Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Банда Аллоҳ таолони зикр қилиш билан кўз тегишидан ўзини сақлаши мумкин. Фотиҳа, оятул курси, ихлос, муаввизатайн яъни фалақ ва нос сураларини ўқиб юриш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган дуоларни қилиш тавсия этилади. У зот алайҳиссалом аввало ўзларига, сўнгра Ҳасан ва Ҳусайн набираларига:
أعِيذُكُمَا بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّةِ مِنْ كُلِّ شَيْطَانٍ وَهَامَّةٍ وَمِنْ كُلِّ عَيْنٍ لاَمَّةٍ
“Уъийзукума бикалиматиллаҳит таммати мин кулли шайтонин ва ҳаммаҳ ва мин кулли ъайнин ламмаҳ”, дуосини ўқиб: “Бу дуо отангиз Исмоил ва Исҳоқ алайҳимуссаломнинг паноҳ тилайдиган дуолари”, деб айтар эдилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ сура ва дуоларни ўқиб юришга одатланса, одамларнинг ёмон кўз ва назарларидан ҳимояланган бўлади.
Шуни унутмангки! Ҳар бир инсоннинг ўзи билмаган ҳолда бошқаларга кўзи тегиши мумкин. Чунки фақат “Машаа Аллоҳ” ёки “Баракаллоҳ” деганлардан бошқа ҳар бир инсоннинг кўзи тегиб қолади. Ҳатто ўз яқинингизга ҳам ўзингиз билмаган ҳолда кўзингиз тегиш мумкин.
Шунинг учун, банда ўзини ҳайртага соладиган бирор нарсани кўриб қолганида “Машаа Аллоҳ” ёки “Баракаллоҳ” деб Аллоҳ таолони зикр қилишни унутмаслиги лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Боғингга кирганингда: “Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада қувват йўқ”, десайдинг» (Каҳф сураси, 39-оят).
Ҳатто бир одам ўзининг боғига кирганида боғнинг чиройлигидан ҳайратланиб “Маша Аллоҳ” дейишни унутса, ўзига-ўзи зиён етказиб қўяди. Шунинг учун ҳар бир инсон ўзида, оиласида ёки бирор нарсада уни ҳайратга соладиган ишни кўрганида “Маша Аллоҳ”, “Баракаллоҳ” деб айтишни эсдан чиқармаслиги лозим.
Кўз тегишидан сақланишнинг йўлларидан бири бу – банда кўз тегиши ва одамларнинг ҳасадига дучор бўлмаслик учун имкон қадар диққатни жалб қиладиган ишлардан ўзини сақлаши лозим.
Шунингдек, ҳаддан ташқари кўз тегишидан қўрқавермаслик, ҳамма нарсадан шубҳа қилавермаслик, шайтоннинг васвасаларига учмаслик керак. Ҳар бир ишнинг ўз мезони бор. Бунинг учун кўз тегишига буткул беътибор, бепарво бўлмаслик ва ҳаддан ташқари шайтоннинг васвасасига учиб, чуқур кетмаслик даркор.
Кўз тегишини муолажа қилишнинг икки йўли бор
Биринчиси, агар сизга кимнинг кўзи текканини билсангиз кўзи теккан одам таҳорат олиши лозим. Юқоридаги ривоятда келганидек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Омир ибн Робиъага таҳорат қилишни буюрганлар. Кейин Омир қўллари, тирсаклари, тиззалари, оёқ атрофлари ва изорининг ичини ювиб, сўнг ўша ювинган сувини Саҳлнинг устидан қуйган. Шунда Саҳл ибн Ҳунайф ҳеч қандай зарар кўрмагандек юриб кетган.
Демак, банда кимнинг кўзи текканини билса, ундан таҳорат олишини сўраши лозим экан. Шунда сўралувчи асло ғазабланмаслиги, “Йўқ, мен сенга ҳасад қилмаганман, менинг кўзим тегмайди” деб айтмаслиги керак. Чунки баъзан инсон ўзи билмаган ҳолда, ҳатто, ҳасад қилмаганида ҳам кўзи тегиши мумкин.
Иккинчи йўл – агар кимнинг кўзи текканини билмасангиз, унда фотиҳа, оятул курси, ихлос ва муаввизатайн сураларини қайта-қайта ўқиш керак.
Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Бемор бўлдингизми?” деб сўраганида у зот алайҳиссалом: “Ҳа”, деганлар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Бисмиллаҳи урқийка. Мин кулли шайьин юъзийка. Мин шарри кулли нафсин ав айнин ҳасидин Аллоҳу яшфийка. Бисмиллаҳи урқийка”, деб айтганлар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Бу Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлган вақтларида шифо сўраб қилган дуоларидир. Бундан ташқари уламолар бемор бўлганда Қуръони каримдаги ушбу оятларни ўқишни тавсия қилганлар:
“Сўнг такрор-такрор назар сол, назар сенга истаганини топа олмай, ҳориб-чарчаган ҳолда қайтадир” (Мулк сураси, 4-оят).
“Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва, албатта, у жиннидур, дерлар. Ҳолбуки, у бутун оламларга эслатмадан ўзга нарса эмас” (Қалам сураси, 51-52-оятлар).
Аслида Қуръони каримнинг ҳар бир ояти мўминлар учун шифодир. Лекин юқоридаги оятлар айнан кўз тегиши билан боғлиқ касалликларни даволашда самарали саналади. Уларни ҳар инсон ўзига, фарзандларига ўқиб юриши лозим.
Шу ўринда бир муҳим масалага ҳам тўхталиб ўтсак. Инсон асло фолбин, коҳин, сеҳргар, аррофнинг олдига бормаслиги шарт. Чунки улар Аллоҳ таоло ва Унинг Расули қайтарган амалларни қиладилар. Уларга ишониш оғир гуноҳдир. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига боришдан қаттиқ қайтарганлар.
Тонгги ва тунги зикрларни қилишни ҳам унутманг. Чунки бу кўз тегишидан сақланишнинг энг самарали йўлларидан биридир.
Аллоҳ таолодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашимизга, у зотнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ беришини, ёмон кўздан, ҳасадчиларнинг ҳасадидан, инсон ва жинларнинг ёмонлигидан асрашини сўраймиз.
Даврон НУРМУҲАММАД
Оила – инсон ҳаётидаги маънавий суянч, ижтимоий тартиб, насл давомийлигини таъминловчи қўрғон ва меҳр-муҳаббат масканидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Бу оят оила қуришнинг илоҳий ҳикматга эга эканини, эр-хотин муносабатида муҳаббат ва меҳр-шафқат асосий омил бўлишини англатади.
Ислом никоҳни фақат шахсий хоҳиш эмас, балки маънавий, ахлоқий ва ижтимоий мажбурият сифатида қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадисга кўра, никоҳ мусулмон ҳаётидаги ибодат ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари нафсни ҳалол йўл билан қондириш, наслий поклик, фарзанд тарбияси ва жамият барқарорлигини таъминлашдир.
Исломда эр ва хотиннинг вазифалари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Аллоҳ таоло эркакни масъулиятли раҳбар, аёлни эса оила мустаҳкамлигини таъминловчи қилиб яратган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркак аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар бор. Муфассир уламолар, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятларни қайд этишган: пайғамбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оиланинг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш кабилар.
Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, аёл киши эрига нисбатан итоатли, ҳамиятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши жуда матлуб ишдир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Эркак оила бошлиғи сифатида адолатли, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши керак. У ўз аёли ва фарзандларининг эҳтиёжларини таъминлаб, уларни тўғри йўлга бошлаши лозим.
Хотиннинг вазифалари – оилада соғлом муҳит яратиш, эрга итоат ва унинг шаънини асраш. У оила тинчлиги ва фаровонлиги учун интилиши, эрига вафодор бўлиб, фарзандлар тарбиясида фидойилик кўрсатиши лозим.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз” (Бақара сураси, 187-оят).
Бу оят никоҳдаги жуфтларнинг бир-бирига муҳтожлиги ва улар ўртасидаги яқинликни таърифлайди.
Никоҳ фақатгина икки инсоннинг эмас, балки оилалар ва жамиятнинг ҳам масъулиятидир. Кўп ҳолларда ота-оналар, қариндошлар ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши никоҳнинг мустаҳкамлигида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда кўпчилик оилавий муаммолар учинчи томонларнинг (қайнона-қайнота, яқинлар, дўстлар) чуқур ва номуносиб аралашуви оқибатида келиб чиқмоқда. Ҳар бир инсон ўзига тегишли чегарани билиши зарур.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Ота-оналар, қариндошлар – ёшлар ҳаётига раҳбар сифатида керакли маслаҳат берадилар, аммо уларнинг шахсий муносабатларига бефарқ ёки ортиқча аралашиш – оилавий муҳитни бузиши, ўртадаги муҳаббатни сўндириши мумкин.
Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик бўлиб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади.
Кечира олиш – гўзал фазилат, динимизда мақталган сифатлардан. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан.
Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини кўриши керак. Бир томоннинг ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, катта можароларнинг олдини олади.
Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят имом-хатиблари, отинойилари 838 та ана шундай низоми оилани яраштиришиб, ёшларнинг бахтли ҳаёт кечиришига сабабчи бўлдилар.
Хулоса шуки, Ислом оилага юксак мақом берган, уни жамиятнинг юраги деб баҳолаган. Биз оят ва ҳадислар асосида шу муқаддас неъматни асраш, мустаҳкамлаш ва ёшларга тўғри етказиш йўлида жиддий ҳаракат қилишимиз керак.
Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 5-сонидан олинди