Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Май, 2025   |   26 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
04:57
Пешин
12:25
Аср
17:29
Шом
19:46
Хуфтон
21:19
Bismillah
24 Май, 2025, 26 Зулқаъда, 1446

Бир дақиқа вақтингизни ажратинг

12.12.2024   4505   4 min.
Бир дақиқа вақтингизни ажратинг
Бир дақиқа ичида «Субҳоналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» калимасини 18 марта айтиш мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу  анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳоналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дейишим мен учун қуёш чиқиб, нур сочганидан яхшироқдир, дедилар (Имом Муслим ривояти)
 

Бир дақиқада «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни 100 марта айтиш мумкин.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда буни айтган кишининг гуноҳлари денгиз кўпигичалик бўлса-да, кечириб юборилиши айтилади.
 

Бир дақиқада «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ»ни 40 мартадан кўпроқ айтиш мумкин.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Жаннат хазиналаридан бирини сенга айтайми?" дедилар. Мен: "Ҳа, айтинг, Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам" дедим. Шунда у зот алайҳиссалом: "Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳни айт, у жаннат хазиналаридандир", дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
 

Бир дақиқада «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни 50 мартагача айтиш мумкин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Зикрларнинг афзали Лаа илаҳа иллаллоҳдир", дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Бир дақиқада «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи ъадада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи»ни 15 мартадан кўпроқ айтиш мумкин.

Жувайрия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталаб субҳ намози пайтида унинг ҳузуридан чиқиб кетдилар. У намоз ўқийдиган хонасида эди. Сўнгра зуҳо намозини ўқиб бўлиб қайтиб келсалар, Жувайрия розияллоҳу анҳо ҳали ҳам ўтирган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чиқиб кетганимдан бери шу ҳолатда ўтирибсанми?” деб сўрадилар. Онамиз розияллоҳу анҳо: “Ҳа”, дея жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мен сендан кейин тўртта калимани уч мартадан айтдим, агар улар тарозида ўлчанса, сен бугун айтган нарсалардан оғир келади. Улар: "Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи ъадада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината ъаршиҳи ва мидада калиматиҳи", дедилар (Имом Муслим ривояти).
 

Бир дақиқада 50 маротабага яқин салавот айтиш мумкин.

Кўп салавот айтиш орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил бўлиш мумкин. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким менга салавот айтса, фаришталар унга ҳам менга айт­ган салавотининг баробарида салавот айтиб турадилар. Банда салавотни хоҳласа, оз айт­син, хоҳласа кўп”, деганларини эшитдим».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва ўнта хатосини ўчиради”, деганлар.
 

Бир дақиқа ичида «Астағфируллоҳ»ни 100 мартадан ортиқ айтса бўлади.


Умримизнинг ҳар бир дақиқаси қадрли. Дақиқаларнигина эмас, сонияларни ҳам ўз фойдамизга ҳал этишнинг жуда осон йўли чин ихлосдадир.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Бошқа мақолалар

Аллоҳ таоло қалбни Ўзи учун яратган

23.05.2025   1871   1 min.
Аллоҳ таоло қалбни Ўзи учун яратган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим бераётган барча дуоларнинг туб мақсади шуки, қай ҳолатда, қандай ишда машғул бўлсангиз ҳам, қалбингиз фақат Аллоҳ томонга қарасин. Бу қалбни Аллоҳ таоло Ўзи учун яратган. Кўз, қулоқ, тил ва бошқа аъзолар дунёвий ишлар учун, улар орқали дунёвий мақсадларга эришилади. Лекин қалбни Аллоҳ таоло холис Ўзи учун яратган. Токи, унда Аллоҳнинг тажаллийси (нури) бўлсин, Аллоҳнинг муҳаббати ила яшнасин, Аллоҳнинг зикри ила обод бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг афзал амал банданинг тили Аллоҳнинг зикри ила нам бўлишидир», дедилар.

Тилни Аллоҳ таоло қалбга тушадиган зина қилган. Тил билан зикр қилаверсанг, иншаАллоҳ, у зикр қалбга нақшланиб бораверади. Аллоҳ таолонинг ёди ва муҳаббати шу даражада жо бўлсинки, қалб Аллоҳ таолонинг тажаллийгоҳи (нури тушадиган жой) бўлсин. Тариқат, тасаввуф ва сулукнинг асл мақсади ҳам шудир.

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан