Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Банда бир гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Гуноҳни тарк қилиб, истиғфор айтса, тавба қилса, қалби тозаланади. Лекин гуноҳни яна қилаверса, ўша нуқта кўпайиб, охири қалбини қоплаб олади. Мана шу – «Йўқ! Қилган қилмишлари қалбига моғор бўлиб ўрнашиб қолган" деган оятдаги «моғор»дир» (Мутоффифун сураси, 14-оят).
Ҳар бир гуноҳ туфайли инсоннинг қалбида қора доғ қолади. Бу доғ инсонни маҳзун қилади, юрагини сиқади, дилини хира қилади. Ана шу доғ ҳам, ундан пайдо бўлган қайғу ҳам фақат гуноҳдан тийилиб, тавба қилганимиздагина йўқолади. Аксинча, гуноҳлар кўпаяверса, қалбдаги қора доғлар каттариб, ташвишлар кучайиб бораверади. Охири бориб, ҳаётнинг лаззатини унутиб, боши берк кўчага кириб қоламиз. Қайғу эса тўпланиб, кучайиб бораверади. Охир-оқибат ҳаётимиз рангсиз бўлиб қолади. Ҳар бир ибодат ўша ибодатни қилган одамни бахтли қилганидек, ҳар бир гуноҳ уни қилган кимсанинг юрагини сиқаверади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда бундай деганлар: «Яхшилик қилган одамнинг юзига зиё, қалбига нур, ризқига кенглик, жисмига қувват ато этилади, инсонлар қалбида унга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади. Ёмонлик қилган кимсанинг эса юзига қаролик, қалбига зулмат, жисмига ҳорғинлик, ризқига кемтиклик етади, инсонлар қалбида унга нисбатан нафрат пайдо бўлади».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Мишарий Харроз раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Нолияпсанми?
Ҳовли-жойинг торлик қиляптими?
Ёки яшашинг ва турмушингдаги мушкулотлар кўпми?
Ёки уйингдаги эҳтиёжларинг тез тугаб қоляптими?
Ёки оиланг, рўзғорингда етишмовчилик бўляптими?
У ҳолда сенга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиган қуйидаги дуоларини далолат қиламан. Уни тажриба қилиб кўриб, шахсий ҳаётимда ажиб таъсирини кўрганман: “Аллоҳуммағфирлий занбий, ва вассиъ лий фий дарий, ва барик лий фий ризқий!” (Роббим, гуноҳларимни кечир. Ҳовлимни кенг қил ва ризқимга барака бер).
Бунга риоя қиларкансан, тез орада уйингдаги ҳолатни ўзгаришини кўрасан, иншааллоҳ!”.