҳуллоҳ дедилар: “Агар сажда оятидан кейин уч оят ўқиган бўлса, руку қилиш сажда ўрнига ўтмайди” (“Фатовои Оламгирийя” китоби).
Демак, намоз асносида ўқилган сажда оятидан кейин дарҳол сажда қилиш вожиб. Намозда сажда оятидан кейин икки оятгача ўқишга рухсат бор, аммо уч оятга етса, саждани кечиктирган бўлади.
Намоздан ташқарида сажда ояти ўқилса ё эшитилса, гарчи тиловат саждасини кечиктиришга рухсат бўлсада, уни дарҳол адо қилиш афзалдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бу фазилатли кунни Аллоҳ таоло мусулмонларга насиб айлади. Парвардигор ҳар жума куни олти юз минг кишини дўзахдан озод қилади.
Жума куни вафот этган бандага шаҳидлик ажри берилиши, Аллоҳ таоло уни қабр азобидан сақлаши ҳақида ҳадислар келтирилган.
Жума куни айтилган салавотнинг савоби беҳаддир.
Жума намози Исро кечасида фарз бўлган, лекин мусулмонларнинг сони кам бўлгани сабабли ҳижратга қадар ўқилмаган.
Жума намози Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубода бўлган пайтларида фарз бўлди.
У зот алайҳиссалом Қубода бир ҳафта турдилар, сўнг Мадина томон отландилар.
Илк жума намозини Мадинаи Мунавварадан бир мил узоқликдаги Нақийъул Хазимот деган жойда Бану Солим ибн Авфнинг маҳалласида ўқидилар. Ҳозир ўша ерда «Жума» масжиди қурилган.
Исломдан олдин жума кунини «аруба» деб аташган. Унинг яна бир номи – «явмул мазийд», яъни хайру баракот зиёда қилиб бериладиган кун.
Шунингдек, жума кечаси ҳафтанинг бошқа кечаларидан афзал ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизга жума айёмини муборак этсин! Бу муқаддас кунлардаги ибодат ва дуоларимизни даргоҳида холис қабул айласин!
"Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар" китобидан