Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Май, 2025   |   28 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:16
Қуёш
04:56
Пешин
12:25
Аср
17:30
Шом
19:48
Хуфтон
21:21
Bismillah
26 Май, 2025, 28 Зулқаъда, 1446

Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлсангиз

12.12.2024   4103   3 min.
Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлсангиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Инсон ҳаёти давомида жамиятдан ажралиб кун кечира олмайди. Атрофдагилар билан турли ижтимоий алоқалар ўрнатади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам оила, маҳалла ва жамият ичида бўлади. Табиийки, ҳаёти давомида унинг атрофдагиларга нисбатан ҳуқуқ ва бурчлари пайдо бўлади. Мана шундай ҳуқуқлардан бири қўшничилик ҳаққи бўлиб, унга динимизда алоҳида эътибор берилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилиш ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка буюрганидан кейин, бир қанча тоифаларга яхшилик қилишга буюради. Ўша кишилар ичида қўшнилар ҳам зикр қилинган. Ояти каримада бундай дейилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчига ва қўл остингиздагиларга ҳам яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси 36-оят).

Гоҳида қўшниларнинг ҳолидан ғафлатда қоламиз, уларни ҳолидан хабар олмаймиз, ваҳоланки, энг аввало улар учун бизнинг зиммамизда бир қанча ҳақлар бор: кўрганда салом бериш; маслаҳат сўраса, тўғрисини айтиш; акса урса, жавоб қайтариш; касал бўлса, зиёрат қилиш; вафот этса, жанозасига қатнашиш ва ҳоказолар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин!” (Имом Муслим ривояти).

Қўшнилар ўртасидаги яхшиликнинг бир кўриниши – ҳайитларда, қувончли кунлар ва муносиб вақтларда ўзаро ҳадя алмашишдир. Муҳими – қўшнининг ҳадяси нима бўлса ҳам, уни кам кўрмаслик керак бўлади.

Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўрадилар: “Икки қўшнимнинг қайси бирига ҳадя берай?” У Зот алайҳиссалом: “Эшиги яқинига”, дедилар – Имом Бухорий ривояти. Бу билан ён қўшнининг ҳаққи ўзгаларникидан кўпроқ бўлишини эслатиб қўйдилар.

Ўзаро таом улашиш ҳам қўшнига яхшилик қилишдандир. Абу Зарр разияллоҳу анҳу айтадилар: “Суюкли Пайғамбарим менга буюрганлар: “Шўрва қайнатсангиз, сувини кўпайтиринг, сўнгра қўшниларингиз аҳлига қараб, яхшилик-саховат билан ундан сузиб беринг” (Имом Муслим ривояти).

Ўзига тўқ қўшнилар ҳеч қачон қийналган қўшниларни эътиборсиз ташлаб қўймаслиги керак. Қўшнилар зарурий таом ва кийим кечак каби нарсаларга муҳтож бўлиб қолишса, албатта, уларга ёрдам қўлини чўзиш зарур.

Мусибат бўлган хонадон аҳлини қариндош ва қўшнилар таом билан йўқлаши ҳам – динимиздаги гўзал суннатлардандир. Жаъфар разияллоҳу анҳу вафот этганларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Жаъфарнинг оиласига таом тайёрланглар, уларнинг бошига машғул қилувчи оғир иш тушди” (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳозирда айрим қўшнилар орасида ер-жой ёки бошқа масалалардаги ўзаро талашишлар оқибатида юзага келаётган хунук оқибатлар динимиз таълимотларига мутлақо зиддир. Бундай хижолатли ишларга барҳам бериш учун қўшнилар ўзаро келишув, ҳурмат, олийжаноблик ва диёнат билан иш тутишлари керак. Шунда Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўладилар, ризқларига баракот киради, ҳаётлари маъноли ва мазмунли кечади.

Аллоҳ таоло барчамизга чиройли қўшничилик алоқаларини ўрнатиш ва қўшнилар билан тинч-тотув, аҳил яшашни насиб айласин!

Кенжабой  Солиев,
Тошкент ислом институти Модуль таълим тизими талабаси.

 

Бошқа мақолалар

Аллоҳ таоло қалбни Ўзи учун яратган

23.05.2025   3228   1 min.
Аллоҳ таоло қалбни Ўзи учун яратган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим бераётган барча дуоларнинг туб мақсади шуки, қай ҳолатда, қандай ишда машғул бўлсангиз ҳам, қалбингиз фақат Аллоҳ томонга қарасин. Бу қалбни Аллоҳ таоло Ўзи учун яратган. Кўз, қулоқ, тил ва бошқа аъзолар дунёвий ишлар учун, улар орқали дунёвий мақсадларга эришилади. Лекин қалбни Аллоҳ таоло холис Ўзи учун яратган. Токи, унда Аллоҳнинг тажаллийси (нури) бўлсин, Аллоҳнинг муҳаббати ила яшнасин, Аллоҳнинг зикри ила обод бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг афзал амал банданинг тили Аллоҳнинг зикри ила нам бўлишидир», дедилар.

Тилни Аллоҳ таоло қалбга тушадиган зина қилган. Тил билан зикр қилаверсанг, иншаАллоҳ, у зикр қалбга нақшланиб бораверади. Аллоҳ таолонинг ёди ва муҳаббати шу даражада жо бўлсинки, қалб Аллоҳ таолонинг тажаллийгоҳи (нури тушадиган жой) бўлсин. Тариқат, тасаввуф ва сулукнинг асл мақсади ҳам шудир.

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан