2024 йил 10 декабрь куни навбатдаги сайёр йиғилиш Самарқанд туманида ташкил қилинди. Тумандаги мавжуд 6 та масжид имом-хатиблари ва имом-ноиблари ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари тумандаги 18 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилаларга ташриф буюрди.
Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Самарқанд туманидаги 6 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Тинчлик-энг олий неьмат”, “Қўшничилик ҳақлари”, “Неъматларга шукроналик”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлайлик”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва шу каби бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.
Вилоят вакиллиги мутахассиси Х.Темиров Самарқанд туманидаги “Хўжа Ахрори валий” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллолари ва отинойилари билан фаолиятларини янада жадаллаштириш, маҳалла муллоларининг никоҳларни ўқимаслиги, маҳалла муллолари ва оитнойилар учун хафтанинг ҳар Шанба куни МФЙ раислари ҳамда фаоллари билан ҳамкорликда аҳоли билан ишлаш куни этиб белгилаш, уларнинг аҳоли билан “Сабр тоқат”, “Иймон эътиқод”, “Ибо ҳаё”, “Аёллар ўртасида ичкиликнинг олдини олиш”, “Таълим тарбия”, “Бидъат-хурофот”, “Ажримларнинг олдини олиш”, “Ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик” ва “Жиноятчиликнинг олдини олиш” каби кўпроқ маърифий суҳбатлар ташкил қилиш ҳамда соҳа ходимларининг аввало ўзлари халққа намуна бўла олишлари борасида давра суҳбати ўтказди. Шундан сўнг, Ҳ.Темиров ва Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби З.Маҳмудовлар мазкур масжидда жамоат билан Пешин намозини адо қилдилар ва намоздан сўнг Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби З.Маҳмудов жамоатга “Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишлик” мавзусида мазмунли маъруза қилиб бердилар.
Мазкур тадбирлардан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Самарқанд туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, туманда диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар ва намозхонлар томонидан қилинаётган шикоятлар муҳокама қилинди. Мазкур йиғилишга вилоят вакиллиги мутахассиси Х.Темиров ва туман бош имом-хатиби Б.Шарипов бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунингдек, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳолининг муаммоларини янада чуқурроқ ўрганиб, уларни бартараф этиш, улар билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:
– Ҳалиям уйланмадингми?
– Йўқ, – деди у.
– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?
– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...
– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..
– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.
Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:
“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:
– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:
– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...
Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ