Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят қилинади:
Мадинада бир ногирон киши бор эди. У яқинларига: “Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга борадиган йўлга қўйинглар”, деди. Ногирон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига қўйилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидга борсалар, унга салом берар эдилар.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. У зот алайҳиссаломнинг олдиларига биров келиб, ногирон кишининг вафот этганини етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар, биз ҳам у зот билан бирга турдик. Кулбага яқинлашганларида, саҳобаларига: “Мендан бошқа бирор киши кулбага яқинлашмасин!” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга яқин келдилар. У ерда Жаброил алайҳиссалом ногирон кишининг бошида ўтирган эди. Жаброил алайҳиссалом: “Ё Аллоҳнинг Расули! Агар Сиз келмаганингизда, ўрнингизга унинг (марҳумнинг ювиш) ишини биз бажарар эдик. Аммо сиз келдингиз ва бунга сиз ҳақлироқсиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, ўз қўллари билан уни ювдилар, кафанладилар ва унга жаноза ўқиб, қабрга қўйдилар”.
Даврон НУРМУҲАММАД
Абд Ибн Ҳумайд Кешийнинг "Муснади Кеший" асаридан.
Имкониятни қўлдан бой берманг! Жумага эрта борганга туя қурбонлик қилганнинг савоби берилади...
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачонки, жума куни бўлса, масжиднинг эшикларидан ҳар бир эшикда фаришталар туради ва келганни ёзадилар. Қачонки имом келса, саҳифаларни ёпиб, зикрни тинглашга келурлар. Эрта борувчи худди туя қурбонлик қилган кабидир.
Сўнгра, худди қорамол қурбонлик қилган каби.
Сўнгра, худди қўчқор қурбонлик қилган каби.
Сўнгра, худди товуқ қурбонлик қилган каби.
Сўнгра, худди тухум қурбонлик қилган каби", дедилар.